“Бир йилдан сўнг “кўчада” қоламизми?” “Asakabank”нинг Фарғона вилояти филиали ходимлари нимадан хавотирда?

98

Мазкур муассасада ҳозир 74 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг 42 нафари – хотин-қизлар.
Яқинда Фарғона вилояти ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилот вакилларидан иборат Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида “Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиалида хотин-қизлар ва бошқа ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани аён бўлди.

Энди гапни сал узоқроқдан – батафсилроқ тушунтиришдан бошласак. Қонунчиликда, яъни Меҳнат кодексининг 76-моддасида иш берувчининг муддатли меҳнат шартномаси тузиш ҳуқуқи чекланган. Яъни, муддатли меҳнат шартномаси бажариладиган иш хусусияти, бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олиб, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.
“Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиали ходимлари томонидан бажариладиган иш хусусияти ва шартларига кўра, муддатли меҳнат шартномаси тузиш мумкин эмас. Шундай бўлса-да, Меҳнат кодексининг 5- ва 76-моддалари талаблари қўпол равишда бузилиб, барча ходимлар билан муддатли (бир йиллик) меҳнат шартномаси тузилган.
Шу ўринда “Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиали ходимлари бир йилдан сўнг қаерда ишлайди, деган ҳақли савол туғилади. Ва бу савол ходимларни жиддий ўйлантириб келаётгани улар билан суҳбат чоғида равшанлашди.
Юқоридагиларга асосан “Asakabank” АЖ Фарғона вилояти филиали иш берувчиси номига аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ҳамда ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ишчи-ходимлар билан тузилган муддатли меҳнат шартномаларини номуайян муддатга ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан тақдимнома киритилди.
Ўйлаймизки, юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари тез фурсатда ижобий ҳал этилади. Ишчи гуруҳнинг вилоятдаги йирик корхона ва ташкилотлар, бошқармаларда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўрганишлари эса давом этмоқда.

Орзигул ҚОЗИХОНОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг
Фарғона вилояти кенгаши раисининг ўринбосари