Ўз жонига қасд қилиш сўнгги чорами?

131

Сўнгги йилларда ўз жонига қасд қилаётганлар ҳақидаги мудҳиш хабарлар ижтимоий тармоқлар орқали кўп тарқалмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига қараганда, ҳар куни курраи заминимизда тахминан 3 минг нафар, йил давомида салкам 1 миллион киши ўз умрига ўзи сўнгги нуқта қўяди. Бу дунёда ҳар 40 сонияда бир киши ўзига ўлим ҳукмини ўқиди деганидир. Ўзбекистон эса суицид ­бўйича 2018 йили 184 давлат ичида 114-ўринни эгаллаган ва бу борадаги кўрсаткич ҳар 100 нафар аҳоли сонига нисбатан 6-7 кишига тўғри келган.

Психологлар бу кўнгилсизликлар сабабини инсоннинг руҳий ҳолатлари, жумладан, ёш билан боғлиқ эмоционал вазиятларга, тушкунлик, депрессия­ларга боғлашади. Социологлар эса, унга жавобни турли ижтимоий муносабатлардан, шахснинг жамиятдаги ўрни, атрофдагилар билан алоқалари, одамларнинг унга бўлган эътиборидан излашади. Шунинг­дек, бу иллат сабабини турмуш шароитининг оғирлиги, оилавий муаммолар, камбағаллик, ишсизлик, зўравонлик, экологик вазиятлар бузилгани билан ҳам изоҳламоқчи бўлишади.
Албатта, бу омиллар инсон руҳиятига ва организмига ўзига хос тарзда таъсир кўрсатиши табиий бир ҳолдир. Шу боис психотерапевт шифокорлар ўз жонига қасд қилишларни одамнинг руҳий хасталик­ларидан қидиришади. Уларнинг аниқлашича, суицидиал ҳолатларнинг 90 фоизи психосоматик касалликларга чалинганлар томонидан содир этилади. Баъзи мутахассислар бу ножўя қилмишларнинг 90 фоизи бошқалар эътиборини ўзига жалб этиш ниятида амалга оширилишини таъкидлашади. Ҳуқуқ-тартибот соҳалари вакиллари эса суицид турли низоли ҳолатлар, чунончи, ноқулай яшаш шароити, зўравонлик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби иллатлар билан боғлиқ деб ҳисоблайдилар.
Қандайлигидан қатъи назар, бугунги кунда, айниқса, ўспиринлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўп учрамоқда. ЖССТ маълумоти ­бўйича 15-19 ёшлилар бу борада иккинчи ўринда туради. Сўнгги 20 йил давомида дунё ёшлари ўртасида бундай нохуш ҳодисалар икки баробарга кўпайди. 14-24 ёшлиларнинг 16 фоизи уларнинг қурбонига айланди.
Тадқиқотлардан аён бўлишича, ­вояга етмаганлар ўртасидаги суицидлар ­оиладаги ҳар хил можаролар, ёшларнинг ­тенгқурлари ва ўқитувчилари билан келиша олмасликлари, ён-атрофдагиларнинг уларга эътиборсизлиги оқибатида юз беради.
2019 йил маълумотларига кўра, мамлакатимизда ўз жонига қасд қилаётганларнинг 57,3 фоизи эркаклар, 42,7 фоизи аёллардир. Жоҳиллик туфайли оилаларда заифаларга нисбатан турли ­шаклда зўравонлик қилиш­лар ҳам кузатилмоқда. Улардан айримлари ўлим билан якун топмоқда.
Республикамизда бундай аянчли воқеа­ларнинг олдини олиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги тегишли қарори билан Аёлларни реалибитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Айни пайтда ҳудудларда 29 та филиали мавжуд бу тузилма қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда иш юритиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, оғир ижтимоий аҳволга тушиб, иложсиз қолган, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бор хотин-қизларга тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамлар, 1146 рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилганларга зарур йўл-йўриқлар кўрсатади. Қийин аҳволдаги аёлларнинг ҳуқуқий дахлсизлигини таъминлаш учун ҳимоя ордери берилади.
Бундан ташқари, зўравонликка учраган хотин-қизлар руҳан ва жисмонан тетиклашиб олишлари учун она ва бола хоналари ташкил этилган. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар билан бирга маҳаллалар ва ўқув масканларида оила психологияси, аёлнинг оиладаги ўрни ҳамда оилавий муносабатларга бағишланган учрашув ва тренинглар ўтказиш, нотинч оилалар ­аъзоларига психологик маслаҳатлар бериш йўлга қўйилган.
Марказ бошқарув аппаратининг бош психологи Умида Турғунова суицид сабаб­ларига тўхталар экан, оиладаги носоғлом муҳит, билимсизлик, ишсизлик, зарарли одатларга муккасидан кетиш каби турли ижтимоий инқирозлар инсоннинг руҳияти бузилишига олиб келишини, бундай ҳолатларнинг узлуксиз давом этиши ўз жонига қасд қилишдек аянчли оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини эслатди. Сўнгра оилавий келишмовчиликлар, ёшга боғлиқ гормонал ўзгариш­лар, шахснинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаслиги каби қатор омилларни бирма-бир санаб ўтди.
Суҳбатдошимизнинг уқтиришича, юқорида тилга олинган сабаблар замирида инсон руҳиятидаги буҳронлар ва нотинчликлар ётади. Инсон жамиятда ҳам, оилада ҳам ёлғизланиб, ўз дардини ҳеч ким билан бўлиша олмай қолганида, зўравонлик устига зўравонлик, адолатсизлик устига адолатсизлик ёғилганида, ўз жонига қасд қилади. Эҳтимол, бу руҳий заифлик ҳамда диний билимлардан йироқлик белгисидир.
Ҳолбуки, аждодларимиз мудом бизга қийинчиликларга сабр-тоқатли бўлишни, ўлимдан бошқа ҳар қандай муаммонинг чораси борлигини тушунтириб келишган. Муқаддас китоблар – Таврот, Инжил, Қуръонда ҳам ўз жонига қасд қилиш қатъиян тақиқланган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Исҳоқжон Бегматов Muslim.uz сайтидаги мақоласида ўз жонига қасд қилишнинг қатор сабабларини келтиради. Даставвал динсизлик туфайли инсон ўзига ўзи ўлим ҳукмини ўқишини айтади, сўнгра маърифатсизлик, тўқчилик, йўқчилик, нафсоний севги, ўлимни ­муаммоларнинг ечими сифатида қабул қилиш ҳамда руҳий «хасталик»ларни санайди. Динсизлик, яъни эътиқодсизлик боис кишининг онг-шуурида ўлим ҳақиқатлиги, қабр азоби, охират, қайта тирилиш, қиёмат ва дўзах каби тушунчалар шаклланмаган бўлади, дейди.
Психолог Умида Турғунова билан суҳбат жараёнида шу нарса ойдинлашдики, фарзандлар тарбиясида ота-онанинг ўрни беқиёс. Айниқса, гормонал ўзгаришларни бошидан кечираётган ўғил-қизларда турли ҳиссий жараёнлар рўй беради. Уларнинг таъсирига тушиб қолган ўсмирга алоҳида эътибор ва муносабат жуда зарур. Ота-онанинг ортиқча дўқ-пўписаси ва ҳуда-беҳуда тергашлари ёшларнинг кўчадан сирдошлар топишига туртки беради. Уйида меҳр кўрмаган баъзи болалар интернетдан нажот излашади.

