Бугун Туркиянинг Конья шаҳрида ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларининг сўнгги куни. Мусобақа Ўзбекистон делегацияси учун омадли кечмоқда.
Яқингача турнирдаги медаллар сони бўйича 3-ўринда бораётган вакилларимиз сўнгги икки кундаги натижалари эвазига 4-5-ўриндаги Озарбайжон ва Қозоғистон таъқибидан узоқлашиш билан бирга, Эрондан ҳам ўзиб, мезбон ва пешқадам Туркиядан кейинги 2-ўринга кўтарилиб олди. Ушбу натижада оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоларининг олтин медаллари муҳим ўрин тутди.
Жумладан, 15 август куни ўзбекистонлик оғир атлетикачи, Олимпиада чемпиони Руслан Нурудинов чемпионликка эришган мусобақалари сонини яна биттага кўпайтирди. 109 кг вазн тоифасида иштирок этган Нурудинов даст кўтаришда 187 кг, силтаб кўтаришда 230 кг ва икки кураш бўйича 417 кг тош билан ўйинлар рекордини ўрнатган ҳолда делегациямиз ҳисобига 3та олтин медални қўшиб қўйди. Русланнинг бенефисидан кўп ўтмай, яна бир оғир атлетикачимиз — Акбар Жўраев катта саҳнага чиқди. +109кг вазн тоифасида юртимиз шарафини Aкбар Жўраев ҳимоя қилди ва даст кўтаришда 200 кг тош билан Ислом бирдамлик ўйинлари рекордини ўрнатиб, олтин медаль соҳиби бўлди. Силтаб кўтариш машқида ҳам Aкбар рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ўзбекистонлик Олимпиада-2020 чемпиони учала уринишидан унумли фойдаланди (23, 242, 246) ва янги рекорд ҳамда иккинчи олтин медалини ютди.
Иккикураш натижаси (446кг) бўйича эса юртдошимиз мутлақ чемпионликни қўлга киритиш баробарида Ўзбекистон делегацияси учун муҳим бўлган 3 та олтин медални тақдим этди. 89 кг вазн тоифасида ҳам учта олтин медаль Ўзбекистон ҳисобига ёзилди. Оғир атлетикачимиз Сарварбек Зафаржонов даст кўтариш машқида ўз ғалабасини тантана қилгач, силтаб кўтаришда 199 кг, икки курашда эса 366 кг тош билан мутлақ чемпионликни расмийлаштирди.
67 кг вазн тоифасидаги беллашувларда ҳам Ўзбекистон вакили зафар қучди. Aдҳамжон Эргашев даст кўтариш ва икки кураш дастурида олтин, силтаб кўтариш машқида кумуш медалга сазовор бўлди. Оғир атлетиканинг 81 кг вазн тоифасидаги даст кўтариш машқида олтин медалга яна бир атлетимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров эга чиқди. Икки кураш ҳисобида эса у 354 кг билан бронза медалини қўлга киритди.
Оғир атлетикада аёл спортчилари ҳам олтин медалларни қўлга киритди. Эндигина 20 ёшга қадам қўйган оғир атлетикачи Турсуной Жабборова 15 август куни Ислом бирдамлиги ўйинларида 87 кг вазн тоифасида кечган баҳсларда мутлақ чемпионликни қўлга киритди. Даст кўтаришда 109 кг, силтаб кўтаришда 126 кг, икки курашда 235 кг натижа кўрсатган Турсуной барча йўналишда олтин медалларни ўзиники қилди. Турсуной ушбу турнир кашфиётларидан бирига айланди.
Эътиборлиси, оғир атлетикачиларимиз барча спорт турлари орасида Ўзбекистон делегацияси жамғармасига энг кўп – 24та медаль тақдим этишди. Шундан 15 таси олтин, 3 таси кумуш, 6 та эса бронза медалидир.
Шу тариқа, Ўзбекистон Ислом бирдамлиги ўйинларининг оғир атлетика спорт тури бўйича тенгсиз эканлигини кўрсатди. Миллий жамоамиз 15та олтин билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган бўлса, 2-ўрин 12 та олтинга эга чиққан Индонезияга, 3-ўрин эса Туркияга насиб қилди. Мезбонлар 11 та олтин, 11та кумуш ва 28 та бронзага эгалик қилган.
Яна бир жиҳат, ушбу мусобақада Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли Республика ихтисослашган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, оғир атлетикачилар орасида Акбар Жўраев, Турсуной Жабборова, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Шарофиддин Амриддинов, Регина Адашбоева, Нигора Сувоновалар, енгил атлетикада эса Суҳроб Хўжаев ва Наргиза Қўчқоровалар муваффақиятли иштироки билан медалларни қўлга киритди.
Хусусан, улар шу кунгача кечган ўйинларда жами 8 та олтин, 4 та бронза олиб, жами 12 – та медални терма жамоамизга туҳфа қилди. Биз спортчиларимизни ва халқимизни ушбу муносиб ғалаба билан қутлаймиз!
Зебо НАМОЗОВА тайёрлади



