«Ishonch» газетасининг шу йил 16 августдаги сонида чоп этилган «Кайфиятсиз ва ҳафсаласиз ўқитувчилар қаердан пайдо бўлмоқда?» сарлавҳали мақолани ўқиб, ҳам кайфиятим кўтарилди, ҳам хафа бўлдим.
Хурсанд бўлганимнинг боиси, мақолада мавжуд муаммолар тўғри айтилиб, ечимлар таклиф қилинган. Хафа бўлганим эса амалда чуқур синовдан ўтмаган тажрибаларнинг таълимга татбиқ этилиши натижасида тизимнинг тобора оғир аҳволга келиб қолишига сабаб бўлаётганидир.
Бу ҳақда кўп гапирилаётганига қарамасдан, мутасаддилар унга эътибор қаратмаётганидан одам ташвишланади. Бу аҳволда тизим қачон ўнгланар экан, қизиқ?!
Мен ҳам мақола баҳонасида ўз фикр-мулоҳазаларимни баён этишга қарор қилдим. Гап шундаки, ҳозир педагогларга тоифаси бўйича маош тўланмоқда. Масалан, беш йил стажга эга ўқитувчи олий тоифа олса, 20 йил ишлаган, иккинчи ёки биринчи тоифали устоздан кўпроқ маош олади. Бунга қарши эмасмиз, бироқ амалда кўряпмизки, тоифани олишнинг ҳам турли йўллари бор. Жумладан, таниш-билиш топганлар, ўқувчига мавзуни маҳорат билан тушунтириш қобилиятига эга бўлмаса ҳам тоифа олишнинг уддасидан чиқяпти. Бироқ назарий жиҳатдан тест саволларига тайёрланмаган, аммо тажрибали, маҳоратли айрим педагоглар ҳам «тоифасиз» ишлаб юришибди.
Мен Корея таълим тажрибаси ҳақида ОАВда ўқиганимда у ерда устозларнинг ишлаган йилига қараб, маошига қўшимча қўшилиши ҳақида маълумотга эга бўлдим. Бу бир жиҳатдан тўғри. Негаки, педагог йиллар давомида болалар психологиясини тушуниб боради, билим бериш маҳорати ошади. Олий таълим муассасасини энди тамомлаб келган баъзи педагогларда эса назарий билим кучли бўлса ҳам, болалар билан, ота-оналар билан ишлаш малакаси етарли бўлмайди. Шундай экан, қўшимча рағбатлантиришда ўқитувчининг ишлаган йили ҳисобга олиниши, шунингдек, ўқувчиларининг билимини текшириш орқали маҳоратига баҳо берилиши тарафдориман.
Бундан ташқари, институтни битирган аксарият ёшлар тўрт йил ўқиб, шартнома пулини тўлаб, катта иштиёқ билан мактабга ишга келса-ю, аранг ярим ставка дарс соати олса… Бунда у бир ярим миллон сўм атрофида маош олади ёки олмайди. Табиийки, бу ҳолатда у вақти, умри ўтаётганига ачиниб, ишидан кўнгли совийди. Бунга фаолиятимизда ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Хорижда педагогнинг бир ставка дарс соати 16-18, Европа давлатларида эса 12-14 соатни ташкил этади. Бизда эса 20 соат. Агар ставка соатлари пасайтирилса, ёш педагогларнинг ҳам иш билан таъминланиши яхшиланиб, даромади ошарди. Қолаверса, муаллимларнинг юкламаси енгиллашгани ҳисобига дарсларнинг сифати, самарадорлиги ҳам кўтариларди.
Ҳозир аксарият синфларда ўқувчилар сони 40-45 нафарни ташкил этмоқда. Бунча ўқувчига дарс ўтиш чоғида устозлар жисмоний ва руҳий чарчоқни ҳис қилишади. Болаларнинг ўзлаштириши ҳам ҳавас қилгулик бўлмайди. Шундай бўлгач, мен кўп йиллик педагог сифатида ставкани пасайтиришни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Яна бир таклифим шуки, педагоглар малакасини ошириш марказлари фаолиятини ҳам жонлантириш, у ерда нафақат ўзимизнинг, балки жаҳон педагогларининг илғор тажрибаларини ўрганишни йўлга қўйиш зарур. Хориждан энг илғор, яхши натижа кўрсатган мутахассислар маърузаларга таклиф қилинса ва улар билан тажриба алмашиш имконият яратилса, нур устига нур бўларди.
Таълим ва тарбия – миллат келажагидир. Шу мавзудаги долзарб мақолаларни мунтазам чоп этаётгани, шу мавзуга минбар бераётгани учун «Ishonch» газетаси таҳририятига яна бир бор миннатдорлик билдирмоқчиман.
Холмуҳаммад ЭГАМШУКУРОВ,
Музработ туманидаги
39-умумтаълим мактаби ўқитувчиси
