«Шум бола»: Сиз билмаган ҳақиқатлар

957

Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси толе юлдузи остида туғилган асарлардан: китоб ҳолида ҳам, спектакль кўринишида ҳам, кино тилига кўчирилганда ҳам халққа бирдек севимли. Аввало, ёзган муаллифга, қолаверса, саҳналаштирган, экранлаштирган ижодкорларга жуда катта шон-шуҳрат келтирди. Асар унга қайсидир маънода яқинлашган барча инсонлар тақдирида муҳим роль ўйнади.

Хайрулла Саъдиевнинг армони

1936 йили “Муштум” журнали Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасини бобма-боб чоп эта бошлайди. Ёзувчининг қизи Олмос Ғуломованинг хотираларига кўра, журнал чиқадиган кун матбуот дўконининг олдида узундан-узоқ навбат ҳосил бўлар, муштарийлар нашрнинг ҳар бир сонини интизорлик билан кутишар экан. Бундан руҳланган ёзувчи кейинчалик ҳам қиссани кўп бор қайта ишлаган, янги-янги боблар қўшиб, бойитиб борган.

Қиссага дастлаб театр санъати ижодкорлари эътибор қаратишди. Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилган спектакль ҳамда “Ўзбекистон” телевидениесида инсценировка қилинган видеоспектаклда Шум бола ролини ўйнаган Хайрулла Саъдиев бугун бир кам саксон ёшда. Лекин ҳамон томошабин тасаввурида Шум бола образида яшаяпти. Актёр бундан розидек… Интервьюларида тез-тез ўша ролини эслаб ўтади. Афсуски, ҳозирда спектакль ва видеоспектаклдан бир-икки қисқа лавҳа-ю, афишаларгина сақланиб қолган. Бу – актёрнинг энг катта армони. “Шум бола”ни унинг ижросида кўрганлар тобора камайиб бормоқда…

Қиссанинг кино оламидаги тақдири эса ҳавас қилгулик. 1977 йили кинорежиссёр Дамир Салимов суратга олган “Шум бола” бадиий фильми ҳам томошабинлар кўнглидан, ҳам ўзбек киносининг олтин фондидан мустаҳкам жой олган.

“Ўзбекфильм”да дув-дув гап

Ўтган асрнинг 60-йиллари “Шум бола” адабиёт ва театрда омадли одимлари билан арзанда асарга айланиб улгурганди. Энди кино тилига ўгириш орзусида ёнаётганлар кўпчилик, лекин бу ишга жазм этишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермас эди. Ҳозир тасаввур қила оламизми-йўқми, “Шум бола” ўша пайти том маънода халқники бўлиб кетган, одамлар уни Хайрулла Саъдиев ижросида қалбига жо этган эди. Шундай бир вазиятда экранга янги Шум болани олиб чиқиш ва томошабинга маъқул қилдира билиш масъулияти манаман деган режиссёрни ҳам тараддудлантириб қўяди-да… “Маҳаллада дув-дув гап”, “Сен етим эмассан” каби фильмлари билан томошабин меҳрини қозонган машҳур режиссёр тап тортмай тайёргарликни бошлаб юборади. “Ўзбекфильм”да ўша кезлари дув-дув гап оралайди: “Шуҳрат Аббосов “Шум бола”ни суратга олар экан!”, “Ҳа, буни фақат у эплайди!..”

Ҳаммаси бир кунда умуман бошқа томонга ўзгариб кетишини ким ўйлабди дейсиз. “Ўзбекфильм”да Москвадаги Олий режиссёрлик курсларини тугатиб келиб, “Зумрад ва Қиммат” эртаги асосида бугун сизу бизга ва ҳатто фарзандларимизга-да севимли “Сеҳрли сандиқ” мультфильмини яратган Дамир Салимов деган яна бир режиссёр ишлар эди. Воқеалар ривожи уларнинг уйига рафиқасининг тоғаси, “Шум бола” қиссаси муаллифи Ғафур Ғулом меҳмон бўлиб келишидан бошланади.

 

Ёзувчига эътироз

Дамир Салимов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби:

– Ғафур ака шўх-шаддод инсон эди. Уйимизга кулиб-яшнаб кириб келди-да, туриш-турмушимизни кўздан кечира бошлади. Каттагина кутубхонам бор, дарров ўша хонага ўзини урди. Жюль Ренарнинг “Рижик” (“Сариқ машак”) деган асарига кўзи тушди. Китобни қўлига олиб, “Буни ўқиганмисан?” деб сўради. “Албатта”, дедим. “Ренарни ўқиган ўзбекни биринчи кўришим”, деб кулди. “Сиз шу асар асосида Жюльен Дювивье суратга олган картинани кўрганмисиз?” деб сўрадим. Гап гапга уланиб кетди…

– “Шум бола”ни ўқиганмисан?

– Ўқиганман.

– Хўш, нима дейсан?

– Очиғини айтсам, менга ёқмади.

– Сабаб?

– Ғафур ака, мендан хафа бўлмангу, кўнглимда борини айтаман. Сиз бу асарни партиявий мезон билан ёзгансиз. Боланинг шум тақдирини мафкуранинг юки остига ташлагансиз. Мафкуранинг йўриғидан чиқолмай, Қоравойнинг қўли билан динга, диндорларга лой чаплагансиз. Бу нотўғри ёндашув, – дедим.

“Барчага бирдек севимли”, деб юрган асари ҳақида ҳеч бундай эътирозни эшитмагани учунми, Ғафур ака қошларини чимириб, менга бироз қараб турди-да:

– Нима деб ўйлайсан, кино қилиш мумкинми буни? – деб сўради.

– Асарда муҳими – инсон тақдири. Мафкура эмас асло. Томошабиннинг юрагини “жиз” эттирмаса – ҳаммаси бекор. Кино ишланадиган бўлса, ўша “Сариқ машак” – “Рижик”ка ўхшаб боланинг дардини, ички кечинмаларини очиш керак. Сиз энди буни қила олмайсиз, – дедим.

– Нега? – ҳайрон қолди Ғафур ака.

– Ёзадиганингизни ёзиб бўлгансиз. Бу ёғини киночиларга қўйинг. Мана, Шуҳрат Аббосов уннаб юрибди. Унга эркинлик беринг, – дедим.

– Қиссани ўзбек тилида ўқиганмисан, ўзи?

– Йўқ, Александр Наумов таржимасини.

– Э, ўзбекчада умуман бошқа асар бу. Агар рухсат олиб берсам, фильмни ўзинг ишлайсанми, хоҳлаганингдай қилиб? Истаган жойингни чиқариб ташла, истаганингни қўш. Мен сенга шундай ҳуқуқни бераман, – деди.

Режиссёрга эътироз

“Шум бола” бўйича шу тариқа Дамир Салимов иш бошлади (Шуҳрат Аббосов эса кўп қисмли “Оловли йўллар” билан банд бўлди). Қисса воқеалари кино санъати сатҳига кўчирилди. Фильмда ҳам адибнинг тилини сақлаб қолиш учун режиссёрга Ғафур Ғуломнинг ҳаммаслаги, уста муҳаррир Ваҳоб Рўзиматов ёрдам берди. Лекин асарини кинокартина ҳолида кўриш шоирга насиб этмади. “Шум бола” бадиий фильми унинг вафотидан ўн бир йил ўтиб экранга чиқди.

– Нима деб ўйлайсиз, агар муаллифнинг ўзи кўрганида, унга маъқул келармиди?

– Ғафур ака биз қисқартираётган ёки қўшаётган саҳналарни аввалдан билар эди. Ўйлайманки, фильм у кишига ёқарди.

– Томошабинга-ку, манзур бўлди. Шоирнинг оила аъзоларига-чи?

– Афсуски, яхши қабул қилишмади. Аслиятдан узоқлашиб кетишда айблашди. “Буюк Ғафур Ғуломнинг ёзганларини қайта ишлашга, олиб ташлаш ва таҳрир киритишга ҳаққинг йўқ эди”, деган айблар қўйишди. Ҳатто устимдан энг катта раҳбариятга арз этишди. Фильм тўрт ой қабул қилинмади. Жуда кўп саҳналардан воз кечишга мажбур бўлдим. Ўзимизнинг амалдорлар эса “Оддий гигиена қоидаларига риоя этилмаган! Овқатни қошиқ-вилка билан эмас, нега қўлда ейишган? Нимага ялангоёқ юриб келиб, сувга оёғини тиққанча овқатланяпти?” каби аҳмоқона эътирозлардан тортиб, сиёсий хатоларгача топишди.

– Масалан, қандай лавҳаларни олиб ташладингиз?

