Пойтахтдаги Миробод туманига қарашли 2-оилавий поликлиниканинг реконструкция қилиниб, қайта таъмирланганига 4-5 йилча бўлди. Шароитлари яхши. Ҳарқалай, шифокорлар беморларни шинам ва ёруғ хоналарда қабул қилишмоқда.
Поликлиникага келувчи беморлар электрон навбатда туриб, шифокор қабулига киришмоқда. Бошида электрон навбатга олувчи операторлар камлиги боис ҳатто навбат олиш ҳам асаббузарликларсиз ўтмас эди. Аммо кейинчалик бу муаммо ўз ечимини топди. Ҳозирда операторлар сони 2-3 нафар бўлиб, ҳолат анча яхши. Аммо амалиётда негадир ана шу электрон навбатга олиш тизимининг мукаммал эмаслиги борган сари яққолроқ намоён бўлмоқда. Тўғрироғи, аҳоли, айниқса кекса ёшлиларнинг поликлиникада навбат кутиб вақт йўқотишига сабаб бўлмоқда.
Масалан, шу поликлиникада 3-4 йил олдин “эндокринолог” штати мавжуд эмасди. Ҳозир аҳоли орасида бўқоқ, қандли диабет касаллигига чалинганлар жуда кўп. Айниқса, қандли диабет билан курашиб яшаётганларнинг аксарияти катта ёшдаги қариялар эканини яхши биласиз. Шундай бўлгач, аҳоли ёзғириб, Миробод туман соғлиқни сақлаш бўлимидан илтимос қилиб, зўрға эндокринолог шифокорга эга бўлди. Аввалига шифокор поликлиниканинг 2-қаватига жойлашди. Кекса онахону отахонлар иккинчи қаватга қийналиб чиқиб-тушиб туришди ҳам. Аммо қиш кунларининг бирида онахонлардан бири зинадан оёғи тойиб йиқилгач, эндокринолог биринчи қаватда фаолият кўрсата бошлади. Аммо шу кунларда ҳам уларнинг норозилиги кучли.
Айтишларича, электрон навбат бўлишига қарамасдан, аксарият кексалар эндокринолог шифокор ҳузурига кириш учун 4-5 соатлаб вақтини поликлиникада ўтказар экан. Эндокринологда ҳеч қандай айб йўқ. У душанба-жума кунлари соат 14:00 дан 19: 00 гача ишлайди. Электрон навбатга ёзилиш учун эса аҳоли 12 дан келишни бошлайди ва жонли навбатда туради. Соат 13:00 да оператор 14:00 да бошланадиган қабул учун рўйхатга олишни бошлайди. Рўйхатга олиниб, қўлингизга навбатингиз ёзилган қоғозчани олганингиздан сўнг қабул бошланишини кутасиз. Жонли навбатни вақтлироқ олган бўлсангиз, шифокор қабулига 14.00-15.00 орасида киришингиз мумкин. Аммо кейинроқ келган бўлсангиз, 15:00 -16:00 гача ҳам навбат пойлайсиз. Қандли диабет касаллигига чалинган кекса беморлар телефон орқали навбатга ёзилиш имконининг йўқлигидан, эндокринолог ҳузурига кириш учун кўп вақтини поликлиникада ўтказаётганидан хафа. Аввало улар айни туш пайтида очдан-оч поликлиникада ўтиришга мажбур.
“Биз “сахар” касали билан курашиб яшаётган бўлсак, вақтида овқатланмай, асабийлашиб, аҳволимиз баттар бўлиши тайин”, – дейди навбат кутиб ўтирганлардан бири. Аслида, уларнинг муаммосини ҳал этиш қийин иш эмас. Электрон навбатга олиш тизимини янада мукаммаллаштириш керак, холос. Яъни, телефон орқали навбатга ёзилиш имкони яратилиши зарур. Шунда аҳоли уйида ўтириб навбатга ёзилиши ва оператор айтган вақтга поликлиникага чиқишлари мумкин. Бунда ортиқча вақт ҳам йўқотилмайди, агар тез-тез овқатланишга мажбур бемор бўлса, уйида тушлигини қилиб, овқатланиб келаверади. Натижада, асаббузарлик камаяди, қанд миқдори ошмайди.
Хусусий клиникаларда шу нарса йўлга қўйилган-ку. Нега давлат поликлиникасида буни йўлга қўймаслик керак? Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш деганда, ана шундай қулайликларни жорий этиш, одамларни оворагарчиликлардан халос этиш тушунилмайдими? Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миробод туман соғлиқни сақлаш бўлими ва 2-оилавий поликлиника масъулларидан шу масалада изоҳ кутамиз.
Зебо НАМОЗОВА
