«Ishonch» газетасининг 2022 йил 18 августдаги 100-сонида «Тенгсизлик теоремаси» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, мутасаддилар эътиборига ҳавола этилган эди. Унга Президент таълим муассасалари агентлиги қуйидагича муносабат билдирди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида»ги фармони билан агентлик тизимида 2022 йилда 168 та ихтисослаштирилган мактаб ва 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолиятини йўлга қўйиш, 2024 йилга қадар мактаб-интернатлар сонини 24 тага етказиш белгиланган.
Фармонга асосан халқ таълими тизимидаги 113 та таълим муассасаси Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилган.
Халқ таълими тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга ўқувчилар 7-синфдан бошлаб Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари асосида қабул қилинган бўлса, агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг аниқ фанлар йўналишига 5-синфдан, табиий фанлар йўналишига 7-синфдан халқаро «Cambridge Admissions Testing» ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказиладиган саралаш имтиҳонлари орқали қабул қилинади.
Халқ таълими тизимида фаолият юритган ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга ўқувчилар ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар саралаш имтиҳонлари асосида қабул қилинган ва мактаб-интернатларда ўқувчиларнинг овқатланишларини ташкил этиш учун ота-оналардан энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов амалга оширилган.
Агентлик тизимида янгидан ташкил этилаётган мактаб-интернатларга ҳам ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар барча ўқувчилар саралаш имтиҳонлари асосида қабул қилинади ҳамда фармонга асосан мактаб-интернат ўқувчилари учун аутсорсинг асосида бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади.
Шу билан бирга, агентлик тизимидаги таълим муассасаларида фарзандларини ўқитиш истагида бўлган ота-оналарга ўз ҳудудларидаги ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатларга ҳужжат топшириш ҳуқуқи берилган. Бу ҳақда ҳар бир ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс) фарзандининг ҳужжатини топшириш жараёнида офёрта билан танишиб чиқиб, уни тасдиқлаган.
Бугунги кунда республикамизда таълим тизимини ривожлантириш, унинг мазмун-моҳиятини янги босқичга олиб чиқиш биринчи масала даражасига кўтарилган бир даврда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятига етиб бормасдан ота-оналаримизни ортиқча ташвишга солинишига сабабчи бўлмаслигимиз мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар агентлик томонидан ижобий қабул қилинишини маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси
Президент таълим муассасалари
агентлиги директорининг
биринчи ўринбосари Д.Кенжаев
