Ёхуд академик шоир олимликка даъвогар ёш тадқиқотчига нега тарсаки туширган эди?
Қайси муаллимимиз қачон айтгани ёдимда эмас, лекин бир гап мактабда ўқиб юрган кезларимиздан бери қулоғимга ўрнашиб қолган: китоб ўғриси – ўғри эмас! Бунинг нотўғри эканини кейинчалик англадим. Курсдошлар билан бу борада кўп тортишар эдик, баҳсларга домлаларимиз ҳам қўшилган пайтлар бўлган. Бир гал филология фанлари номзоди Ғулом Ғафуров (раҳматли) шундай лутф қилган эди:
— Китоб ўғриси — ўғри эмас, у — муттаҳам! Бу гапни чиқарганлар, энг аввало, ўз манфаатларини устун қўяди. Кутубхона, дўкон ёки бирор хонадондан китоб ўғирлаш тарбиясизлар иши, буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ахир китоб бебаҳо хазина-ку. Моддий маблағ ёки буюмини ўғирлатган одам камомади ўрнини қоплаши мумкин, аммо ноёб ва қадри баланд китобнинг ўрнини тўлдириб бўлармикин? Яна шундай тоифа пасткашлар борки, бировлар ёзган китобни ўзиники қилиб, кўчириб ўғирлайди ва муаллифликка даъво қилади. Бу – муттаҳамликнинг олий поғонаси!
Яқинда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ташкиллаштирилган бир тадбирда иштирок этдим. Мамлакатимиздаги энг етакчи, китоб фонди ниҳоятда бой бўлган маърифат масканида оммавий ахборот воситалари ходимлари билан “Китоб. Кутубхона. Китобхон” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат давомида бу ердаги китобларни сақлаш, асраб-авайлаш ва энг ачинарлиси… китоб ўғрилари ва зараркунандаларидан ҳимоя қилиш мавзуларида куюнчак фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ҳа, китобларни айнан ўғри ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш! Гап шундаки, кейинги пайтларда кутубхонага қатнаётган айрим ўқувчилар, айниқса, ёшлар томонидан китобларга зарар етказиш, китоб ва газеталарнинг керакли саҳифа ва қисмларини йиртиб олиш, баъзан эса уларни ўғирлаш ҳолатлари учраяпти.
Кутубхона мутасаддилари бу ҳолатларнинг олдини олиш, уларни камайтириш ва барҳам бериш учун кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот беришди. “Китобхонлар” бинодан олиб чиқиб кетишга уринган пайтида ушлаб қолинган китоб, газета, журналлар намуналари билан таништиришди.
Тадбирда яна бир мавзу муҳокама марказида бўлди: яқинда мамлакатимиздаги энг йирик зиё масканида жорий қилинган қўриқлаш хизмати фаолияти ва ишлаш тартиби ҳақида айрим ижтимоий тармоқ ва нашрларда танқидий чиқишлар эълон қилинди. Эмишки, кутубхонада махсус қўриқлаш ходимлари назоратни жуда кучайтирилган тарзда олиб боришади, кириш-чиқишда текшириш қаттиқ, ривожланган хорижий давлатларда ундай эмас ва ҳоказо…

— Мазкур бино муҳим аҳамиятли объект мақомига эга ва уни қўриқлаш ва унга кириб-чиқиш тартиби (йўриқномаси) ишлаб чиқилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси подполковниги Алишер Ашуров. — Йўриқномада келиб-кетувчи аъзолар сонининг кўпайиш ёки камайиш даврлари, турли маърифий тадбир, халқаро анжуманлар пайтларида қандай ҳаракат қилиш бўйича ҳолатлар инобатга олинган. Алоҳида таъкидламоқчиман, қатъий текширувлар китобхоннинг манфаатидан келиб чиқиб ўрнатилган. Негаки, кўпинча китобхонлар кутубхонада турли ҳужжатларини қолдириб кетишади. Аслида, пухта текширувдан мақсад ؘ– халқ мулки бўлган ушбу бебаҳо китобларни асраб-авайлашдан иборат. Шунингдек, аввалбошда бино қурилиши бир кунлик кириб-чиқувчилар сони 1000 нафар бўлишига мўлжаллаб лойиҳалаштирилган. Аммо бугун бир кунда 2000 нафардан ортиқ китобхон кутубхона хизматидан фойдаланмоқда. Бу ҳам биздан фаолиятимизга янада масъулият билан ёндашишни талаб килади.