– Бахтиёр Ихтиёров ўйнаган кўп саҳналарни кесганман. Тасаввур этяпсизми, худди ўз фарзандимни майиб қилгандай. Юрагим сим-сим оғриган. Юрагим юм-юм йиғлаган… Ваҳоланки, бу образ фильмга шунчаки боши айланиб қириб қолмаган эди. Қиссани ўқиганлар билади, ҳар муюлишнинг ўз жинниси борлиги айтилган. Уларни тақдирнинг оғир тошлари, ҳаётнинг аччиқ фожиалари шу кўйга солган. Ана шу бахтсизларнинг қисматини бирлаштириб, битта Бахтиёр Ихтиёровнинг қаҳрамонига юклагандим. Жуда чуқур маъноли, фожеий образ эди. Эътибор берган бўлсангиз, доим ўзини занжирлаб юради. Бу персонажнинг боши ҳам, охири ҳам кесилган. Шунинг учун ўткинчи, тушунарсиз бир ролга айланиб қолган. Бахтиёр ҳам мендан қаттиқ хафа бўлган. Ҳалигача ўзимни айблайман. Ожизлик қилганман. Чекинганман. Ҳар кўрганимда ярам янгиланади.

– Агар фильмни янги талқинда олиш имкони туғилса, яна нималарни қўшар ёки қайси лавҳалардан кечар эдингиз?

– Камида беш қисмли фильм қилган бўлардим. “Шум бола” – менинг юлдузли онларим. Энг ширин, ёқимли хотираларим.

– “Шум бола”дан кейин кинодаги муваффақиятли юришингиз давом этмади. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳеч кимни айблагим йўқ. Ҳамма муаммо ўзимда. Характерим бўш. Режиссёр дегани менга ўхшаб юмшоқ феъл, қатъиятсиз бўлмаслиги керак экан. Мақсадинг учун, ижодинг учун курашишинг, ғолиб чиқиш йўлини қилишинг шарт экан. Мен эса ўз вақтида туриб бера олмадим.

Журъати қўл келди

Одамлар орасида “Шум бола ролини фильмнинг ярмигача Саидкарим Саидорипов ва Абдураим Абдуваҳобов навбатма-навбат, параллель ижро этган”, деган гап юради. Режиссёр буни рад қилди.

– Йўқ, бу қуруқ миш-миш. Фильм жуда қиммат плёнкада олинган, ўзимнинг иккиланишларимни деб исроф қилолмасдим. Қолаверса, тасдиқланмаган роль учун икки болани умидвор, бошқа таниқли актёрларни сарсон этишга ҳаққим йўқ эди. Тўғри, Қоравойни аввал Саидкаримдан излаганим рост. Кейин қарасам, синовларда унинг шумлиги ўта асабий ва салбий бўёқларда чиқяпти. Менга эса томошабин ҳар қандай шўхлигини кечириб юборадиган ёқимтой шумтака керак. Худонинг ўзи қўллади бизни. Абдураим “Илтимос, шу жойини бир марта кўрсатиб берай, бир мартагина уриниб кўрай”, деб қолди. Бу болаларни уч мингга яқин тенгдошлари орасидан танлаб олганмиз. Абдураим нима қилса ярашарди. У ролга тасдиқланганидан кейин шунақанги берилиб ўйнадики, ҳатто еган калтаклари ҳам ҳақиқий… Съёмка тугагач, яна бир муаммо кўндаланг бўлди: бош қаҳрамонга ким овоз беради? Бу ишни ҳам Абдураимнинг ўзи уддалади. Битта уринишдаёқ!

Актёр қамчилашганидан рози

Яхши актёр битта роль билан ҳам ўзига ҳайкал қўйса бўлар экан. Лекин бунақа омад умрнинг иккинчи ярмида насиб қилгани яхши. Отабек, Кумуш, Ўткурий, Фармонбиби каби ролларнинг шуҳратидан ошиб ўтиш, уларнинг қолипини синдириш деярли мумкин эмас… Абдураим Абдуваҳобов эса бу мартабага жуда эрта эришди. Биринчи уринишдаёқ, илк қадамдаёқ ўзбек киносида ўзининг муҳрини қолдирди.

Шум бола, мана қирқ йилдирки, актёрни таъқиб этади. Абдураим Абдуваҳобовнинг ижодини ушбу образи ва бошқаларга бўлиб таҳлил қилиш мумкин. Лекин у Ўткурий (Обид Юнусов) ёки Шурик (Александр Демьяненко) каби кинодаги тақдиридан норози эмас. Шу қисматни ўзи тилаб олди. Съёмка пайти ҳам, кейин ҳам барига чидади.

