Mento.uz  — ёшларни олий таълимга тайёрлайдиган янги платформа

148

  Куни кеча Инновацион ривожланиш вазирлигида ёшларни олий таълимга тайёрлайдиган янги платформанинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. 10 ойлик таълим дастуридан иборат ушбу лойиҳа ота-оналар ўз фарзандининг таълим жараёнини тўғридан-тўғри назорат қилиш имконига эга бўлиши билан аҳамиятлидир. Ҳар ойда ёки 15 кунлик оралиқда ўтказиладиган тестлардан сўнг ота-оналарга абитуриентнинг фаолияти  ҳақидаги ҳисобот ҳамда боланинг ўзлаштиришини яхшилаш бўйича таклифлар берилади.

Мазкур дастур дунёдаги энг илғор платформалар ўрганилиб, янада такомиллаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган. Аввало, унда  дарслар онлайн-видеолар орқали тақдим этилади. Видеоларни кўриб, мавзуни ўзлаштирган абитурентларга менторлар бириктирилади ва улар тест орқали абитуриент ёки ўқувчининг ўзлаштиришини текширади. Натижаларга қараб тавсиялар бериб борилади.

Ота-оналар хизмат учун тўловларни бўлиб тўлашлари ҳам мумкин. 10 ойлик курснинг нархи ҳам унчалик қиммат эмас – 5 миллион сўм атрофида. Бу ҳозирда мавжуд репетиторлик марказларига нисбатан арзон. Ташкилотчилар юртимизда қизлар таълимини ривожлаштиришга ҳисса қўшиш мақсадида, чегирмали нархларда платформадан фойдаланиш имкониятини тақдим этишмоқчи.

Платформа асосчиларининг таъкидлашича, таълим ва «neuroscience»дан тузилган ҳар бир савол менто дастурида фойдаланиш учун ўзбекистонлик ва эронлик малакали мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган ва сифати текширилган. Келгусида Менто орқали ўқувчиларни фан олимпиадаларига, IELTS, TOEFL ва GRE имтиҳонлари учун тайёрлаш режалаштирилган.

Зебо НАМОЗОВА,

«Ishonch»