Кейинги йилларда олий таълим муассасаларига фуқароларни ўқишга қабул қилиш тизимида кўп ўзгаришлар юз берди. Эндиликда абитуриентлар ўзлари яшаб турган жойдан Ўзбекистон ҳудудидаги исталган институт ёки университетга бемалол ҳужжат топширишлари мумкин бўлиб қолди.
Кези келганда, ўқишни кўчириш борасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Кўпчиликка маълумки, бу борада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Масалан, Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, жумладан, халқаро рейтингларда тан олинган биринчи 1000 таликдан ўрин эгаллаган олий ўқув юртларидан талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда тест синовлари ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бунда тест синовлари бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шунингдек, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади. Ва улар давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Агар буни Тошкент молия институти мисолида қарайдиган бўлсак, 2022/2023-ўқув йилида хорижий олий ўқув юртларидан ўқишини ушбу институтга кўчириш учун тест синовлари топширган талаба камида 105 балл тўплаши керак. Бундан икки йил аввал кириш 56,7 баллни ташкил этган.
Энди тасаввур қилинг, абитуриент камида 130-140 балл олиб, институтга ўқишга кирса-да, хорижий олий ўқув юртидан ўқишини кўчирган талаба тест синовларида 56,7 балл билан ўқишга қабул қилинса… Очиғини айтганда, бу ҳолат бошқа олий ўқув юртларини билмадиму, лекин бизнинг институтда маълум маънода таълим сифатини пасайишига сабаб бўлди. 2020/2021- ўқув йилида 550 га яқин фуқаролар хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишларини Тошкент молия институтига кўчирган. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, уларнинг аксарияти институтда ўқитиладиган фанларни ўзлаштиришда қийналиб, академик қарздор бўлиб қолмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш учун ўтказиладиган тест синовларида кириш балининг 105 балл этиб белгиланиши айни муддао бўлди.
Агар аҳамият берган бўлсангиз, сўнгги вақтларда юртдошларимизни турли йўллар билан хорижий олий ўқув юртларига (яқин хорижий мамлакатлар назарда тутилмоқда) ўқишга киритиш, энг қизиғи, бир йилдан кейин ўқишни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кўчиришда «амалий ёрдам» кўрсатадиган консалтинг фирмалар жуда кўпайиб кетди. Албатта, ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бундай салбий ҳолатнинг олди олинмоқда.
Қабул қилинган қарорларга асосан, 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб талабаларга ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди. Буни содда қилиб айтадиган бўлсак, хорижий олий таълим муассасаларининг нотурдош таълим йўналишида ўқиган талаба ўқишини Тошкент молия институтининг бирорта таълим йўналишига кўчира олмайди.
Биз «ташқи кўчириш»нинг айрим хусусиятлари ҳақида фикр билдирдик. Ҳолбуки, талабалар ўқишини «ички кўчириш» ҳам мавжуд. Яъни, Ўзбекистон ҳудудида.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида тилга олинган қарорига мувофиқ, 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига ўқишини кўчиришга фақатгина талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун ва давлат органлари ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида рухсат берилади. Бошқа ҳолатларда талабалар ўқишини кўчириш мумкин эмас.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун абитуриентлар махсус электрон дастурлар орқали онлайн рўйхатдан ўтгани каби хорижий ва миллий олий ўқув юртларидан ўқишини бошқа олий таълим муассасаларига кўчираётган талабалар учун анча қулайлик яратилди. Ушбу ўқув йилида ўқишини хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан кўчирмоқчи бўлган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва республиканинг бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига ёки бир олий таълим муассасаси доирасида ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалар transfer.edu.uz расмий сайтлари орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имкониятига эга.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, талабалар ўқишини кўчириш борасида йўлга қўйилган янги тизим олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошишига, шунингдек, фуқаролар томонидан ўқишини кўчиришда масъулият билан ёндашишларига, энг асосийси, ўз билимларини янада кучайтиришларига туртки бўлиши аниқ. Бу, албатта, юқори малакага эга бўлган олий маълумотли мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Тўлқин ТЕШАБОЕВ,
Тошкент молия институти ректори, иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор



