Ҳаддан ташқари иссиқ, қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари – ўтган ойда дунёнинг кўплаб минтақалари аҳолиси табиатнинг шу каби ҳодисаларини бошдан кечирди. Хусусан, юртимизда ҳам термометр устунчаси бир неча ҳафта мобайнида 40 дан пастлагани йўқ. Ҳатто 22 июль куни Хоразм ва Навоий вилоятларида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун максимал ҳаво ҳароратининг абсолют рекордлари янгиланди. Масалан, Туямўйин ҳудудида +47,5, Учқудуқда эса 46,3 даража иссиқ ҳарорат қайд этилди.
Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ)нинг яқинда эълон қилинган ҳисоботига кўра, жорий йилнинг июли метеокузатувлар бошланганидан буён қайд этилган энг иссиқ учта ойдан бири сифатида тарихга кирди. Жумладан, ҳаво ҳарорати 1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 0,4 даража юқорироқ, бироқ 2019 йилнинг июлига солиштирганда пастроқ бўлди.
Европанинг катта қисми учун июль ойи фавқулодда қуруқ келди. Бир қатор мамлакатларда ёғингарчилик кам кузатилиши бўйича рекордлар янгиланди. Бу ҳолат иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатиб, ўрмон ёнғинлари хавфини оширди.
Португалия, Испания, Франциянинг айрим ҳудудларида ва ҳатто Буюк Британияда тарихда биринчи марта ҳарорат 40 даражадан ошиб кетди. Пиреней ярим оролида 35 даражадан юқори ҳарорат сақланиб турган ноодатий кунлар сони ҳар қачонгидан кўп бўлди. Испания миллий метеорология хизматининг баҳолашича, бу галги июль мамлакатда метеорологик кузатувлар бошланганидан бери энг иссиқ ва жазирама тўлқини энг узоқ давом этган ой сифатида рўйхатга олинди. Бундан ташқари, қитъанинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик рекорд даражада кам бўлди. Мисол учун, Францияда ёғингарчилик тақчиллиги 85 фоизни ташкил этди.
Океанортида ҳам деярли шундай вазият ҳукмронлик қилди. Июль ойи метеокузатувлар тарихидаги учинчи энг иссиқ июль бўлди. 48 штатда ҳарорат ўртача кўрсаткичдан юқори ёки рекорд даражада қайд этилди. Мамлакатнинг катта қисмида кундузи ҳарорат 37,8 даражадан ошиб кетди. Бу эса электр энергияси ва тиббий ёрдамга бўлган талаб ортишига олиб келди.
Жанубий яримшарда энг юқори ҳарорат Жанубий Американинг марказий қисмида ва Африка жанубида рўй берди. Тинч океанининг шимоли ва океаннинг Антарктикага туташ ҳудудида ҳарорат ўртача меъёрдан юқори бўлди.
ЖМТ Бош котиби, профессор Петтери Тааласнинг айтишича, бу каби иссиқ ҳарорат – «янги меъёр». Мисол учун, Европада бундай аномал об-ҳаво эндиликда тез-тез кузатилади ва давомийлиги узоқроқ бўлади. 2050 йилга бориб эса «кўҳна қитъа»нинг қарийб ярим аҳолиси ёз иссиғининг юқори ёки жуда юқори хавфи остида бўлиши мумкин.
Европанинг баъзи давлатларида июлдаги тенденция августда ҳам сақланиб тургани Тааласнинг фикрларига дастлабки асосдек гўё. 9 август куни Буюк Британия метеорологик хизмати ҳаддан ташқари иссиқ кузатилишидан огоҳлантирди. Гарчи ўтган ойдагидек рекордлар янгиланмаса-да, лекин ҳароратнинг ушбу даврга хос меъёрдан 3-5 даража юқорилиги ўрмон ёнғинлари кўламининг ҳам ҳар қачонгидан каттароқ бўлишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, Франция ҳукумати «тилсиз ёв»ни жиловлаш учун бошқа мамлакатлардан мутахассисларни жалб қилишга мажбур бўлди. Айни кунларда мамлакатнинг Жиронда департаментидаги ёнғинни бартараф этишга Германия, Польша, Руминия ва Италия вакиллари кўмаклашмоқда.
Европанинг ўрмон ёнғинлари бўйича ахборот тизими маълумотига кўра, 2022 йилнинг ҳозирги вақтига қадар Францияда 60 минг гектардан ортиқ ўрмоннинг кули кўкка совурилди. Бу 2006-2021 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан олти баравар кўп.
Швейцарияда эса ғайритабиий иссиқ туфайли икки минг йил давомида муз билан қопланган довон эриган. Италия ҳам сўнгги етмиш йил ичидаги энг кучли қурғоқчиликни бошдан кечирмоқда.
Рейн дарёсида сув сатҳи сезиларли даражада пасайиб кетди. Бу эса транспорт алоқаларини изидан чиқарди ва кўмир ҳамда бензин етказиб бериш жараёнини мураккаблаштирди. Қолаверса, дарё ёрдамида далаларини суғорадиган фермерлар ҳам қийин вазиятда қолган…
Рақамлар, статистикаларни истаганча келтириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси, шубҳасиз, иқлим ўзгаришларининг оқибатидир. Энг ёмони, ўрмон ёнғинлари туфайли атмосферага неча миллион тонналаб углерод ажралиб чиқмоқда. Гектар-гектар дарахтзорларнинг ёниб кул бўлиши наботот ва ҳайвонот оламига ғоят катта талафот келтирмоқда. Юқори ҳарорат сабаб озон қатламини емирувчи моддалар билан ишлайдиган техникалардан фойдаланиш давом этяпти. Мувозанат бузилмоқда. Бу худдики тўхтатиб бўлмайдиган тенденцияга айланиб қолгандек. Халқаро анжуманлар, дунёнинг катта-катта минбарларида эса экологияни асраб-авайлаш ҳақида маърузалар тинмайди. Уларнинг сони амалий ишлардан кўпроқ. Бу ҳолат қандай давом этади, оқибатлари яна нима бўлади? Аниқ бир гап айтиш қийин. Бош омон бўлса, кўраверамиз.
Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист
