Бу йил юртимизда яхшигина иссиқ кузатилмоқда. Шу боис, ёш-у қари гўзал ва серқуёш ўлкамизнинг тоғли туманларида жойлашган салқин ва баҳаво гўшалар, оромгоҳ ва дам олиш масканларига ошиқмоқда.
Бир гуруҳ Ёзувчилар уюшмаси аъзолари уюшманинг касаба уюшма қўмитаси томонидан берилган йўлланма билан Тошкентдан тоғлар бағридаги «Навоий кон-металлургия комбинати» санаторийсига отландик. Йўл олис бўлишига қарамай кўнгилдаги интилиш завқиданми манзилга қандай етиб келганимизни ҳам сезмай қолдик.
Навоий кон-металлургия комбинати томонидан тоғ бағрида бунёд этилган 6 қаватли масканга жойлашар эканмиз, бизни кутиб олган ишчи-ходимларнинг хушмуомалалиги, хоналардаги саранжом-саришталикдан кўнглимиз янада таскин топди. Айниқса, ҳузурбахш, яшил табиатнинг фусункорлиги димоғимизни чоғ қилди. Бу ҳар қандай ижодкор халқини тўлқинлантиради, албатта.
Ҳамхонам таниқли ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг қизи, филология фанлари номзоди Сайёра Холмирзаева билан аввалига суҳбатга кириша олмай турган бўлсак-да, эртасигаёқ эски қадрдонлардай бўлиб кетдик. Олима аёлнинг камтарин ва самимийлиги, кўнглида кири йўқлиги шундоққина кўзга ташланиб турарди-да, ахир!
Кунлар шундай мароқли эдики, бир пасда кеч бўлиб қолганини сезмай ҳам қолардик баъзан. Пазанда ошпазларнинг лаззатли нонуштасидан сўнг муолажалар олишга шошиламиз. Биров кислород найчасидан ўпкасини роҳатлантирса, яна биров аллергиядан қутулиш учун туз хонасига, биров лазер олишга, яна биров мойчечак ёки наъматак каби доривор гиёҳлар дамламасини ичишга навбатга шошилади. Муолажалардан бўшашимиз билан сайр қилишга ёки ижодкорлар билан суҳбатлашиб, сўлим табиат бағрида кўнгилни чоғлаймиз.
Санаторийга Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшма қўмитаси йўлланмаси билан дам олишга келганлар ҳам анчагина. Мазмунли ҳордиқ олишни ташкил этишда санаторий маданият бўлимининг раҳбари Шерзод Жабборов кечки концерт дастурларини тайёрласа, публицист Тўлқин Эшбекнинг ғайрати ичига сиғмайди. У бизга ўз ҳаётидан қизиқ ва ибратли ҳангомаларни айтиб, руҳиятимизни кўтаради.
…Тонг отмоқда. Олтинчи қаватда жойлашган хонам деразасидан атрофга боқиб тўймайман. Вужудни ёқимли ҳислар қамраб олган. Бу ерга иккинчи бор дам олишга келган бўлсам-да, бошқа дунёга тушиб қолгандай эдим гўё.
Ҳамхонам билан тоза ҳаводан баҳраманд бўлиш учун сайрга отланар эканмиз, анча пастликда жойлашган Ўриклисойдаги хусусий дам олиш маскани атрофида сут-қатиқ, қурт ва доривор гиёҳлар сотишга келган қишлоқ аёлларидан қайноқ эчки сути сотиб олиб, доривор гиёҳлардан солдириб, ичиб олдик. Танимиз яйраб, нафас йўлларимиз очилиб, паст-баланд сўқмоқлар сари юқорига одимладик. Атроф арчазор, ариқлардан шилдираб, тип-тиниқ зилол сувлар оқиб ётибди. Ўт-ўланлар, яшил тус олган қирқ бўғинларнинг яшнаб тургани кўзни қувнатади. Тонг саҳардан енгил машиналарда шаҳардан дам олиш илинжида келганларнинг саноғи йўқ. Ўриклисойдаги хусусий меҳмонхоналар бандлигидан кимдир чорпояларда, яна кимдир енгил машинасида навбат кутаётганини кўриб, йўлланма билан келиб, осонгина жойлашганимизга шукрона айтдик.
Ҳа, Зомин тоғлари, арчазорлар ўз об-ҳавосига кўра, кислородга бойлиги, салқин ва баҳаволиги билан ҳар қандай нафас йўллари касалликларидан фориғ этиб, бошқа касалликларни ҳам даволаш хусусиятига эга эканини мутахассислар аниқлаган. Бу ердан ёз-у қиш дам олувчилар оқимининг аримаслиги ҳам бекорга эмас.
Ўн икки кунлик мароқли дам мобайнида санъаткорлар ташрифи, маданият бўлими томонидан ташкил этилган концертлар, айниқса, кечки гурунглару шеърий учрашувлар барчага завқу шавқ ва илҳом бағишлади.
Шу ўринда санаторийда ҳар йили юз нафардан зиёд аъзонинг кўнгилли дам олишларини ташкил этиш ва уларнинг саломатликларини тиклашда жонбозлик кўрсатаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, қолаверса, «Навоий кон-металлургия комбинати» санаторийси ва касаба уюшмаларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Зеро, тонг ҳавосидан илҳомланиб ёзаётган ушбу мақоламни тугатар эканман, салқин шабада уфуриб турган олтинчи қават биноси саҳнидан арчалар билан бурканган тоғларга боққанча, фикрларимни Сизлар билан бўлишишга қарор қилдим. Ва сизларнинг ҳам бироз бўлса-да, меҳнатдан чалғиб, ёзнинг қайноқ кунларини хаёлан Зоминнинг салқин оромгоҳларида ўтказиб, тоғлар ва табиат қўйнида тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлишингизни хоҳладим!
Марям АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси



