Туғилганига ҳали тўрт ой ҳам тўлмаган қизалоқнинг тўсатдан иссиғи чиқди. Ота-она уни дарҳол Самарқанд вилояти Иштихон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонанинг болалар бўлимига олиб келди. Аммо бўлимдаги биронта шифокор қизалоққа ташхис қўя олмади. Шундан сўнг ота-она фарзандининг дардига даво излаб, Самарқанд шаҳрига жўнаб кетди.
Иштихон билан Самарқанд шаҳри ораси тахминан бир соатлик йўл. Тобора кучдан қолаётган гўдакнинг шунча масофани босиб ўтишини бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а?..
Хуллас, орадан бир соат ўтиб, вилоят марказидаги болалар кўптармоқли шифохонасига етиб келдик. Аммо навбатчи шифокор уларни “Бизда жой йўқ!” деб қабул қилмади.
Вазиятни тушунтирдик, ялиндик, ёлвордик, охир-оқибат, улар бизни қабул қилишди.
Лекин икки кундан сўнг шифохона маъмурияти жой камлигини, беморлар кўплигини рўкач қилиб, ҳали буткул соғайиб кетмаган жиянимни уйига қайтариб юборишди. Яна югур-югур, яна чопа-чоп.
Орадан бир ойча вақт ўтяпти ҳамки, қизалоқ тузалмаяпти. Кун оралатиб осма укол олади.
Ҳайрон қоласан киши. Туман марказидаги шифокорларнинг аксарияти тажрибасиз бўлса, вилоятдагилар шифохонада жой камлигини рўкач қилса, соғаймаган беморни уйига қайтариб юбораверса, дардингни кимга айтасан? Мутасадди раҳбарлар, масъуллар қаёққа қараяпти? Ахир, ОАВларда таъкидланишича, соғлиқни сақлаш тизимида инқилобий ўзгаришлар рўй бераётир! Нега буни биз – оддий халқ амалда сезмаяпмиз? Кўзбўямачилик қачонгача давом этади?
Бюджетдан тиббиётга жарақ-жарақ маблағ ажратиляпти. Йилдан-йилга шифокорларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилмоқда. Бунинг ижобий натижасини қачон ҳис қиламиз? Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин, дея ўзимизни овутишдан кошки бирон-бир наф чиқса…
Хуллас, саволлар кўп, жавоб йўқ…
Нормурод Мусомов