Шу ўринда ушбу зиё маскани ташкил этилиши тарихига тўхталиб ўтсак. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига 1870 йилда Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида асос солинган. Дастлаб фондида 1200 номдаги китоб мавжуд бўлган кутубхона 1920 йилда Давлат кутубхонаси мақомини олди. Ушбу мақом туфайли зиё масканини Туркистон ўлкасида чоп этилган нашрларнинг мажбурий нусхалари билан тўлдириб бориш йўлга қўйилди. 1948 йилдан кутубхона Алишер Навоий номи билан аталиб, 350 ўринли ўқув залидан иборат уч қаватли янги бинога кўчирилди. Ўша даврда икки мингдан ортиқ ноёб китоб жамланган алоҳида нодир ва қадимий нашрлар бўлими ташкил этилган.
2002 йилда кутубхона “Миллий” мақомини олди ва 2012 йилда пойтахт марказида бунёд этилган Маърифат мажмуасидан манзил топди. Айни пайтда Миллий кутубхонанинг умумий фонди 7 миллион 600 мингга яқинни ташкил қилади, шундан 6 миллион 800 мингдан ортиғи босма нашрлардир. Жойларда унинг 14 та вилоят, 186 та туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказлари фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, фахрий журналист Солиҳ Ёқубов шундай ҳикоя қилади:
— Айрим китобхонларнинг кутубхонадан китоб ўғирлаши, китобларга зарар етказиши, атайин варақларни йиртиб олиб чиқиб кетиши одамни ранжитмай қўймайди. Кутубхона шунчаки китоблар сақланадиган жой эмас, зиёлилар, илм истаганлар маскани. Бу ерга китоб ўғирлашдек қора ният билан эмас, покиза, тоза ният билан келиш керак. Кўп йиллар аввал академик шоиримиз Ғафур Ғулом Адабиёт музейи залларини айланиб юрганида бир олимнинг ўша жойдаги китоб варағини қирқиб олаётганига кўзи тушади. Шоир дарҳол ўша кишининг ёқасидан олиб, қаттиқ танбеҳ беради, ҳатто юзига бир тарсаки туширади. Кўп ўтмай, марказий газетада Ғафур Ғуломнинг “Китобйиртар” номли катта фелъетони эълон қилинади. Натижада, қимматли китобга зиён етказиш устида ушланган олим кўпгина манбалардан фойдаланишдан, тадқиқотлар, илмий изланишлардан четлатилади. Биз кўпинча “одамларнинг ўзига ҳам инсоф берсин”, деймиз. Бироқ, назаримда, китобхоннинг ички маданияти, уйғоқ виждони ҳамиша унга ҳамроҳ бўлмоғи керак.
— Хавфсизлик чораларини илғор технологиялар ёрдамида кучайтиришга ва такомиллаштиришга тўғри келяпти, — деди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. — Ҳатто ҳар бир китобнинг ортига махсус ҳимоя чипини ёпиштиришга мажбур бўлдик. Шунга қарамай, айрим “китобхонлар” ўша чипларни ҳам олиб ташлаб, китобларни кутубхонадан олиб чиқишга ҳаракат қилаётгани жуда таассуфли ҳолат. Қўлга тушганларни аъзоликдан чиқарамиз, ўқиш ёки иш жойига хабар берамиз, тушунтириш ишларини олиб борамиз, лекин илм мулкига зарар етказишга уриниш ҳолатлари барҳам топмаяпти. Кутубхонадаги китоблар, нашрлар – халқ мулки. Уни ўғирлаш, китобларга зарар етказиш ҳолатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти, деймиз. Китобйиртар эмас, китобсевар одам билади: китоб ўқиш жараёнида тараладиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, саҳифаларни шитирлатиб варақлашнинг завқи ўзгача. Донолардан бири “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, бу – китоб ўқимаслик”, деган экан.
Демак, китоб ўқиш учун кутубхонага кирган киши борки, халқимиз, яъни, ўзимизнинг бебаҳо мулкимизга зиён етказмасин, ўғирламасин, керагича ўқисин, фойдалансин, ёшлар ҳам шунга ўргансин. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, кўп китоб ўқийдиган бола келажакда бугун телевизор кўраётган ўнта болани бошқаради.
Нодир МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси
