Сайхунобод туманининг «Гулистон» маҳалласида яшовчи 20 ёшли Севара Қурбонова туғма буйрак етишмовчилиги касаллигидан азият чекиб келаётган эди. Айниқса, сўнгги уч йилда гемодиализга муҳтож бўлиб қолди.
Шунда 53 ёшли Асатилла ота фарзандига буйрагини беришга қарор қилди. Фақат операция пулига келганда…
– 2 нафар қизим бор, – дейди Севаранинг онаси Хадича Тўраева. – Қизимизнинг соғайиш чорасини топдиг-у, харажатига келганда эса… Чунки бизда бунча пул йўқ эди-да! Чекка қишлоқда яшасак, танишларимиз ҳам кўп эмас. Ким ҳам дардимизни эшитарди, деб ўйладик. Аммо, барака топсин яхши инсонлар кўп экан. Туман ҳокимлиги, маҳалла, биз таниган-танимаган ҳомийлар маблағ жамғаришди. Айниқса, маҳалла хотин-қизлар фаоли елиб-югурди. Ҳатто операциядан кейин қувватли таомлар есин, деб маҳалла аҳлидан уйма-уй маблағ тўплаб беришди.
Жарроҳлик учун 150 миллион сўм тўпланди. Амалиёт муваффақиятли ўтди. Ҳозир Севара куч тўплаб, оёққа туриш ҳаракатида.
«Аёллар дафтари» ишчи гуруҳи Севаранинг ҳолидан хабар олди. Оила шароити ўрганилди. Айни пайтда онаси туман ободонлаштириш бошқармасида жамоатчилик асосида ишлайди. Отаси мавсумий ишлар билан банд. Парваришга муҳтож беморлар учун етарли шароит йўқлиги учун уларнинг яшаш хонадони таъмирлаб бериладиган бўлди.
Озода МАМАДАЛИЕВА
«ISHONCH»
