Бу оташин сўзлар Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асаридан. Она тилига бундан-да ортиқ таърифу тасниф бўлмаса керак. Бу мисраларни тил масаласи ижтимоий тармоқларнинг миллий сегментида яна кун мавзусига айланган, баҳс-мунозара авжига чиққан кезлар ёдга олдим. Аммо, кошки эди, шу билан масала биз кутгандек ҳал бўлса…
Хуллас, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Тилимиз фақат байрам арафасида эсланиб, бир-икки шоирнинг шеърида мадҳ этилиб, номигагина тадбир ўтказиш билан улуғланиб қолмайди-да! Уни энг аввало ўзимиздан ҳимоя қилишимиз керак.
Бир одамни танийман. Қаердаки ўзбек тилининг қадр-қиммати ҳақида гап кетса, кўкрагига уриб, уни ҳимоя қилади. Аммо шу “ҳимоячи”нинг уч нафар фарзанди рус мактабига боради… Тилимизни балки мана шундай “қаҳрамон”лардан асрашимиз керакдир?..
Яна бир факт: кўчага чиқинг-да, истаган жойингизга боринг, истаган хизмат кўрсатиш шохобчасига киринг-чи, тўғри ёзилган биронта ўзбек сўзини топа олармикинсиз? Қаерга қарасангиз, ажнабий тилга кўзингиз тушади. Энг шармандалиси нима, биласизми? Шу баннерларни илаётганларнинг аксарияти саводсиз…
Мисол учун пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири – Навоий кўчасини олайлик. Улуғ шоир номи билан аталадиган кўчадаги пешлавҳалардан ўзбек тилида ёзилганларини санаб кўринг – бармоғингиз ортиб қолишига мен кафил.
Аслида, ўз юртингда она тилингни ҳимоя қилишдан ортиқ мантиқсизлик бўлмаса керак… Камига, шу ишинг учун миллатчиликда айбланиб, шаънингга турли-туман ҳақоратлар ёғилса…
Давлат тили ўзбек тили деб қонунда кўрсатилганми, тамом, ким бўлишидан қатъи назар, унга амал қилсин! Ўз тилини ҳимоя қилаётганларни ёмонотлиқ қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Бу борада ён қўшнимиз – Қозоғистондан ўрнак олсак арзийди. Улар ҳеч иккиланмасдан қозоқ мактабларида биринчи синфлар учун рус ва инглиз тилини ўрганишни бекор қилишибди. Энди биринчи синфдан бошлаб болалар фақат қозоқ тилини ўрганади, чунки рус ва инглиз тилларини ўрганиш учун улар аввало ўз она тилида ўқиш ва ёзишни билиши керак экан.
Биз эса ҳалиям қонунда белгиланган тартибни амалиётга жорий этолмай ҳалакмиз. Хўш, қачонгача “оғалар”нинг қош-қовоғига қараб иш тутамиз? Тўғриси, андиша қила-қила тилимизни шаънини ер билан битта қилиб бўлдик! Бўлди-да, энди. Тил масаласида ортга қайтмайлик – позициямизда собит турайлик. Токи она тилимизни ўз юртимизда ҳимоя қилишга асло ҳожат қолмасин!
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ


