Ҳам ҳунар ўрганяпти, ҳам даромад топяпти

59

Президентимизнинг 2021 йил 5 август­даги «Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъект­лари билан аҳоли ўртасида кооперация­­ни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Сурхондарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига эришиш йўлида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 8 ойида Сурхондарёда кооперация усулида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Термиз шаҳри ва туманлар ҳокимлик­лари билан тижорат банклари ҳамкорлигида умумий қиймати 80,4 миллиард сўмдан иборат 58 та лойиҳа шакллантирилди. Воҳадаги шароити оғир 53 та маҳаллага 58 нафар етакчи тадбиркор бириктирилди. Лойиҳаларда 10110 та хонадон қамраб олиниб, 11120 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 46 нафар тадбиркорга 47,3 миллиард сўм кредит ажратилган.
Тижорат банклари ажратган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши, хонадонларнинг қамраб олингани ва иш ўринлари яратилганини вилоят касаба уюшмалари кенгаши мутахассислари доимий мониторинг қилиб боришяпти ва тадбиркорларга амалий ёрдам беришмоқда.
Кооперация ташкил этиш истагини билдирган 53 нафар ташаббускор тадбиркорнинг 21 нафари паррандачилик, 27 нафари иссиқхона хўжалиги, гулчилик, гиламчилик, ҳунармандчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик лойиҳалари асосида фаолият олиб боришяпти. Жумладан, Ангор туманидаги «Кайран» маҳалласида фаолият кўрсатаётган «Серо Асфальт» МЧЖ томонидан кооперация усулида паррандачиликни ривож­лантириш мақсадида «Миллий банк»нинг Термиз филиалидан ажратилган 1,5 миллиард сўм ҳисобига 170 та оилага 11 минг бош жўжа тарқатилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида бу маҳаллада паррандачилик анча ривожланди. Ҳозир одамлар етиштираётган тухум бозор ва савдо дўконларига чиқариляпти. Бир йилдан сўнг товуқлар аҳолидан йиғиб олинади ва гўштга топширилади. Оилаларга яна жўжалар берилади.
«Новшаҳар» маҳалласида «KARVON-SARBON-FAYZ» МЧЖ ишбилармонлари ҳам банкдан ажратилган 1,4 миллиард сўмга 170 нафар ҳамда Термиз туманидаги «Ostona gilamchi» МЧЖ тадбиркорлари 500 миллион сўм кредит ажратилиши эвазига 70 нафар қишлоқ хотин-қизлари билан шартнома тузган ва уларга гилам тўқиш асбоб-­ускуналари, зарур хомашё етказиб бермоқда. Қишлоқ аёллари тўқиётган ранг-баранг гиламларнинг харидори ҳам тайин. Ишбилармонлар маҳсулотнинг бир қисмини ички бозорга, қолганини экспортга йўналтиришди.
Жарқўрғон туманидаги «Намуна» маҳалласида фаолият кўрсатаётган «Grand-chicken-house» МЧЖ ишбилармонлари ­кооперация усулидаги лойиҳа асосида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида 700 миллион сўмлик банк кредити, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан ажратилган 500 миллион сўм субсидия ҳисобига 170 нафар кишини паррандачилик билан шуғулланишга жалб эта олишди.
Узун туманидаги «Янги куч» маҳалласида «Гранд Янги куч Парранда» хусусий корхонаси ишбилармонлари ҳам «Алоқабанк»дан ажратилган 1 миллиард сўм кредит ҳисобига 150 та хонадон билан ­кооперация асосида меҳнат қилиб, брой­лер гўшт ва тухум етиштириш учун товуқ боқишяпти. Хусусий корхона ишбилармонлари танлаб олинган аҳоли хонадонларига бориб, жониворлар парвариши учун махсус жой қилиб, асбоб-­ускуналар билан жиҳозлашган. Омихта ем билан ҳам таъминлашмоқда.
Олис Узун туманида паррандачилик йўналишидан ташқари, яна иккита кооперация усулида тадбиркорлик йўлга қўйилган. Масалан, «Файзова» маҳалласида «Тўхтамурод бобо строй омад» хусусий корхонаси ишбилармонлари «Агробанк»нинг туман филиалидан берилган 2 миллиард сўм ҳамда «Чақар» маҳалласида «Мурод файз омад» МЧЖ тадбиркорлари банкдан ажратилган 1,1 миллиард сўм сармоя ҳисобига «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида кооперация усулида ишлашга талабгор хонадонлар ­аъзоларига 5-6 сотихли иссиқхона қуриб беришяпти. Иккала ташкилот ҳар бир маҳаллада 100 нафардан ишсизнинг бандлигини таъминлашган.
«Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»да рўйхатда турганлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромад манбаига эга бўлишида тадбиркорлик субъектлари билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгашининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.
Жорий йилнинг бошида «Oltinsoy zif textil», «Agro plast», «Umidaхonim milliy shirinliklari» каби бир неча корхоналарга кенгашимиз томонидан янги иш ўрни яратиш учун қайтариш шарти билан 4 миллиард 425,4 миллион сўм ажратилди. Бу корхоналарда 767 нафар хотин-қиз кооперация усулида тикувчилик, пишириқ ва нон маҳсулотлари, кир ювиш ҳамда умумий овқатланиш, қандолатчилик, дизайнерлик йўналиши бўйича иш билан таъминланган. Мисол учун, «Oltinsoy zif textil» тикувчилик фаб­рикаси маъмурияти касаба уюшма ажратган 1,5 миллиард сўм эвазига 300 нафар хотин-қизни кооперация асосида меҳнатга жалб қилган. Улар ҳам ҳунар ­ўрганяпти, ҳам даромадли бўлишяпти.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятда кооперация усулида ишни ташкил этиш ўзининг ижобий самарасини бериб, афзалликлари намоён бўлиб боряпти.

Абдукарим ­АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши раиси