Помидор олмоқчи бўлиб Тошкентнинг катта-ю кичик бозорига кирган киши борки, аввало, олтмиш йил бурун яратилган «Юсупов» навлисини харид қилади. Чунки у мазалилиги билан бошқаларидан кескин фарқланади. Бироқ жорий йил куз арафасида ушбу маҳсулотнинг килоси 2019 йилдагига нисбатан 4-12 минг сўмга қимматлади, аниқроғи, 10-20 минг сўмдан юқори нархда сотилди. Сабаби, ёз жазирамасида помидорлар палакларини иссиқ ургани бўлди, дейиш мумкин.
Қолаверса, сўнгги вақтларда помидорнинг унчалик мазали бўлмаса-да, хорижда яратилган, ўзимизникига нисбатан серҳосил, сифатли, узоқ сақланадиган, экспортбоп навларини экиш деҳқонлар учун фойдали бўлиб қолди. Худди шу сабабли улар кўчат, кимёвий ўғитлар, ҳатто иссиқхонани ёпиш учун зарур полиэтиленларни ҳам четдан сотиб олишмоқда.
Ёки таъми тилни ёрадиган, лалми ерларда ҳам етиштириладиган «Мирамир» тарвузлари анқонинг уруғи бўлиб кетганини қандай тушуниш мумкин? Катта ёшлилар яхши эслашади, бир замонлар уни кўпчилик суйиб истеъмол қиларди. Фақат бу навнинг битта камчилиги бўлган – пўсти юпқалиги туфайли тош босмаган.
Энди ўзингиз ўйланг, картошкадан тортиб, маккажўхоригача барча экинлар уруғини хориждан сотиб олаётган деҳқон четга қарам бўлиб қолмаяптими? Уруғ, минерал ва кимёвий ўғитлар, техникалар харид қилиш, ишчи кучи учун сарфлаган ҳаражатидан ошгани деҳқоннинг даромади ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у иложи борича серҳосил, касалликка чидамли, техникалар ёрдамида ишлов бериладиган навларни экади.
Келинг, энди 1 сотихли иссиқхонада помидор етиштирадиган зироатчи харажатларини хомчўт қилиб кўрайлик. Чет эл уруғидан етиштирилган 300 туп помидор кўчати март ойи бошида 450 минг сўмга, полиэтилен плёнка 1 миллион сўмга, минерал ва кимёвий ўғитлар 200 минг сўмга сотиб олинса, жами 1 миллион 650 минг сўм сарфланади. Табиийки, 1 сотих ердан олинадиган даромад тирикчиликка етмайди. Бунинг учун ўртача 5 сотих ердан фойдаланиш ва 8 миллион 250 минг сўм харажат қилишга тўғри келади. Демак, деҳқон бир мавсумда четга 800 доллар атрофида пул чиқаради.
Хўш, бу маблағларни ўзимизда олиб қолишнинг иложи йўқми?
Иқтисод фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Рустам Ҳасановнинг айтишича, Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси асосий масалалардан бири бўлган. Бу бежиз эмас.
– Юртимизда етарли миқдорда ишлаб чиқарилмайдиган дон, кунгабоқар ёғи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича Россия билан шартномалар имзоланган. Биз ушбу товарларни импорт қилишга мажбурмиз, – дейди Р. Ҳасанов.
Тўғриси, жаннатмонанд ўлкамизда кундалик эҳтиёж учун асқатадиган кунгабоқар ёғи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етарли миқдорда етиштирилмаётгани ачинарли ҳол эмасми?.. Ҳолбуки, баъзи қишлоқ хўжалиги экинларидан бир мавсумда икки-уч мартадан ҳосил кўтарса бўлади. Шунга қарамай, фойда олинмаслиги серҳосил навлар камлигидан далолат беради. Деҳқоннинг сараси сара уруғ экади, деган таомил бўйича иш кўрадиган бўлсак, бу масалада селекция асосий омил саналади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2020 йилга қадар олимларимиз томонидан республикамизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос, ҳосилдор, сифати юқори сабзавот, полиз ва картошка экинларининг 180 дан ортиқ нави ишлаб чиқаришга тавсия этилган. Ўн йилда сабзавотларнинг 39 та, полиз маҳсулотларининг 10 та, картошканинг 6 та янги нави яратилган. Улар нафақат ички, балки ташқи бозор талабларига ҳам тўлиқ жавоб беради.
Хўш, унда бу навлар нега оммалашмаяпти? Қолаверса, хорижнинг ген муҳандислиги ёрдамида етиштирилган маҳсулотлар аҳоли соғлигига зарар етказмаслигига кафолат борми?
Биз муаммонинг долзарблигини назарда тутиб, мутахассис фикри билан қизиқдик.
– Четдан уруғ келтирувчилар маълум маънода бизда селекция ривожланмаслигидан манфаатдор, – дейди Генетик ресурслар илмий-тадқиқот институтининг Андижон илмий-тажриба станцияси директори Саид Тешабоев. – Устига-устак, айни пайтларда соҳага эътиборсизлик туфайли кадрлар қўнимсизлиги кузатиляпти. Тил билган ва изланувчи ёш олимлар чет элда ишлашни афзал кўришяпти, тил билмаганлари эса иложсизликдан ўзимизда илмий изланишлар олиб боришяпти.
Андижон вилоятидаги биргина «Бахт имкон ривожи» фермер хўжалиги 650 гектар ерга чет элдан келтирилган силосбоп маккажўхори донини экиш учун 65 минг доллар пул сарфлайди. Энди бу каби фермерлар республикамиз бўйича қанчалигини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.
АҚШ ҳукумати бозор талабларидан келиб чиқиб, айнан Иккинчи жаҳон уруши тобора авж олаётган 1942-1943 йилларда уруғчиликни ривожлантиришга катта маблағ ажратган. Эътиборлиси, бу қудратли давлат ҳозиргача селекцияни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб келади. Негаки, у энг даромадли соҳалар сирасига киради. Умуман олганда, чет элларда селекция ишлари билан хусусий фирмалар шуғулланади ва уларга давлат томонидан мақсадли грантлар ажратилади.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»



