Кўрпангизни қалинроқ қилаверинг

93

Наманган ­вилояти уй-жой коммунал бош­қармаси томонидан кўпқаватли уйларни иситиш масаласи бўйича матбуот анжумани ўтказилади

Шу хабарни эшитдим-у, бир халта саволларимни олиб, ўша ерда ҳозир-у нозир бўлдим.Қарасам, мен каби савол шайлаб  турган журналистлар кўп экан.

Саволларнинг кўплиги ҳам бежиз эмас, албатта. Ахир бу ташкилот халқимизнинг «қиш ғамини ­ёзда е» деган пурмаъно нақлини тез-тез унутиб қўяди-да. Масалан, ўтган йили Наманган шаҳрининг қоқ марказида яшовчи аксар аҳоли уйининг совуқлиги, иситиш тизимининг яхши ишламаётгани сабаб фарзандларини кўрпаларга ўраб-чирмаб жон сақлаганини ким билмайди дейсиз?..
Қолаверса, марказлашган иссиқлик тизимини қуриш мақсадида ўтган йили Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги бир қанча кўпқаватли уйлар атрофи кавлаб ташлангач, аҳоли қиш кунлари лой кечиб ишга, ўқишга қатнаган эди. Бу ишлар ҳозир ҳам ниҳоясига етган эмас. Ўша жойлар ўйдим-чуқур бўлиб ётибди.
Анжуманда уларнинг қачон битишини сўраш, бу йил қишни хавотирсиз кутиш мумкинми, деган саволга жавоб топиш кимни қизиқтирмайди дейсиз ахир!
Хуллас, анжуманда Наманган шаҳридаги 350 та кўпқаватли уй учун марказлашган иссиқлик тизими қуриш ва реконс­трукция қилиш ишларини бажаришга «Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси» ҳисобидан 15 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағлар йўналтирилиши белгилангани, бугунги кунда бош пудратчи «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани ҳақида узундан-­узоқ ҳисоботни тинглашга ҳеч кимнинг тоқати етмади. Мутасаддиларга саволлар ёғила бошлади.
Аммо мутахассисларнинг «чайналган», «ғижимланган» жавобларидан шуни анг­лаб етдикки, ўтган йили тугатилиши керак бўлган ишлар бу йил ҳам ниҳоясига етиши даргумон!
Хулоса ўрнида аҳолига маслаҳатимиз шуки, бу йил ҳам кўрпангизни қалинроқ қилаверинг. Марказлашган қозонхоналар ишга тушишига ҳали кўп вақт керакка ўхшайди!

Орзугул РУСТАМОВА
«ISHONCH»