Ҳар тугуннинг ечими бор

66

  Абдурасул Жумақуловнинг навбатдаги китоби «Кундузги чироқ» деб номланган. Файласуф Диогенни эсга туширувчи ном бошқа бир тарихий шахсни ҳам ёдга солади. …Шаҳарнинг катта майдони қоқ ўртасида устун ва унга билакдек арқон тугун қилиб боғланган. Устунда шундай ёзув осилган:

«Кимки шу тугунни қўли билан ечса, дунё ҳукмдори бўлади!» Қанча йиллар ўтган, бироқ тугунни ечишга ҳеч кимнинг қурби етмаган. Вояга етган Александр (анча димоғдор ва ўзига бино қўйган бола) устунга яқинлашади ва гап нимадалигини билгач, ёнбошига қайрилади-да, қиличини қинидан суғуриб, бир зарб билан тугунни иккига бўлиб ташлайди. Муштдек тугунни, яна у неча йил очиқ ҳавода пишиб кетган бўлса, қўл билан ечишнинг умуман иложи йўқ эди-да. Ёш шаҳзода вазиятдан келиб чиқиб, тўғри, амалий қарор қабул қилганди.

Агар ҳамкасбимиз А.Жумақуловнинг фаолия­­ти назардан ўтказилса, унинг масалаларга ечим топишда энг ўнғай йўлдан боришини амалиётда кўрсата олди. Ҳа, баъзан вазият тақозоси билан тикига эмас, кўндалангига ҳам боришга тўғри келади. «Дарахт нега барг ташлайди?» деб савол қўйилади. Жавоблар бисёр: сарғайганидан; куз келганидан; совуқ урганидан. Назарда тутилган жавоб эса бундай: дарахт ерга барг ташлайди! Масалага кутилмаган томондан ёндашиш ҳам топқирлик.
Мана, қўлингизда «Ҳуррият» газетасининг ҳали бўёғи ҳам қуримаган сони. Айни пайтда катта ўлчамли саккиз саҳифали газетани чиқаришнинг ўзи бўлмайди. «Газетани чиқариш керак» деган масалада эса тирноқча иккиланиш бўлгани йўқ: Абдурасулнинг аҳди – газетани мунтазам шу кўринишда чиқариш. Фақат шу эмас – унинг қўлма-қўл ўқилишини таъминлаш. Бу мақсадларга эришилди. Ҳозир қийинчиликлар ҳақида гапириб ўтирмаймиз: буни бошидан ўтказган ёки шундай ишга жаҳд қилиб кўрган киши осон тушунади. Газета қадрини топ­­ди, яна тилга тушди. Рости, бу пайтга келиб, унинг чиқиши ҳам гумон бўлиб қолганди. Барқарорлик таъминлангач, эришилган бу марра ҳам охирги нуқта эмаслиги тинчлик бермай қўйди. Бу масала ҳам ечимини топди, газетанинг саккиз саҳифаси ҳам рангли чиқа бошлади.
«Кундузги чироқ»ни варақлаганда айнан ўша йиллари ёзилган битикларга кўз тушади. Улар сиёсий мавзулардаги шарҳлар («Фазилатли кунлар» бўлими), маънавият, тарих мавзусидаги мақолалар («Теран илдизлар» бўлими) ва замондошларнинг бугунги ҳаётидан сўзловчи суҳбатлар, қайдлар, қатралар, воқеий ҳикоялар. Уларда ижодкорнинг «кўнгил қиёфаси» ўзига хос тарзда ифодаланган. Албатта, битикларни қалам эгасининг шахсиятидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Эҳтимол, бугун кўпчиликнинг эътиборидаги нашр бўлган «Ҳуррият»да кечган йиллар суратларидир бу ёзувлар. Чиндан ҳам, Абдурасул учун «Ҳуррият» таржимаи ҳолининг ажралмас, балки муҳим қисмига айланди.
Бу ёғида гап ўзим гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида кетади. Неча йиллар олдин «Ҳуррият» газетаси «ётиб қолди» (Истисно тариқасида бир ҳолни алоҳида қайд этиш керакки, худди одамларга ўхшаб, газеталарнинг ҳам тақдири ҳар хил бўлар экан, яъни пешонасига кўп шўришлар ёзилганлари ҳам бўларкан. Вақти келиб, кимдир «Ҳуррият» газетасининг тарихи билан қизиқса ёки махсус ўрганса, бу нашрнинг туғилгандан бери жанжаллар ичида улғайганига гувоҳ бўлади, шубҳасиз). Ўшанда ҳам мутасаддилар бу газета билан унча қизиқмай қўйган, қарийб икки йилдирки, биринчи раҳбар йўқ, в/б.нинг эса кўнгли илимайди: бир хайрли ишни бошласам, охирига етказа оламанми, деган андишада.