– Эшакни бўғизлаб қўядиган саҳнаси бор-ку, ўшандан кейин ростакамига саваланганман. Тўрт дубль. Тасаввур қилинг, ҳар гал Рустам ака: “Абдураимжон, мендан ўпкалама, режиссёр чиндан уринг деяпти-да”, деб узр сўраганча қамчилайди. Ўша куни елкам моматалоқ бўлиб уйга қайтдим. Онам буни кўриб: “Бас, бошқа бормайсан, кино-пинонгни йиғиштир”, дея қаршилик қилса-да, оғриқни, иситмани енгиб, эртаси куни яна съёмка майдонига югурдим.

Абдураимнинг Шум болага айланиб қолиш тарихини фильмдаги онаси, Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимовадан эшитамиз:

– Ҳалфанага қочиш саҳнасини репетиция қила бошладик, Саидкарим жуда тортиниб, қимтиниб турибди. Ҳеч чиқаролмаяпти-да бола бечора. Сал нарида эса Абдураим типирчилаб, гижинглаган отдай бўлиб: “Мен ўйнай, бир марта кўрсата қолай”, дейди нуқул. Саидкаримни аяймиз, ранжитгимиз келмайди. Икки-уч уринишдаям ўхшамади… Абдураимга нисбатан ҳам “Қанақа бўларкин, бу бола дўмбоққина-ю”, деган эътирозлар билдирилди. “Ҳа, уйдан ҳали уни, ҳали буни ўғрилаб, мой, тухум опчиқиб, ошлар қилиб еб юрган бола-ку”, дедим. Битта дублдаёқ ролга қолипдай тушди-қўйди.

Фильмдаги энг қизиқ эпизодлардан бирини тасвирга олиш учун бир қути тухумни Абдураимнинг бошида чақишганини “она-бола” ҳалигача кулиб эслайди.

– Энг қийин саҳнамиз шу бўлган. Қайта-қайта уринганмиз. Биттасида “пақ” этиб ерга тушиб синган. Яна бирида сурилиб кетиб, бошқа томондан оққан, – дейди Рихси Иброҳимова.

– Кейин бунинг ҳам йўлини топишди, – гапга қўшилади Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов. – Елим халтанинг бир четини керакли тарафга тўғрилаб кесиб қўйишди. Ана шундан сўнггина онам бошимга ўқлов билан солганида тухум режиссёр хоҳлагандек оқиб тушди.

Донгдорлар дастаси

“Шум бола” бадиий фильми экранга чиқиб, рус тилига дубляж қилиниши билан бутун иттифоқ прокатида бир йилдан ошиқроқ вақт мобайнида пешқадамликни қўлдан бермади. Ҳозир ҳам интернет тармоғида энг кўп кўриладиган ўзбек киноларидан бири бўлиб турибди. Бунга осонликча эришилмаган, албатта. Ахир, Ғафур Ғулом билан суҳбатдан сўнг ўтган ўн-ўн беш йил ҳам бекор кетмагандир.

– Мени ўша кезлари Москвага, малака оширишга юборишди, – дейди Дамир Салимов. – Бу орада “Доира” деган фильм суратга олдим. Жуда кўп халқаро совринларга сазовор бўлди. “Шум бола” қиссаси асосида кино ишлаш ниятидан ҳам кечмадим. Китобни қўлимдан қўйганим йўқ. Москвадалигимда устозим, режиссёр Илья Фрезга кўрсатдим, кенгашдим. “Очиғи, сизга жуда раҳмим келяпти. Буни кино тилига ўгириш учун тамоман қайта ёзиб чиқиш керак-ку”, деди. Шундай қилиб, ана-мана дегунча вақт ҳам ўтиб кетди. Ғафур ака фильмни кўролмади. Яна бир армоним бор. “Шум бола”да ўзбек киносининг энг таниқли ва севимли инсонларини имкон қадар жамладим. Фақат Пўлат Саидқосимовга кичкина бўлсаям, бир роль топиб беролмадим. Шуниси алам қилади.

Ҳа, режиссёр бу картинада ўзбек кино ва театр санъатининг энг аслларидан гулдаста тузгандек гўё. Фильмдаги кичик эпизодларда ҳам катта ижодкорлар банд бўлишган. Ҳар бир образ томошабин ёдида қолади. Эргаш Каримов ижро этган ролга ҳам дард юкланган. Ҳар қанча риёкор, ҳийлакор бўлмасин, охирида барибир Қоравой учун энг асосий гапни айтади: “Ўқи, – дейди. – Ўқи, одам бўласан”.

