Қайта-қайта режалаштиришдан мақсад нима?

93

«Ўзсувтаъминот» АЖ раҳбарияти диққатига!

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 январдаги тегишли қарори билан 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тасдиқланган эди. Ушбу ҳужжатда сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва аҳолининг тоза ичимлик сувдан фойдаланиш имкониятини ошириш, санитария ва маиший чиқиндиларни утилизация қилиш ҳам белгиланган. Хусусан, дастурга биноан 2019-2022 йилларда Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларининг канализация тизимлари реконструкция қилиниши керак эди. Аммо…

Белгиланган муддат тугаб бораётганига қарамай, бу борада бирон-бир ижобий иш қилинмади. Ҳали-ҳануз вилоят аҳолисининг бор-йўғи олти фоизи марказлашган оқава сув билан таъминланган, холос. Бахтга қарши шу ҳам талаб даражасида эмас.
Сўз исботи билан деганларидек, рақамларга тўхталамиз: 49 та оқава сув ҳайдаш насос станциясининг 28 таси носоз, 308 километр оқава сув тармоғининг 289 километри таъмирталаб. Мутасаддилар эса минбарларда режалар ҳақида сўзлаш билан банд.
«Хоразм сув таъминоти» МЧЖ маълумотларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 2021 йил 8 сентябрдаги 130-сонли баёнига асосан Инвестиция дастури асосида 11 та иншоотда 2022 йилга ажратиладиган 71,7 миллиард сўм ­маблағ ҳисобидан 154,8 км. қувурлар, 5 та ичимлик сув ҳамда 3 та оқава сув ҳайдаш иншооти­­да қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 74,6 миллион доллар (кредит маблағлари миқдори 60 млн. доллар) бўлган «Хоразм вилоятининг ичимлик ва оқава сув тизимини модернизация қилиш» лойиҳаси доирасида Урганч, Хива ва Питнак шаҳарларидаги мавжуд оқава сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш ишларининг биринчи босқичини амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, умумий қиймати 114,5 миллион доллар (кредит маблағлари миқдори 90 млн. доллар) бўлган «Урганч, Хива ва Питнак шаҳарлари канализация тизимларини ­реконструкция қилиш ва ривож­лантириш» лойиҳаси доирасида 3 та оқава сув тозалаш, 24 та оқава сув ҳайдаш иншооти ва 130 км. тармоқлар реконструкция қилиниши кўзда тутилган, 13 та оқава сув ҳайдаш иншооти ҳамда 71,5 км. тармоқлар янгидан қурилиши белгиланган.
Ҳадемай бу йил ҳам якунланади. Бироқ режалаштирилган ишлардан ҳали-ҳануз дарак йўқ. Хўш, Президент қарорида бундан олти йил аввал белгиланган вазифаларни бажариш ўрнига қайта-қайта «режалаштириш»дан кўзланган мақсад нима?

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«ISHONCH»