Cўрасак халқ учун сўраймиз

101

ёхуд бир келиб кетинг қишлоғимизга…

Кўкдала Чироқчи туманидан ажралиб чиққанидан хабарингиз бор. Айни вақтда янги туманда қурилиш-бунёдкорлик ишлари авжида. Аммо…

Ёшим саксонга тўлди. Энди ҳукуматдан бир нарса илтимос қилсак, ўзимиз учун эмас, шу халқ учун сўраймиз-да. Умид қиламанки, масъул мутасаддилар қуйидаги таклифларимни инобатга олишади:

Аввало, иссиқ жонмиз. Тўсатдан истималаб қолиш ҳеч гап эмас. Бировга тиббий ёрдам зарур бўлиб қолса, ўн километр узоқликдаги Хушали қишлоғининг поликлиникасига боришга мажбур. Жони азоб чекиб турган одамга ушбу масофани ёзнинг чанг-тўзон, қишнинг қировли кунларида босиб ўтиш осон эмас.

Ойнаи жаҳонда обод маҳалла ҳақида кўп ва хўп гапирилади-ю, қуруқ гап билан иш битмайди-да. Биз ҳам қишлоғимизда кутубхона, қариялар чойхонаси, маҳалла гузари бўлишини истаймиз. Маҳалламиз идорасини бир бориб кўринг: абгорлигидан ёқа ушлайсиз.

Авваллари Чироқчи туман марказига 70 километр масофа босиб борардик.  Энди Кўкдала тумани маркази – Еттитом қўрғонига боришимиз учун 27 километрни босиб ўтишимиз керак. Тўғри, масофа анча қисқарди. Лекин асосий йўлнинг абгорлиги кишини хуноб қиляпти. Бу йўлдан на одам ва на машина эмин-эркин ўта олади.

Бу йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида қатнашиб, ғолиб бўлдик. Таассуфки, лойиҳада кўрсатилган 6-7 километрлик асосий йўл қолиб, бир ярим километрлик ички йўлларни асфальт қилиб беришди.

Ўрни келганда айтиб ўтай, қишлоғимиздан бор-йўғи беш километр узоқ масофада “Олатўн” поезд станцияси бор. Иттифоқ давридан то 2010 йилгача Қарши-Самарқанд йўналишида ҳаракатланадиган поезд шу ерда тўхтаб ўтарди. Туманимиз ҳали янги, аҳоли сони тобора ортиб боряпти. Шу боис “Олатўн” станцияси қайта ишга туширилса, аҳоли учун жуда катта қулайлик бўлар эди.

Дўстмурод ҒАНИЕВ