Шу кунларда банк эшиклари олдида турнақатор навбат кутишлар одатий ҳолга айланди. Айниқса, халқаро пул ўтказмаларини олишдаги навбат кутишлар вақти чўзилса чўзиляптики, сира қисқармаяпти.
Андижон вилоятидаги “Алоқабанк”нинг Куйганёр филиалида эрталабдан 40-бўлиб навбатга турдим. Кута-кута толиқиб, банк ходимидан қачон навбатим келишини сўрадим.
У эса “Навбатингиз тушдан кейин соат иккиларда келади. Лекин сизга пул етмай қолиши мумкин” – деди. Бу жавобдан кутиб-кутиб толиққаним етмагандай, ҳафсалам ҳам пир бўлди.
Куз фаслининг бир куни йилга татийдиган дамларда қишлоқ одамларининг банк эшикларида навбат кутиб ўтиришлари қанчалик адолатдан? Чунки бу кунлар уларнинг далада, томорқада етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш кўйида қўли-қўлига тегмайдиган тиғиз пайт-ку.
Ваҳолангки, кутиш чиптасига “Хуш келибсиз!” ва сўнгига “Кутганингиз учун раҳмат”, деган ёзувлар ёзилган. Уларни ўқирканман, қачон инсон ҳуқуқларини қадрлаш қоғозда эмас, амалда бўларкин, деган фикрлар хаёлимдан ўтди.
Таассуфки, бундай ҳолатлар фақат “Алоқабанк”кагина тааллуқли эмас экан. Вилоятдаги аксарият банкларда ана шундай манзаранинг гувоҳи бўлиш мумкин.
Кишини эса бир савол ўйлантиради: қачон молия муассасасиларида қониқарли хизмат кўрсатилиб, мижозлар ҳуқуқи қадрланаркин?