2019 йил маълумотларига кўра, мамлакатимизда ўз жонига қасд қилаётганларнинг 57,3 фоизи эркаклар, 42,7 фоизи аёллардир. Жоҳиллик туфайли оилаларда заифаларга нисбатан турли ­шаклда зўравонлик қилиш­лар ҳам кузатилмоқда. Улардан айримлари ўлим билан якун топмоқда.

Ёш оилалардаги қўйди-чиқдилар ҳам ўзаро муносабатларга совуқчилик туширади. Қайнона билан эри ўртасида, таъбир жоиз бўлса, икки ўт орасида қолган ёш келинчакка айрим ҳолларда ўз жонига қасд қилиш сўнгги нажот йўлидек кўринади.
– Таълим тизимида ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлайдиган махсус дарс­лар жорий этилиши жоиз, – дейди Умида Турғунова гурунгимизни давом эттириб. – Улар вояга етиб келаётган мактаб ўқувчилари-ю олий ўқув юрти талабаларига ҳам асқатади. Келгусида ота-она бўладиган ёшлар жинсий тарбиядан тортиб эр-хотинлик ва қайнона-келинлик муносабатларини ўрганиши зарур. Бунинг учун эса ўзида ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарбия усулларини жамлаган, оила қуриш бўйича сабоқ берадиган дарсликлар керак. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга интернетнинг норасмий сайтларидан чала-ярим маълумотларни олгандан кўра, шу соҳанинг мутахассисидан сабоқ олишлари минг карра афзал.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»