Бу маҳаллага ҳар сафар совчилар келганида битта дарвозани четлаб ўтади, ваҳоланки, ўша хонадонда ҳам ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қиз яшайди… Афсуски, шу қизгинанинг ўйламай ташлаган биргина қадами пешонасига “судланган”, “ўтириб чиққан”, “жиноятчи” деган тамға босган. Энди у келинлик либосини кия олармикан, ёр-ёр садолари остида узатилармикан, бошқа дугоналари каби аёллик бахтини ҳис этармикан?!.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон Республикасида 20 ва ундан кичик ёшда фарзандли бўлган аёллар сони 46 173 нафарни ташкил этган.
Давлат статистика қўмитаси берган расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда 15-19 ёш оралиғида бўлган қизлар сони 1 272 272, 20-24 ёшлилар 1 291 424, 25-29 ёш оралиғидаги хотин-қизлар эса 1 545 279 нафарни ташкил этмоқда.
Демак, 15-29 ёшли қизлар кўрсаткичи (4 108 975) жорий йил Ўзбекистондаги хотин-қизлар умумий сони (17 527 137)нинг қарийб тўртдан бир қисми (23,5 фоиз)ни қамраб олмоқда. Бу аёлларимизнинг тўртдан бир қисми ўсмирлик остонасида, ҳали етарлича ҳаётий тажриба тўплаб улгурмаган, қизиққон ёшлар эканидан далолат.
Катта эҳтимол билан аёллар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг асосий улуши ҳам мана шу ёш оралиғини ташкил этмоқда. Таҳлилларга қаралса, қизлар ўртасида, айниқса, ўғрилик, фирибгарлик, бузуқчилик сингари жиноятлар кенг тарқалган.
Келинг энди рақамларни бир четга суриб, вояга етмаган ёки оила қуриш остонасида турган қизларнинг нима учун жиноятга қўл ураётгани, бунга уларни нима мажбур қилаётгани ҳақида мулоҳаза юритсак.
Энг аввало ён-атрофимизда билиб-билмай жиноят йўлига кирган биронта қизнинг жиноятга қўл урган вақти, даври, шу даражага етиб бориш сабабларига эмас, ундан анча олдинги даврга, унинг гўдакликдан улғайиш жараёнига, ўша палладаги муҳитга бир назар ташлайлик. Ана шунда айни мана шу даврда унинг ҳаётида қандайдир жарлик ҳосил бўлгани, катта бир муаммога дуч келгани, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, бир умр ич-этини кемириб, унга тинчлик бермайдиган қандайдир фожиа юз бергани ойдинлашади…
Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Эъзоза ҳам эндигина 17 ёшни қаршилаган эди. Эсини танибдики, кўргани фақат ота-она жанжали бўлди. Бу жанжаллар орасида дадаси тез-тез ичиб келиб, онасини дўппосларди, сўкарди. Она ҳам битта гапдан қолмасди – жаҳл отига минган эрини баттар оловлатарди. Охир-оқибат, оила ажрашди. Эъзоза онаси билан яшай бошлади.
Кўп ўтмай, она ҳам янги қилиқлар чиқарди. Собиқ эрига аччиқ қилиб, бегона эркаклар билан учрашадиган бўлди. Тун яримлаб келадиган кунлари кўпайди.
Қуш уясида кўрганини қилади. Носоғлом муҳитда катта бўлаётган Эъзоза ҳам дунёни салбий бўёқларда кўра бошлади. Унинг учун оила аталмиш муқаддас қўрғон уруш-жанжал ва хиёнатлардан иборат харобага айланди. Шундай кунларнинг бирида унинг ҳаётига ёши ўзидан анча катта киши кириб келди. Болаликдан ўзига суянч қидирган, ширин сўз ва меҳрга муҳтож ўсган қиз унга суянишни бошлади. Шу тариқа ораларида секин-аста ишқий муносабатлар бошланди.
Хуллас, бир томондан, болаликдан шаклланган оилавий муҳит, иккинчи томондан, онанинг бузуқ феъл-атвори Эъзозанинг табиатига таъсир этмай қолмади.
Ана шу таъсир оқибатими, ўн олти ёшига тўлар-тўлмас ҳомиладор бўлиб қолди. У нима қилишни, қандай йўл тутишни билмасди.
Эъзозани аёл сифатида бахтли қилишни эмас, фақатгина ундан фойдаланиш, ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида юрган кимса ана шу ҳомиладан ҳам фойда кўриб қолишни кўзлади: чақалоқ дунёга келиши билан уни мўмай пулга сотишни режа қилди. Шу орқали Эъзоза ва онасини ҳам катта пул топишга, бола ташвишидан қутилишга ишонтирди.