Хуллас, ҳатто ходимларга маош бериш ҳам муаммо бўлиб қолди. Шундай вазиятда Абдирасул Жумақулов пайдо бўлди. У ҳозиргача «Ўзбекистон овози» газетасининг Сурхондарё ­вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб ишларди, чамаси. У келиши билан ўзгаришлар рўй бера бошлади. Биринчи ёдда қолган нарса: бирданига анча-мунча қоғоз, ручка ва бошқа канцелярия товарлари келтирилди. Тўкилиб қолган рўзғорга нон келгандек, ҳамма қоғоз-ручка олиб, «бой бўлиб» қолди.
Иш услуби ҳам ўзгарди. Талаб кучайди. Сийқа мавзудаги материаллардан воз кечилиб, ўткир муаммоларга дадил қўл урила бошланди. Асосли танқид кўпайди – хуллас, жамоада ҳаёт жонланди. Абдурасул бу билан ҳам кифояланмади. Бир ҳамкасбимиз: «Кўтара олмасанг, қўшиб боғла!» деган гапни кўп такрорлаб юрарди, унинг тагида нима маъно бор, қандай пайдо бўлган, билмадим-у, Жумақулов ҳам «қўшиб боғлади»: газета ҳажмини икки карра оширамиз, деб туриб олди. «Рекламани кўпайтирамиз, реклама керак» деди у тагдор қилиб. Тўғриси, реклама уюштириш ҳар жиҳатдан манфаатли эди, раҳбар ходимлардан буни қатъий талаб қила бош­лади…
Йиллар ўтиб, 3-4 йил олдин «Ҳуррият»нинг яна «иссиғи кўтарилиб» кетди. Бу гал олдингисидан ўн баравар ёмон ҳолат юзага келганди: йил охирида газета муттасил чиқмаган ва келаси йилга обуна деярли (бир ҳовуч фидойиларни ҳисобга олмаганда) бўлмаганди. Қарийб йигирма йилда шакл­ланган ижодий жамоа тарқаб кетиш арафасида эди. Ҳамма газетанинг ҳур кунларини ютиниб эслар, у дамлар қайтиб келармикан, дерди. Кимдир башорат қилиб, ўша кунларни фақат Абдурасул келтира олади, деганми-йўқми, билмадим, аммо яна Абдурасул пайдо бўлиши билан рўшнолик қайта бошлади ва газета бугунгидек тўлишган палласига чиқди.
Китоб баҳона анча хотиралар ёдга тушди. Табиий, публицистика жиддий ижодий жараён, у ўзига хос талабчанликни ёқтиради. Китобда бир қарашда кўзга ташланавермайдиган, аммо синчков назар билан тикилса, диққатга тушадиган ўринлар ҳам бор. «Сўзбоши»да:
«Йиллар ва йўллар»ни ўқиганимдаёқ, публицистларимиз сафига яна бир ижобий маънода ўжар овоз қўшилаётганини сезганман.
Китоб «Ёруғ тонглар орзуси» сарлавҳали мақола билан бошланади» дейилади. Ҳолбуки, қўлимиздаги китоб шундай бошланади (муаллифнинг 1-китоби эмас!). Жиндай ғалатилик бордек. «Тийран» ва «теран» сўзларининг маъноси турлича. Китоб муҳаррири жиддийроқ қараса бўларди. Умуман, сўз билан ишлаш муттасил изланишни талаб қиладиган соҳа. Яна унинг сарҳадлари кўз илғамас. Шу муҳитдаги ҳар бир йўловчининг сафари хайрли бўлсин.
Яқинда Абдурасул Жумақуловни йўқлаб бордим. Бино зинасига кўтарилаверишда у нари томондан келиб қолди, мен бу томондан бордим: стерелка! Ишчан ҳолатда эди: ким биландир куйиниб телефонда гаплашарди. Учинчи қаватга чиққунча ҳам суҳбат тўхтагани йўқ. Ҳол-аҳвол сўрашдик, «Ҳозир вилоятдан келяпман» деди, толгани билиниб турар, барибир ишга чиқибди.
– Тушлик вақти бўлибди, бир пиёла чой ичиб, гаплашайлик!
– Йўқ, раҳмат. Бошқа сафар…
– Нега? Ахир…
– Иш кўп, ака, – дейди эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
Бундай одамларга фақат «Чарчаманг!» дейиш лозим бўлади. Агар ёрдам бермоқчи бўлсангиз, фақат …газетасига обуна бўлиш, тарғиб қилиш лозим.

Ҳаким САТТОРИЙ