Абитуриентлар  имтиҳондан нега қолиб кетди?

181

Жиззах вилояти Зафаробод туманининг чекка қишлоғида яшовчи  Султонмурод Термиздаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейга  ўқишга киришни ният қилиб, тўққизинчи синфни аъло баҳоларга тамомлаган заҳоти ушбу ўқув юртига ҳужжат топширди.

Имтиҳоннинг дастлабки босқичидан яхши кўрсаткич билан ўтган йигитга берилган абитуриент қоғозида якуний имтиҳон 23-августда, Жиззах шаҳридаги Сўғдиёна марказий ўйингоҳида ўтказилиши  ёзилган эди. Аммо…

У ва тумандаги ушбу академик лицейга топширган бир неча абитуриент кўрсатилган кун ва вақтда имтиҳон топширишга боришган. Лекин тест синовлари бир кун олдин ўтиб кетганини эшитгач, умиди сўниб, ортига қайтишган.

Ҳақиқатан ҳам, абитуриент рухсатнома қоғозида имтиҳон 23 августда бўлиши ёзиб қўйилган бўлса-да, бир кун олдин ўтказиб юборилган ва бу ҳақда на ота-оналарга, на абитуриентларга хабар берилган.

Бироқ имтиҳон вақти ўзгартирилгани ҳақидаги хабар абитуриентларга жўнатилгани айтилмоқда. Қизиғи, Зафаробод туманидан талабгор абитуриентларнинг ҳеч бирига ўша хабар етиб келмаган.

Барча имтиҳонлардан аъло баҳога ўтиб, охиргисига келганда юқоридаги тушунмовчилик сабаб ўқишга киролмай руҳияти синган абитуриентларга, додини кимга айтишни билмай, идорама-идора юрган ота-оналарига кимдир бу бўйича изоҳ берадими?