Бойқишлоққа қачон сув келади?

96

Қумқўрғон туманидаги «Саховат» маҳалласининг Бойқишлоқ кўчасида минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. 246 та оила, 154 та хўжалик бор.

Уларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, тоза ичимлик сув муаммосини айтишади. Қарийб ўттиз йилдирки, бу масала одамларни қийнайди. Кейинги 3-4 йилдан буён эса ариқ суви ҳам келмай қолди.
– Кўчамизга узоқдан келган бир меҳмон, «чойингизга туз солинганми, тузи баланд шўрвага ўхшаркан-у», дея ҳазиллашган бўлди, – дейди қишлоқнинг 80 ёшли оқсоқоли Мамадамин бобо Ғаниев.
– 30 йилдан буён ичимлик сув­ни сотиб оламиз, – дейди шу кўчада яшовчи Саломат Қодирова. – Олдинлари йилига 3-4 бора ариқларимизга сув келарди. Бу йил мутлақо келмади. Мана, қаранг, ҳовлимиздаги экинлар ва дов-дарахтлар сувсизликдан қуриб кетди. Аммо, гарчи фойдалана олмаётган бўлсак-да, 35 сотих томорқа учун 1 миллион 400 минг сўм миқдорида ер солиғи тўлаяпмиз.
– 25 сотих томорқамиз бор, – дейди Маматқул Абдушукуров. – Тирикчилик учун эккан помидоримиз ва нўхотларимиз сувсизликдан қовжираб қолди. Мурожаатларимиз эса натижасиз. Нима қилиш керак, ҳайронмиз?
– Мурожаат қилмаган мутасаддимиз қолмади, – дейди Усмон бобо Қодиров. – Ҳатто, яқинда туман марказида бўлиб ўтган вилоят ҳокимининг қабулида Мамадамин бобо Ғаниев билан дардимизни йиғлаб айтдик. Ҳоким шунда сув келишига ваъда берди. Аммо… Ҳамон ўзгариш йўқ… Яна бир гапни айтай. Аввалроқ Қумқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарларидан ичиб турган сувимизнинг таркибини сўровдик. Улар шунчаки «Н2О» деб жавоб беришди, холос. Дардингизни биров тушунмаса, қийин экан-да…
Биз аҳоли билан «Саховат» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Омоновга учрашиш учун МФЙ идорасига бордик. Бироқ идора эшиги қулф экан.
– Ҳар доим шу, – дея куйинади Мамадамин бобо. – Ҳар гал келиб-кетаверамиз.
Маҳалла идорасига яқинроқ жойда собиқ ширкат хўжалиги идораси, бугунги кунда «Боботоғ сури» МЧЖнинг маъмурий биноси жойлашган. У ерда МЧЖ раҳбари Тўрабек Эрназаров билан учрашдик.
– Очиғи, уч ой бўлди, иш бошлаганимга, – дейди у. – Ўттиз йилдан буён тоза ичимлик сув тармоғи тортилмагани етмаганидек, бу йил оқар сув ҳам келмаяпти. Бу жуда ҳам оғир масала. Мутасаддиларга бу ҳолатни етказишга мен ҳам ҳаракат қиламан. Насиб бўлса, бу муаммога ечим топамиз.
Тўрабек Эрназаровнинг олдида гўё муаммо ҳал бўладигандек кайфиятда чиқдик. Биз ҳам, маҳалла аҳли ҳам ишонди.
Балки мутасаддиларга аҳвол яна бир бор тушунтирилса, Бойқиш­лоқда ариқлар яна сув кўриб, жўмраклардан обиҳаёт оқар…

Рустам ДАВЛАТОВ
«ISHONCH»