Cарлавҳани ўқибоқ хулоса чиқаришга шошадиган ўқувчиларга аввал-бошданоқ таъкидлаб қўйсак: мавзунинг қабул имтиҳонларига мутлақо алоқаси йўқ! Аксинча, гап ўқишга бўлган истак ва ижтимоий имконият номутаносиблиги ҳақида.
Хабарингиз бор, жорий йилда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Айни даргоҳларга ҳадемай бошланажак ўқув йили учун ҳужжат қабул қилиш ва ҳатто саралаш имтиҳонлари аллақачон якунига етди. Эртами-индин натижалар ҳам эълон қилинади.
Шунинг баробарида халқ таълими тизимида айни пайтгача фаолият кўрсатиб келган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар – ДИМИларга янги ўқув йили учун ҳужжатлар қабул қилинмади. Улар ҳозирда таҳсил олаётган ўқувчилар мазкур муассасаларнинг 11-синфини тамомлаб олгунларига қадар фаолият кўрсатади ва босқичма-босқич тугатилади. Ўрнини эса, юқорида қайд этилган ихтисослаштирилган мактаблар тўлдириб боради.
Албатта, энди келажак билимлиларники. Давлат раҳбари қайд этганидек, нажот – таълимда, тарбияда, билимда. Шу маънода катта мақсадларни кўзлаб ташкил этилаётган янги таълим муассасаларининг маориф соҳасида кескин бурилиш ясашига шак-шубҳа йўқ.
Бироқ айни даргоҳлар ўқишга ҳавасманд ўғил-қизларнинг барчасига ҳам тенг имкониятлар яратмаётгандек гўё. Айни муаммо эса янги мактабларда узоқдан келиб ўқийдиганлар учун ётоқхоналар кўзда тутилмагани билан боғлиқ.
Биласиз, мамлакатнинг деярли ҳамма туманларида аввалига гимназия-интернат, кейинчалик ДИМИ кўринишида фаолият олиб борган муассасаларнинг қарийб барчасида ётоқхоналар мавжуд эди. Бу эса олис қишлоқларда яшовчи ўқувчиларга ҳам қулай шароит яратиб, мактаб-интернат қошидаги ётоқхонада қолиб таҳсил олишлари учун имкон берар эди.
Эндиликда-чи?
Масалан, бу йил Андижон вилоятида агентлик тизимида 13 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Шундан биттаси – Андижон шаҳрида иш бошлайдиган муассаса мактаб-интернат шаклида очилди. Яъни мазкур даргоҳда ўқувчилар ётоқхонаси фаолият кўрсатади, қолган 12 та муассасада эса бундай имконият йўқ. Шу билан бирга, Булоқбоши, Жалақудуқ, Пахтаобод туманларида мазкур турдаги мактаблар ташкил этилмади.
Энди ўйлайлик: чекка қишлоқда яшовчи иқтисодий аҳволи ҳаминқадар бир оиланинг имтиҳонларни аъло баҳога топширишга қодир билимдон, иқтидорли фарзанди бўлса-ю, аммо унинг ота-онаси ўзи яшаётган ёки қўшни тумандаги ихтисослаштирилган мактабга қатнаб ўқишига шароит яратиб беролмаса, адолатсизлик эмасми? Шу кунгача ишлаб келган мактаб-интернатларда айнан ётоқхоналар фаолият кўрсатгани учун олис маҳаллаларда яшовчи камбағал оилаларнинг зукко ўғил-қизлари ҳам ўқиш имконига эга бўлиб, кейинчалик катта марраларни эгаллаганига атрофда юзлаб мисоллар бор.
Мисол учун, янги мактаб очилган Андижон тумани маркази – Куйганёр шаҳарчаси шу ҳудуддаги Орол қишлоғидан камида 25 километр узоқда жойлашган. Ёки Балиқчи туманининг чекка Ўрмонбек қишлоғида фаолият бошлаётган айни турдаги муассаса билан шу ҳудуддаги бир неча минглаб аҳоли истиқомат қиладиган айрим йирик қишлоқлар орасидаги масофа ҳам 25-30 километрни ташкил этади. Бошқа туманларда ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Ҳисоб-китобни давом эттирсак, узоқроқ ҳудуддан қатнаб ўқийдиган ўғил-қизларнинг қўлига ота-онаси йўлкира ва бошқа кунлик харажатлар учун ҳар куни камида 30 минг сўм пул тутқазиши керак. Бу миқдорга ўқув қуроллари, тушлик пули билан боғлиқ чиқимлар қўшилса, бир ойлик харажат йўқ деганда 1 миллион сўмга айланади. Бугун мамлакатда ўртача иш ҳақи 2-2,5 миллион сўмга тўғри келаётган бир кезда иқтисодий шароити ҳаминқадар оилаларнинг қанчаси боласини ихтисослаштирилган мактабларда ўқитиши мумкин? Узоқдан қатновчи ўқувчиларнинг хавфсизлиги масаласи-чи?
Турган гап, ҳар бир ота-она фарзандининг яхши мактабларда таълим олишини хоҳлайди. Иш ҳақи юқори ва имкониятлари бадастир аксарият оилаларнинг болалари-ку, аллақачон замонавий хусусий муассасаларда билим олишяпти. Ижтимоий аҳволидан қатъи назар, барча учун бир хил — энг иқтидорли ўқувчиларнигина саралаб таълим бериш мақсадида ташкил этилган янги муассасалардаги айни вазият эса ҳозирданоқ табақалашишнинг дастлабки, содда кўринишини юзага келтираётгандек.
Нурилло Нўъмонов,
ishonch.uz
