Унда қандай йўл тутиш кераклиги, қанча муддат ичида судга мурожаат қилиш мумкинлигини билиб олинг.
Одатда, ишдан бўшаш – бошқа яхшироқ иш топган бўлмасангиз, ҳар қандай одам учун ёқимсиз жараён. Ҳатто айримлар ишдан бўшагач, сиқилиб, касал бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Аммо ҳаётда ҳеч нарса абадий эмас, ҳар бир нарсанинг бошланиши ва охири бўлади. Қолаверса, инсон учун бирон-бир ризқ эшиги ёпилса, бошқаси очилиши турган гап. Бироқ биз бермоқчи бўлган тавсиялар ишдан кетишини ноҳақлик деб ҳисоблайдиган, ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани бошқаларнинг босими ва таъсирида ёки жаҳл устида ёзиб, кейин бундан қаттиқ пушаймон бўлаётганлар учун.
– Меҳнат қонунчилигида меҳнат шартномасининг бекор қилиниши тарафлар келишувига кўра, яъни икки томон розилиги, шунингдек, иш берувчи ёки ходим ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин, – дейди Касаба уюшмалари Федерациясининг фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш шўъба мудири Лола Нишонова. – Икки тараф розилиги асосида бекор қилинган меҳнат шартномаси юзасидан эътироз бўлмаслиги мумкин. Аммо баъзан амалиётда ходим хоҳишига кўра ишдан бўшаган бўлса ҳам, ариза раҳбарларнинг ёки бошқаларнинг таъсирида ёзилган бўлиб чиқади. Бу эса ходимнинг норозилигига сабаб бўлади. Бундай пайтда ходим 14 кун ўтмасдан фикри ўзгаргани, ишламоқчи экани тўғрисида раҳбарга қайта ариза ёзиб киритиши керак.
Агар ходим биринчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризада бўшаш санасини кўрсатган бўлса ва раҳбар ҳам бунга рози бўлса, ходимни ўзаро келишувга асосан аризада кўрсатилган санадан эътиборан ишдан бўшатиши мумкин. Аммо сана кўрсатилмаган бўлса, раҳбар ходимнинг фикри ўзгариши мумкинлигини инобатга олиб, 14 кун ўтмай, уни бўшатишга ҳаққи йўқ. Ишчи эса ишга қайтишни истаб, 14 кун ичида ариза ёзишга қарор қилса, унинг ичида бошлиқдан олдинги аризасини қайтариб олишни ёки оқибатсиз қолдиришини сўраши лозим. Агар раҳбар бу ёзма мурожаатни қабул қилишни истамаса, ходим девонхона орқали тақдим этиши ва аризанинг бир нусхасини девонхона ходимининг қабул қилиб олгани ҳақидаги имзоси билан тасдиқлатиб олиши керак. Бу кейинчалик судга мурожаат қилинганда, ходимнинг 14 кун ичида қайта ариза билан мурожаат қилганини исботлаш учун далил бўлади.
Шундан сўнг ходим натижани кутади. Қайта ёзилган аризага қарамасдан меҳнат шартномаси бекор қилинса, ишчи бир ой ичида (аҳамият беринг, бир ойдан ошмаслиги керак) фуқаролик судига мурожаат қилиши мумкин. Судда ходимнинг қайта ариза ёзгани ва шунга қарамасдан меҳнат шартномаси бекор қилингани исботланса, раҳбарнинг ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилади.
Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтсак. Ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган фарзанди бор ишлаётган аёллар иш берувчи ташаббусига кўра ишдан бўшатилиши мумкин эмас. Улар фақат корхона тугатилаётгани муносабати билан, шунда ҳам бошқа жойдан иш ўрни яратиб берилиши эвазигагина ишдан бўшатилиши мумкин.