Яна бир қизиқ факт: фильмнинг русча дубляжида ўғрибоши (Ҳамза Умаров)га Армен Жигарханян овоз берган. “Кичкина роль экан-ку, ярим соатда боплаб ташлайман”, деган ўй билан келиб, уч кун овора бўлганини режиссёр яхши эслайди: “Ҳамза Умаровнинг ижро маҳорати, техникасига тан берган Армен Жигарханян “Қандай катта истеъдод! Мана маҳорат, мана ижро, қойил! Унга етишимга ҳали анча бор экан” деган эди”.

Бир эпизод машмашаси

Фильмни қайта-қайта томоша қилишдан ҳам зерикмайди киши. Ҳозир нима бўлишини билсангиз-да, экранга тиклаб ўтирасиз. Қайғурасиз, куласиз… Лекин кинокартинанинг энг ёрқин эпизодларидан бирида ўйнаган актрисанинг “Шум бола”ни кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ.

Тандир қошидаги пинҳона учрашувни, ошхўрлик ҳангомасини эсладингизми? Кўз олдингизга келиши билан юзингизга кулгу югурдими? Лекин айнан шу икки дақиқалик саҳна бир актрисанинг кинодаги фаолиятига нуқта қўйишига бир баҳя қолгани-ю, шу лавҳани деб турмуши бузилиб кетишдан қўрқиб яшаганини, фильмнинг қирқ йилдан бери қайта-қайта эфирга узатилиши уни роса чарчатганини биласизми?

 

Гулчеҳра Саъдуллаева,

Ўзбекистон халқ артисти:

– Фильмга мени Дамир ака таклиф қилган. Содда эканман, кинога чақиришди, деб хурсанд бўлганимдан ҳатто сценарийни ўқимабман. Режиссёр ҳам ўзидан билиб бермаган. Мен тушган эпизод бир кунда суратга олинган. Ўша кезлари театрда, телевидениеда ишим тиғиз эди. Фильм дубляжига боролмаганман. Ролимга Шукуржон Сафаева овоз берган. Товушимиз ўхшаш. Лекин, назаримда, оҳ-воҳлар кўпайиб кетгандек…

Премьера куни театрда ҳам Қалдирғоч ролида банд эдим. Эртасига спектакль тақдимоти бўладиган. Мен эса ҳамкасбларимни, Лутфулла акамни олиб, фильм премьерасига шошяпман, денг. Саҳна, томошабинлар, олқишлар, гуллар… Хуллас, кириш қисми жуда чиройли ўтди. Кино бошланди… ва ниҳоят, мен ўйнаган саҳна! Зал сув қўйгандек жимиб қолди. “Эй Худо, нималар бўляпти?” дейман ўзимга-ўзим. Атрофда шивир-шивирлар ўрлади. Пичирлашяпти-ю, менга ҳаммаси эшитиляпти-да: “Ҳмм, биринчи рақамли фаришта, ўзбек аёлининг тимсоли деган актрисамиз шуми? Йўғ-е… Бу нима Шармандалик? Вой-бўўў…” Лутфилла акамнинг юзига қаролмай қолдим. Гўё одамлар мени хиёнат устида тутволгандек, ўзимни тубан тушган аёлдек ҳис этдим.

Ўшанда, айниқса, ҳамкасбларимдан ранжиганман. Оддий томошабинни гапирманг, ҳатто санъаткор дўстларим тушунмаётган эди. Секин туриб, залдан чиқдим. Уйимиз – эски шаҳарда. Йўлнинг ўртасидан юрибман. Машиналар у ёқдан-бу ёққа ғиз-ғиз ўтади. Қанийди, бирортаси уриб кетса-ю, ҳаммасидан қутулсам, дейман. Энди нима бўлади? Қандай бош кўтариб юраман? Одамларга “Бу фақатгина фильм-ку, шунчаки роль ўйнадим. Ёмон иш қилмадим-ку”, деб қандай тушунтираман… Хуллас, оиламизда ўша куни қиёмат қўпди. Мен ота уйимга кетдим. Онам йиғлаб-сиқтади. Шу ролни бекор ўйнабсан, деб кўп норози бўлишди. “Энди ҳаммаси тамом. Бу ширин эртак, севги-муҳаббат билан қурилган оила тугади. Айбсиз айбдорман, битта эпизод деб турмушимни бой бераётганим, мени қўли билан кўрсатиб, тили билан чақаётганларга ҳеч нимани тушунтира олмаслигим алам қилар эди.