Мактабни битириб, қилар иши бўлмагани боис Эъзозанинг бола туғилгунча одамлар кўзидан панада юриши осон кечди. Бу вақтда туғилажак боланинг харидорлари ҳам топилди. Бироқ боланинг туғилиши улар ўйлаганидек мўмай даромад эмас, панжара ортида ўтадиган бир неча йиллик жазо муддатини нақд қилди. Болани сотиб олмоқчи бўлганлар томонидан тегишли идораларга етказилган маълумот орқали Эъзоза жиноий шериклари билан қўлга олиниб, озодликдан маҳрум этилди.
Ўрни келганда яна бир маълумотга тўхталсак: Давлат статистика қўмитасининг хабар беришича, 2022 йилнинг январь-июль ойларида 20 ва ундан кичик ёшда фарзандли бўлган аёллар сони 46 173 нафарни ташкил этган.
Аянчли ва хавотирли рақам. Хўш, бу қизларнинг эртанги ҳаёти нима бўлади. Беникоҳ туғилган гўдакларники-чи?
Аслида бу каби аянчли воқеалар ҳақида ижтимоий тармоқларда эшитяпмиз, кўряпмиз. Гўдагини сотаётган, шафқатсизларча дўппослаётган, ҳатто ўлдиришгача бораётган қизларни шу даражага етказган аламзадалик, бемеҳрлик ва шафқатсизлик илдизлари ҳам Эъзозаники каби оилавий муҳитга бориб тақалмасмикан? Бу ерда рўзғор қийинчиликлари ёки бошқа етишмовчиликларни қизлар жиноятчилигининг асосий манбаи қилиб кўрсатиш қанчалик тўғри? Вазият моҳиятига чуқурроқ назар ташласак, ҳамма гап қизларга болаликдан бериладиган тарбияга, умуман, оилавий муҳитга бориб тақалишини кўриш мумкин.
Агар носоғлом оилавий муҳит қизлар жиноятчилигининг асосий манбаини ташкил этар экан, демак, қизлар орасидаги жиноятчиликни бартараф этиш чора-тадбирларини ҳам, аввало, уларнинг оиласидан бошлаш керак ва шарт. Чунки оила жамиятнинг устуни. У тинч бўлса, жамият барқарор бўлади. Жамият барқарор бўлса, ривожланиш бўлади. Оиланинг тинчлиги эса таълим-тарбия, илм ва маърифатга бориб тақалади. Носоғлом оилада туғилган, бунинг оқибатида қаровсизликда, меҳр-мурувват кўрмай улғаяётган ҳар бир ўғил-қиз жамиятнинг яралари… уни ўз вақтида даволамасак, жуда кўп нарсани бой бериб қўйишимиз мумкин…
Тўғри, бу борада озми-кўпми ишлар йўлга қўйиб улгурилди. Масалан, Ички ишлар вазирининг 2022 йил ярим йиллиги бўйича берган ҳисоботидаги рақамларга ишонадиган бўлсак, хотин-қизлар жиноятининг олдини олиш юзасидан қуйидаги ишлар бажарилган:
ижтимоий муаммоларни ҳал этиш натижасида соғлом турмуш тарзига ўтган 9 минг 157 нафар, шу жумладан, 228 нафар вояга етмаган қиз, 2 минг 156 нафар ёш (18-30 ёш) хотин-қиз, 217 нафар илгари судланган қиз ички ишлар органлари ҳисобидан чиқарилган.
“Ҳимоя ордери” расмийлаштирилган 25 минг 869 нафар хотин-қизнинг оиласида профилактик ишлар олиб борилиб, натижада 12 минг 843 та оила яраштирилган, 11 минг 640 та оиладаги низолар бартараф этилган.
Аммо муаммонинг илдизига болта урилмас экан, хотин-қизлар орасида жиноятчилик ортиб бораверади. Муаммонинг илдизига эса фақат таълим ва тарбия билан зарба бериш мумкин. Зотан, болалар, ўсмирлар, ёшлар, катталар, айниқса, хотин-қизлар орасида содир этилаётган жиноятлар, эрта ҳомиладорлик, оилавий жанжаллар, ажримлар, меҳр-мурувватсиз, аламзада бўлиб вояга етаётган гўдаклар… буларнинг таг замирида айнан илмсизлик ётибди.
Боғчалар, мактаблар ва ундан кейинги таълим тизими фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг хулқига эзгу фазилатларни сингдириш вазифасини бирламчи қилиб қўйиши жоиз.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
