Халқ таълими вазирлиги эътиборига!
ДТМнинг mandat.dtm.uz сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, жорий йилда 1 млн. 73 минг 821 нафар абитуриент тестга кирган. Аммо уларнинг 550 минг нафари (51,2%) ўтиш баллининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. Агар абитуриентларнинг катта қисми бу йилги мактаб битирувчилари эканини инобатга олсак, мазкур кўрсаткични мактаб таълимининг сифати, ўқувчиларнинг нечоғлик давлат таълим стандартларига мос билим олаётганининг кўзгуси дейиш мумкин.
Энг юқори балл 189 эканини инобатга олсак, 56,7 балл унинг 30 фоизи деганидир. Яқин бир-икки йил ичида мактабни тугатган ўқувчиларнинг ярмидан кўпи фанлардан 30 фоиздан ҳам паст билимга эга экан, бу мактаб таълими тизимида шунча ўқувчи давлат таълими стандартларига мос билим олмаётганини англатмайдими? Миллий таълим тизими қаёққа қараб кетяпти? Халқ таълими вазирлиги ушбу натижаларни қандай изоҳлайди?