Азоблар исканжасида уч кун ўтди. Театрга, телевидениега бормасам бўлмайдиган. Ишга чиқдим. Лутфулла акам шу уч кунда мендан кўра кўпроқ қийналгани кўриниб турарди. Ичимда бир нима “жиз” этди. “Гулчеҳра, гаплашиб олишимиз керак. Машинага чиқа қолайлик”, деди у киши. Изларидан эргашдим. Орқа ўриндиққа ўтиришим билан, эшикларни қулфлади-да, мени уйга қайтариб олиб келди. Иккаламиз ваъдалашдик, ўша-ўша фильм ва спектаклларда имкон қадар бирга ўйнаймиз. Нима роль таклиф қилишмасин, албатта, у кишининг розилигини сўрайман. Сутдан оғзим куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичишга ўргандим. Шундай оғир паллада энг катта далдани қайнонам Маликахон ая бердилар. Бўлмаса, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, таниш-билишлар у кишининг ҳам кўзларини очирмагани аниқ. Ҳалигача ҳақларига дуодаман.

Қирқ йилдаям битмаган яра

Ҳақиқатан ҳам, “Шум бола”даги ушбу эпизод Гулчеҳра Саъдуллаеванинг актрисалик карьерасига таъсир қилди. Унга “Ленфильм”, “Довженко” каби киностудиялардан таклифлар тушди. Лекин, берилган ваъдага кўра, барчасини рад этди. Гулчеҳра опа ана шулар ҳақида гапирар экан, кўзларида армоннинг сояси кўрингандек туюлди.

 

– Биласизми, фақат битта таклифга, “Ленфильм”да суратга олинган “Князь Игорь” фильмидаги Шарқ маликаси ролига рухсат бермаганларига ачинаман. Лутфулла акам: “Гулчеҳра, сен соддасан. Ўша кинода мабодо бирорта Иван билан ўпишишга тўғри келиб қолса-чи”, деган. Роса кулганмиз… Битта эпизод менинг дунёмни нақадар остин-устин қилиб юборган. Лекин киношунос Ҳамидулла Акбаров айни саҳнани ҳар бир чиқишида, ҳар бир мақоласида кўкларга кўтариб мақтарди. У киши мақтагани сари мен тутдай тўкиламан. Лутфулла акамнинг айнан мана шу сабабли Ҳамидулла Акбаров билан муносабати ҳалигача совуқ.

 

Гулчеҳра опанинг хотиралари қизиқ бир воқеани ёдимга солди. “Кино” муҳарририятида ишлардим, барча телеканаллардан намойиш этиладиган фильмлар бизнинг бўлимда режалаштирилади. “Шум бола” теледастурга киритиладиган бўлса, Гулчеҳра Саъдуллаева албатта қўнғироқ қилар, имкони борича эфирдан олиб қолишимизни ўтинарди. Ўша воқеани эслаб, “Орадан мана шунча вақт ўтди. Эҳтимол, энди фильм намойишидан озорланмай қўйгандирсиз?” деб сўрайман.

 

– Йўқ, ҳатто ҳозир ҳам кўра олмайман. Эфирга берилишини истамайман. Бир томони, Лутфилла акамнинг асаби бузилмасин, юраги оғримасин дейман. Бу роль – менинг хатом. Айнан шу туфайли фарзандларим мактабда, тенгдошлари орасида изза бўлишди. Ўзимни кечира олмайман. “Шум бола”дан қалбимда жуда оғир хотиралар қолган. Ҳозир энди кино оламига кириб келаётган сингилларимга, ўзимнинг қизимга ҳам битта гапни айтмоқчи эдим: сиз шундай роллар ижро этингки, ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин ҳам ўзингиздан уялманг. Сценарийни ўқинг, фильм экан деб ўйнаб кетаверманг!

 

Ҳаёт чархпалаги айланаверади. Ўтган кунлар эса худди суратлар, тасвирлар каби оқ ва қора рангларда хотирамизда қолади. Саҳифалар сарғаяди, куртаклар неча бор барг очиб, хазон бўлади, келганлар кетади… Фақат эзгу амаллар мангу. Адабиёт ва санъат аҳли якдил бўлиб кино оламида солган иморат – “Шум бола” бадиий фильми ҳам инсоният қилган яхши ишлардан бири сифатида ҳали яна узоқ йиллар яшашга ҳақли.

 

Шоира Рауфбоева