Адлия вазирлиги Гулнора Каримова ва у бошчилик қилган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларининг ноқонуний ўзлаштирган активлари тақдири юзасидан баёнот берди.
Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромовнинг маълум қилишича, Г.Каримованинг чет эллардаги жиноий активларининг умумий қиймати қарийб 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Сўмга чақилганда, бу қарийб 4,3 триллион сўм дегани. Ушбу маблағ 1 минг 400 та мактабни қуришга етади.
– Г.Каримованинг Швецариядаги маблағларини мусодара қилиш бўйича ишлар Швецария судларига оширилган, – деди М.Икромов. – Ундирилиши керак бўлган жами сумма тақрибан 686 миллион АҚШ доллари. Шундан 336 миллион АҚШ доллари узил-кесил мусодара қилиниб, тез фурсатларда 136 миллион доллари Ўзбекистонга қайтарилади. 205 миллион АҚШ долларини қайтариш бўйича ишлар эса ҳали давом этмоқда. Шунингдек, 350 миллион АҚШ долларини мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилмоқда. Қайтарилган пуллар ижтимоий соҳаларни, хусусан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қаратилиши режалаштирилмоқда.
Вазирликнинг хабар қилишича, Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг бошқа хорижий давлатлардан ҳам жиноий активларини қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Франциядан 2020 ва 2021 йилларда уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига тегишли кўчмас мулкларни (Париж шаҳри яқинидаги 2 та қаср) сотилиши натижасида 20 миллион АҚШ долларига тенг пул маблағлари Ўзбекистонга қайтарилди.
Бельгия қироллигида ҳам уюшган жиноий гуруҳга тегишли бўлган активлар жойлашган. Уларни қайтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мутасадди ташкилотлари ҳамда Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, Бельгияда тергов жараёни ҳали тугамагани боис ушбу активлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш мумкин эмас.
Буюк Британияда Гулнора Каримова ва унинг шерикларига тегишли бўлган 10 миллион фунт стерлинг миқдоридаги маблағлар ва 3 та кўчмас мулкнинг тақдири Лондоннинг Олий судида кўриб чиқиш жараёнида.
Латвия Республикасида ҳам бир талай активлар мавжуд. Латвия суди 2018 йили Ўзбекистон Республикасида чиқарилган ҳукмларни (Латвияда жойлашган активларни Ўзбекистон даромадига мусодара қилиш ҳақида) тан олган.
Активлар 15 миллион АҚШ долларига тенг маблағлар, 850 унцияга (26 кг.) тенг олтин сертификатлари ҳамда Рига шаҳрида жойлашган маданий-кўнгилочар мажмуадан иборат.
Бироқ бу борадаги ишлар ҳам осонликча ҳал бўлаётгани йўқ. Масалан, Латвиядаги юқоридаги активларни қайтаришда мураккабликлар юзага келмоқда. Шунга қарамай, ушбу давлатдаги активларни қайтариш бўйича ишлар қатъийлик билан давом эттирилмоқда.
Россия Федерациясида 2021 йил ноябрь ойида Москва шаҳрида жойлашган активларни (6 та хонадон) Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори чиқарилган.
Ҳозирги пайтда ушбу кўчмас мулк объектларини Россия суд ижрочилари томонидан сотиш жараёни давом этмоқда. Сотиш натижасида келиб тушган пул маблағлари Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда бўлиниши Москва шаҳар судининг қарорида ўз аксини топган.
Брифингда «Ishonch.uz» сайти мухбири ҳам иштирок этиб, Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромовга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:
– Хорижда бошқа мансабдорларни ҳам маблағлари борми ва улар ҳам қайтариладими?
– Бошқа мансабдорларнинг маблағлари тўғрисида ҳозирча бизда маълумот йўқ.
– Юқорида Г.Каримованинг Россиядаги олтита кўчмас мулки Москва шаҳар судининг қарори билан мусодара қилиниб, сотувга қўйилгани ва сотувдан тушган маблағлар Ўзбекистон ва Россия фойдасига тенг улушларда тақсимланишини қандай изоҳлайсиз? Ахир, гап халқнинг пуллари ҳақида кетяпти…
– Ҳар бир давлатнинг ўз қонун-қоидалари бор. Биз бевосита уларга аралаша олмаймиз. Чунки бунга ваколатимиз йўқ. Демак, Гулнора Каримованинг Россиядаги кўчмас мулклари сотувидан тушган пуллар қайтарилмаса ҳам, ҳеч нарса дея олмаймиз. Истаса қайтаради, истамаса йўқ. Бу – уларнинг иши.
