Улар қандай фойда кўриб, нималарни бой беришмоқда?
Бугун дарсда ўтирар эканман, курсдош дугоналаримни кузатиб, айримлари анча ҳорғин эканликларини сездим. Боисини ўзларидан сўраганимда, ишлаётганликларини айтишди.
Табиийки, талабаларниниг ҳам ўқишни, ҳам ишни бир маромда уддалаши қийин. Аввало, меҳнат билан банд талабалар ҳар доим ҳам дарс қилолмасликлари, энг ачинарлиси, вақтида овқатлана олмасликлари мумкин. Оқибатда аксарияти ошқозон-ичак ва овқат ҳазм қилиш тизими касаллигига ёки камқонлиликка чалинади. Айни чоғда, ўзлари олаётган таълим йўналишида ишлаш уларга соҳани пухтароқ ўрганиши учун яхши имконият бўлиши ҳам маълум.
Хўш, бу борада устозлар қандай фикрда? Улар талабалар ишлашини маъқуллашадими ёки йўқ?
Бу саволларимизга Тошкент давлат техника университетининг «Иссиқлик энергетикаси» кафедраси ассистенти Ислом Дайнововдан қуйидагича жавоб олдик.
– Мен ишлаётган талабаларга кўп дуч келаман. Айримлари емакхоналарда, баъзилари савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилишади. Шу боис бошқа тенгдошларига қараганда камроқ дам олишади, чарчоқ ҳиссини кўпроқ туюшади. Дарсда ухлаб қолиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай пайтларда улар билан самимий суҳбатлашиб, фойдали маслаҳатлар бериб тураман. Бироқ ҳамма оилада шароит бир хил эмас. Айрим талабалар ишлаб, шартнома пулини ўзлари тўлашади. Мен уларни ҳурмат қиламан ва қадрлайман. Имкон қадар, яхши баҳо олишни истасалар, қўшимча топшириқлар бериб, керакли балл йиғишлари учун имкон туғдираман. Лекин дарс қолдиришларини оқламайман. «Аввало, машғулотларга қатнашишни канда қилма, дарсларга вақтида кел. Чунки бу сенинг биринчи галдаги вазифанг. Хоҳласанг, ана ундан кейин ишга бор. Иложи бўлса, ўзинг танлаган соҳа бўйича ишла», деб уқтираман.
Бундай дейишим бежиз эмас. Гап шундаки, ишлаган талаба истайсизми-истамайсизми, асосий вазифасидан чалғиб, сабоқларни яхши ўзлаштиролмайди. Бу эса университетлар тайёрлаётган кадрлар сифатига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам мен талаба, аввало, таълим олиш билан шуғулланишини, агар ишлашга эҳтиёжи бўлса, ўз йўналишида ишлашини хоҳлайман.
Педагогнинг бу гапларидан сўнг ўзим ўқиётган Босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши факультетининг талабалари билан суҳбатлашдим. Жами 68 нафар курсдошимнинг 17 нафари ишлар экан. Улардан бири «Havas Food» маркетида ишлаб, ойига 1 миллион 800 минг сўм маош олар, бу фақат кундалик харажатлари – овқатланиши, кийиниши ва тураржой ижарасига етар, шартнома пулини эса ота-онаси тўлар экан.
– Бир пайтлар мен ҳам талаба бўлганман, – дейди ҳозир жамиятда ўз ўрнига эга юртдошларимиздан бири – тиббиёт ходими Салоҳиддин Давуров. – Танлаган соҳамга қизиқишим кучли бўлгани сабабли амалиёт ўтаётган жойимга ишга кирганман. Шу тариқа ўқишни битиргач, иш қидириш ташвишидан қутулганман. Энди-энди эса айни пухта билим оладиган дастлабки босқичдаёқ ишлаб бекор қилган эканман, деб ҳисоблайман. Ундан кўра, инглиз тилини пухта ўрганмаганимга афсусланаман. Агар шундай қилганимда, хорижда магистратура ёки докторантурада ўқишим, бугунгидан-да кўпроқ тажрибага эга бўлишим мумкин эди. Қандайлигидан қатъи назар, ҳамма нарса ўз вақтида ва ўз ўрнида бўлиши керак. Чунки кейинчалик қизлар турмушга чиққач ёки йигитлар уйлангач, оила ташвишлари кўпаяди. Бундай вазиятда ўқишга имкон тополмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Ёшларимиз буни тўғри тушуниб, кўпроқ ўз устларида ишласалар, касблари сир-асрорларини чуқурроқ ўргансалар, жамият яхши ривожланади.
Мутахассислар хулосасига қараганда, бугун ишлаётган талаба топаётган даромади билан ўз муаммоларини вақтинчалик ҳал этиши мумкин. Аммо фурсат ғаниматида керакли даражада билим олмагани кейинчалик ўз таъсирини кўрсатади. Бас, шундай экан, биз талабалар таълим олиши учун шароит яратиб берайлик. Ишлашга мажбур бўлган тақдирларида ҳам ўз йўналишлари, ўқиётган соҳалари бўйича фаолият юритиши чораларини кўрайлик.
Зеро, жамиятнинг эртанги тараққиёти бугунги ёшларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ.
Мадина Пўлат қизи,
ЎзЖОКУ талабаси



