АҚШ ўзбек пахтаси ҳақида муҳим янгиликни эълон қилди
28 сентябрда АҚШ Меҳнат вазирлиги «Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати-2022» йиллик ҳисоботини эълон қилди, дея хабар беради Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати.
Энди ўзбек пахтаси мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатида эмас. Бу –Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини АҚШга экспорт қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш учун катта имконият дегани.
Ушбу қарор Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2021 йилги пахта ҳосили мониторинги давомида тизимли мажбурий меҳнат аниқланмаганини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
Бундан ташқари, америкалик мутахассислар 2022 йилда ҳукумат, нодавлат ташкилотлар ҳамда саноат соҳаси масъул вакиллари билан бир қатор ўрганишларни ўтказган.
«Ўзбекистон мисолида шундай хулосага келиш мумкинки, халқаро манфаатдор томонлар кўмагида ҳукумат томонидан амалга оширилган чоралар пахта соҳасида мажбурий меҳнатнинг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди», — дейилади йиллик ҳисоботда.
P.S. Ўзбек пахтаси 2009 йилда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатига киритилган эди.
