Автомобиль йўллари қўмитаси эътиборига!
Ўтган якшанба куни Қашқадарёнинг Муборак туманида содир бўлган йўл- транспорт ҳодисаси оқибатида 8 киши ҳалок бўлди. “Spark” ва “Gentra” русумли енгил машиналар тўқнашиши оқибатида юз берган мудҳиш ҳодисага йўлнинг носозлиги сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган тахминлар бор.
Воқеа жойида асфальтдаги чуқурлар ҳалокатдан кейин зудлик билан ямаб қўйилган. Ҳалокатда 6 кишидан иборат оиладан ҳеч ким омон қолмаган. Аянчлиси, қурбонларнинг 4 нафари болалар бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл- транспорт ҳодисаси содир бўлган. Унда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Авариялар оқибатида 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафари болалар.
Ўтган йилги ЙТҲ таҳлиллари аварияларнинг 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслигидан содир бўлганини кўрсатмоқда. Рақамлар алдамайди. Аччиқ ҳақиқат шуки, йўлларимиз яроқсизлиги, таъмирталаблигидан ўтган йилнинг ўзида 625 нафарга яқин одам ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Ушбу ўринда Германияда бундан 100 йил аввалги йўллар худди кеча қурилгандек хизмат қилаётганига нима дейсиз? Ёки Америкада муддати ўтган асфальтни қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, қўпориб янгидан босилиши ҳам бор гап. Бизда-чи? Қачон асфальт ётқизилгани одамлар ёдидан кўтарилиб кетган ёки қурувчи кетиши билан яроқсиз ҳолга келиб қолаётган йўлларни кўриб, ачинишдан бошқа иложимиз йўқ.
Табиий савол туғилади, қачон мустаҳкам, сифатли ва узоқ йиллар хизмат қиладиган йўллар қурилади? Чунки сифатсиз қурилаётган йўлларга инсонлар ҳаёти билан бадал тўлаяпмиз.
Йўлсозлар, ушбу соҳа назоратчилари нима билан банд? Катта раҳбарлар юрадиган йўллардан бошқа жойларда ҳам бирон иш қилиняптими? Нима учун таъмирлаш, йўлнинг кафолат муддати, унда фойдаланиладиган хомашё ҳамда иш сифатининг назорати ҳақидаги барча маълумотлар шафофлигига эришилмайди? Йўл солиғидан тушаётган маблағлар қайси мақсадларда ишлатиляпти?
Ҳайдовчилар 2019 йил январь ойидан буён 1 литр бензин ёки газ пулининг 20 фоизини қўшимча акциз солиғи сифатида тўлаб келмоқда. Нима учун халқдан ҳақи олиняпти-ю, йўллар тузатилмаяпти?
Автотранспорт йўллардаги бу муаммолар қачон ҳал бўлади? Автомобиль йўллари қўмитасидан хўжакўрсин учун тайёрланган жавобнигина эмас, амалий ҳаракатларни ҳам кутиб қоламиз.
Анваржон ҲАЛИМОВ
