Учбурчак энг мустаҳкам геометрик шакл саналади. Мен мактаб, ота-она ва маҳалла ўртасидаги ҳамкорликни ана шу учбурчакка ўхшатаман, у қанча мустаҳкам бўлса, ёшлар таълим-тарбияси шунча яхшиланади. Бироқ аксариятимиз кўпинча кундалик ташвишлар билан андармон бўлиб, масаланинг бу жиҳатига етарлича эътибор бермаймиз. Аниқроғи, фарзандларимиз хатти-ҳаракатларини ва нималар билан шуғулланаётганини назорат қилишни унутиб қўямиз.
Масалан, шу йил ёзда андижонлик 12-14 ёшли болалардан айримлари катта кўчалар четида, бозорларда ва одамлар гавжум жойларда чанқоқбости ичимликлар савдоси билан машғул бўлишди. Хўш, айтинг-чи, уларни ўқитувчи-мураббийлари, маҳалла фаоллари, ички ишлар бўлимининг вояга етмаганлар билан ишлаш ходимлари кўрмадиларми? Кўрган бўлсалар, нега ҳеч қандай чора қўлламадилар? Ёки қайсидир юқори ташкилотдан бу борада алоҳида буйруқ келишини кутишдими?
Тарбияга эътиборсизлик қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида маърифатпарвар боболаримиздан бири Абдулла Авлоний шундай деб ёзган эди: «Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар… кеча тарбияларига эътибор берилмаган болалардир».
– Биз ўқитувчилар ҳарчанд куюнмайлик ота-оналар болаларига бепарво бўлгач, ўқувчи таълимга лоқайдлик билан қарайверади, – дейди Избоскан туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Давлатой Эркинова. – Аввало, оилада таълимга иштиёқ уйғотувчи муҳит шакллантирилиши ва зарур шарт-шароит керак. Чунки боланинг кўп вақти оилада ўтади.
Дарҳақиқат, шаҳарларда эҳтимол топилар, лекин қишлоқларда болалари ўқиб-ёзиши учун алоҳида хона ажратиб ва қулайликлар яратиб берган, улар билан бирга дарс қиладиган ота-оналар борми? Мол-қўй боқиш ёки деҳқончилик қилиш билан банд бўлган болаларнинг қулоғига дарс кирадими? Ёки бошқа савол: ҳозир қишлоқ ёшларининг қанчасидан компьютер бор? Масаланинг бу жиҳати билан жиддий қизиққанмизми? Табиийки, бундай муаммоларга ечим топмасак, болаларимиз келажакда дунёни илм қудрати билан забт этишлари амримаҳол бўлиб қолаверади.
Қишлоқ мактабларининг бирида муаллимлик қилаётган танишимдан «Бу йил салкам 1 миллион 740 минг нафар йигит-қиз олий ўқув юртларига кириш учун тест топширгани, шундан 550 минг нафари, яъни 51,2 фоизи ўтиш баллининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмагани ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Бу ҳолат мактабда ҳам муҳокама қилингандир», деб сўрадим. «Афсуски, йўқ!» – дея жавоб берди танишим.
Таажжуб, муаллимларнинг ўзлари таълимга бунчалар бепарво бўлишса, ўзгалардан нимани кутиш мумкин? Қолаверса, бугун ўрта мактабда олинган билим билан олий ўқув юртига кириб бўлмаслиги ҳам аён бўлиб қолди. Адашмасам, бундан 3-4 йил аввал мактаблар қошида олий ўқув юртларига тайёрловчи фан тўгараклари ташкил этилганди. Нега уларнинг самараси сезилмаяпти? Ёки тўгарак жадваллари тузилиб, машғулотлар хўжакўрсинга ўтиляптими?
Менимча, юқорида тилга олинган масалалар ҳақида жиддий ўйлаб кўрсак, турли-туман тадбирбозлик ва қоғозбозликларга чек қўйиб, мактабларда берилаётган таълим сифатини оширсак, ўқувчиларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбияласак, бугунги ва келгуси авлодлар олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»
