Нега танбеҳ бермайсиз?

163

Тошкент – ҳар жиҳатдан намуна шаҳар. Аммо тозалик жиҳатидан эмас. Кўп қаватли уйлар ораларидаги йўлаклар, болалар майдончалари ёки шу каби муҳим ижтимоий объектлар атрофида чиқиндилар уюлиб ётгани ва бунга ҳеч ким эътибор бермаётгани кишини хавотирга солади.

Афсуски, айрим катталар ёшларга ўрнак бўлиш ўрнига, ўзлари белгиланмаган жойга чиқинди ташлаб кетадилар. Натижада эса маҳаллаларда, йўллар четида хунук манзара пайдо бўлмоқда. Агар биз ташлаган битта целлофан пакет 200 йилдан 480 йилгача, пластик идиш эса 150 йилгача чиримаслигини билсак, қўлларимизга, ихтиёримизга бу даражада эрк бермаган бўлармидик!

Экологик билимсизлик – фожиамиз

Мутахассисларнинг айтишича, дунёда бир кунда ўртача 6,5 миллиард килограммдан ортиқ чиқинди ҳосил бўлади. Бу рақамни сайёрамиз аҳолиси сонига бўлсак, тахминан 822 граммдан тўғри келар экан. Ана энди салкам 36 миллионлик Ўзбекистонда бир кунда қанча чиқинди чиқишини ҳисоблаб кўраверинг.

Юртимиз ҳудудидаги чиқинди полигонлари шиддат билан кенгайиб, тоғ уюмларини ҳосил қилмоқда. Эски услубдаги чиқинди қабул қилиш полигонларидаги чиқиндиларнинг атиги 26 фоизигина қайта ишланмоқда. Қолгани туриб чириши, иссиқ ҳавода айниши натижасида ҳавога заҳарли газлар тарқатмоқда. Бу ҳам етмаганидек, чиқиндилардан ҳосил бўлаётган шира ерга сингиб, ичимлик сувига бориб қўшилиши муаммоси кўндаланг турибди. Боиси – ҳали ҳеч бир чиқинди полигонимизда ахлат ширасини тупроқ таркибига сингдирмайдиган махсус геомембранали қопламалар мавжуд эмас. Эндигина Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги тўлиб қолган чиқинди полигони ёнидан  шундай замонавий полигон қурилмоқда. Қурилишга 16 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари жалб қилинган бўлиб, 2023 йилда фойдаланишга топширилади. Аммо республикамизнинг ҳар бир вилоятида ана шундай масканлар бўлишига эришиш учун неча йил кераклиги бизга қоронғу.

Бу каби ахборот ва маълумотлардан хабардорликнинг камлиги, зарур билимларнинг етишмаслиги ҳам бизнинг фожиамизга сабаб бўлмоқда. Натижада йўлларимиз қоғоз, ширинлик ўрами, пакетлар  ва турли-туман чиқиндиларга тўлиб кетган. Ҳатто шаҳарнинг энг бош кўчаларида ҳам икки-уч кунлаб олиб кетилмаган чиқинди уюмлари туриб қолмоқда.

Лоқайдлик – билинмас хиёнат

Афсуски, биз ёнимизда кимдир кўчага чиқинди ташлаб кетаётганини кўрсак ҳам, индамай ўтиб кетаверамиз. Юртимизда чиқиндиларни қайта ишлаш яхши йўлга қўйилмаган, ҳавога тинимсиз газ ва заҳарли моддалар ажралиб, экологик вазиятга путур етаётган пайтда бунга йўл қўйишимиз – хиёнат. Нега бошқа ҳолатларда танбеҳ берамизу, бебаҳо бойлигимиз бўлган экологияга зарар етказишларига томошабин бўлиб турамиз. Биттагина қоғозни бўлса-да, ташлаётган одамга “Ҳой, барака топгур, нега бу ерга чиқинди ташлаяпсан? Сен кабилар ҳар дақиқада қаердадир кетаётиб, еган нарсасининг идиши ёки пакетини улоқтириб кетаверса, қачон озодалик бўлади шаҳарда? Наҳотки виждонинг бўлмаса? Наҳотки она табиатни асраш ҳақида ота-онанг, устозларинг гапирмаган бўлса? Буни олиб, тезда сумкангга сол. Уйингга борганда, чиқинди идишга соласан”, деб танбеҳ бермаймиз? Нега, нима учун? Ахир улуғ ёзувчиларимиз асарларида  лоқайдлик касалини жамиятни емирувчи  билинмас хиёнатга тенглаштирган-ку?!

                               

Келажак хавотирлари

Бугунги кунда дунё жамоатчилигининг энг хавотирли ташвишларидан бири ҳам чиқиндилар масаласи бўлиб турибди. “Архитектура. Қурилиш. Дизайн” илмий-амалий журналида ёзилишича, сўнгги 30 йил ичида дунё аҳолисининг 2 миллиардга кўпайиши ва қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб бориш ортиши натижасида чиқиндилар, хусусан, пластмасса, целлофан ва бир марталик идишлар шу даражада ортиб кетганки, бир йилда дунё океанига 8 миллион тонна пластик чиқинди чиқариляпти. БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, шу зайлда ахлат ташланадиган бўлса, 2050 йилга бориб, океанларда пластик чиқиндилар сони ундаги балиқлар сонидан ошиб кетади. Пластик идишлар XIX асрнинг ўрталарида Англияда ишлаб чиқарилганини инобатга олсак, ҳали илк бор ишлаб чиқарилган баклажка идишлари чиришга ҳам улгурмаган. Айни пайтда уларнинг кимёвий таркиби ўзгариб, табиатга заҳарли газ ва моддаларни чиқариб ётибди. Бу эса уларнинг биз яшаётган табиатга қанчалик “қиммат”га тушаётганини англашимизга ёрдам беради.

Нима қилмоқ керак?

Шундай экан, эколог Жамшид Ишчановнинг қуйидаги тавсияларига амал қилинг. Зеро, юртимизнинг озода, кўркам ва тоза ҳудудга айланишида жамоатчилик, сиз ва бизнинг ҳиссамиз катта.

Аввало, кўчадаги белгиланмаган жойларга чиқинди ташламанг. Озодаликка риоя қилинг. Дарахт экинг, қўлингиздан келгунча гулларни, яшил оламни кўпайтиришга ҳисса қўшинг. Бирор кишининг табиатга зарар етказаётганини, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаётганини, дарахт ёки яшилликка зарар етказаётганини кўрсангиз, уни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилинг. Танбеҳ беринг! Тегишли жойларга хабар қилишингиз ҳам мумкин. Масалан, қисқа 11-57 рақамига қўнғироқ қилиб, махсус ташкилот вакилларини ноқонуний хатти-ҳаракатдан огоҳ қилсангиз, қонунбузарлардан ундирилган жариманинг 15 фоиз миқдоридаги маблағ билан мукофотланасиз.

    Чиқиндини кўпайтирмаслик учун  аввало ўзингиз билан матодан тикилган халта олиб юринг. Имкон қадар бир марталик идишларни ишлатманг, чунки уларни ерда ҳатто эварангиз ҳам кўриши мумкин, уйда чиқиндини саралашни ўрганинг, қайта ишлаш осон бўлади. Уйингизда  қолдиқ озиқ-овқат маҳсулотларини бериш учун молингиз бўлмаса, уларни алоҳида идишда чиқиндихонанинг бир чеккасига қўйинг. Батарейкаларни ерга ташламанг, чунки улардаги кимёвий моддалар 1 кв. метр жойни 20 йилга заҳарлаб, у ердаги барча микроорганизмларни ўлдиради.

Бир сўз билан айтганда, шу Ватан, шу тупроқ барчамизники. Унинг озода бўлиши, тоза ҳаводан нафас олишимиз учун томошабин бўлишни бас қилайлик!

Зебо НАМОЗОВА,

ISHONCH.UZ