Давлатга қайтарилган «ифлос» пулларга мактаб қурилади

158

Давлатга қайтарилган ноқонуний йўллар билан топилган пуллар янги мактаблар қурилишига сарфланади. Мазкур масалани қонунийлаштирадиган ҳукумат қарори яқин орада қабул қилиниши кутилмоқда.

Бу таклифни Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз халқига йўллаган мурожаатида илгари сурди.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Қозоғистон мактабларида ўринлар етишмаслиги оқибатида ўқувчилар уч сменада ўқитиляпти. Ҳатто баъзи таълим муассасалари 18 та биринчи синфни очишга мажбур бўлаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

“2025 йилгача «Қулай мактаб» миллий лойиҳаси доирасида 800 минг нафар болага мўлжалланган замонавий мактабларни қуриш керак. Ана шунда уч сменада ишлаётган таълим муассасалари муаммоси тўлиқ ҳал қилинади», деди Президент ўз мурожаатида.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Қозоғистонда битта мактаб қурилишига, ҳудудига қараб, 500 миллиондан 3,5 миллиард тенгегача маблағ  сарфланади.