Аёлнинг дарди – жамият дарди. Хотин-қизларнинг турмуш тарзи ва ғам-ташвишларини ҳар томонлама ўрганиб, ижобий ҳал этиш барчамизнинг вазифамиздир.
– Туманимизда «Аёллар дафтари»нинг кейинги босқичи доирасида 2117 нафар хотин-қизнинг муаммолари ўрганилди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Қўшработ тумани кенгаши раиси Абдуҳамид Тўхтаров. – Шундан 118 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашилди. Боқувчисини йўқотган 644 нафар хонадон бекасига моддий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар соғломлаштирилди.
Туманнинг «Чорлоқ» маҳалласида яшовчи Саодат Сулаймонованинг дарди ичида эди. Тўғри, у хотин-қизлар учун белгиланган имтиёз ва имкониятлар доирасида тегишли кўмаклардан баҳраманд бўлганди. Аммо бошқа бир масала анчадан буён кўнглига хавотир солиб келаётганди.
Маҳаллабай ўрганишлар чоғи туман адлия бўлимининг юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари Саодатнинг уйида ҳам бўлиб, оилавий шароити билан танишдилар. Сўнгра қандай илтимоси борлиги билан қизиқдилар. У аввалбошда ийманди, охири ёрилди. Айтишича, саккиз яшар ўғли туғма ногиронлиги туфайли мактабга қатнамаётган, устига-устак, унга ногиронлик нафақаси белгиланмаган экан.
Адлия ходимлари онанинг дардини шунчаки чизиб-ёзиш ёки ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатиш билан кифояланмадилар, балки амалий ёрдам кўрсатишга астойдил бел боғладилар. Натижада, болакай шу йил 22 июнда Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг Самарқанд педиатрия ТИЕК кўригидан ўтказилди. Тиббиёт хулосасига кўра, унга ақлий ривожланишдан ортда қолишнинг оғир даражаси билан касалланиш ташхиси қўйилди ва шунга мувофиқ ногиронлик белгиланди.
Бундан ташқари, Саодат Сулаймонова адлиячилар тавсиясига кўра, давлат хизматлари кўрсатиш маркази орқали Пенсия жамғармасининг Қўшработ тумани бўлимига ариза топширди. Унга ўзгалар парваришига муҳтож ногирон боласи борлиги учун ҳар ойда беш юз минг сўм миқдорида нафақа бериладиган бўлди. Шунингдек, фарзандининг уйда таълим олиш учун зарур шароитлар яратилди. Эндиликда у тенгқурлари қатори аниқ фанлардан сабоқ олиш ва бадиий адабиётларни ўқиш имкониятига эга бўлди.
Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»
