Шу кунларда қатор халқаро ташкилотлар дунё иқтисодиётидаги мавжуд вазият ва яқин келажакдаги эҳтимолий ҳолатлар ҳақида ўз прогнозларини баён қилмоқда.
Албатта, бир тарафдан пандемиянинг таъсири ҳали-ҳануз давом этаётган, бошқа томондан эса жаҳоннинг турли нуқталарида қуролли можаролар кучайиб, савдо ва инвестиция оқимлари издан чиққан, озиқ-овқат ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммолар янада кескинлашган шароитда рақамларнинг фавқулодда ижобий тарафга ўзгаришини кутиш аслида мантиққа тўғри келмайди. Таҳлиллар ҳам шуни тасдиқламоқда. Масалан, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) дунё иқтисодиётининг 2022-2023-йилларда ўсиши билан боғлиқ прогнозини учинчи бор пасайтирди. Яқинда эълон қилинган хулосага кўра, жорий йилда бу борадаги кўрсаткич 3,2, келгуси йилда эса 2,9 фоизни ташкил этади. Изоҳланишича, прогнозларнинг ўзгаришига бир қатор омиллар, шу жумладан, жаҳонда энергия ва молиявий инқирознинг кучайиши сабаб бўлди. Натижада яқин йилларда глобал иқтисодиётда йўқотишлар триллионлаб долларни ташкил этиши кутилмоқда.
«Умуман олганда, биз 2026 йилгача глобал ишлаб чиқаришдаги йўқотишлар 4 триллион доллар атрофида бўлишини тахмин қиляпмиз. Бу Германия ялпи ички маҳсулотига тенг – жаҳон иқтисодиёти учун эса катта пасайиш. Ва тез орада вазият ўнгланиши ўрнига, ёмонлашади», дейди ХВЖ бош директори Кристалина Георгиева.
К. Георгиева, шунингдек, яқин йилларда қатор иқтисодий силкинишлар хавфини ҳам истисно этмади. Украина билан боғлиқ можаро ва коронавирус пандемияси фонида умумий ноаниқлик янада кучаяди.
Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси Иккинчи қўмитасининг йиғилишида ҳам 2022 йилда жаҳон иқтисодиётидаги вазият сезиларли даражада ёмонлашгани қайд этилди. Гарчи йиллик глобал ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 фоиздан 2,8 фоизгача ўсиши айтилаётган бўлса-да, аслида бу аввалроқ прогноз қилинганидан анча паст кўрсаткичдир.
БМТ Бош котибининг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Ли Цзюньхуа Иккинчи қўмита қарорларини ишлаб чиқишда давлатлар ўртасидаги катта молиявий тафовутни ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади. Чунки кўпгина ривожланаётган мамлакатлар ҳали ҳам пандемия билан курашмоқда, улар юқори инфляция ва иқтисодий таназзулни енгишга ҳаракат қиляпти. Энергия нархларининг тез кўтарилиши эса инқирозни янада мураккаблаштирмоқда.
БМТ Бош котиби ўринбосари айни пайтда 95 миллион одам ўта қашшоқликда яшаётганига эътибор қаратди.
«Ривожланаётган давлатлар, – деди Ли Цзюньхуа, – бир-бирига боғланган ва бир-бирини кучайтирувчи кўплаб инқирозларга дуч келган ҳолда, «қоя ва қийин жой ўртасида қолиб кетди». Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун уларнинг инвестиция эҳтиёжлари сезиларли даражада ортди.
У, шунингдек, илм-фан, технология ва инновациялар одамлар фаровонлигини ошириши мумкинлигини, бироқ ҳозирча кўпчилик интернетга кириш имкониятига эга эмаслигини қўшимча қилди.
«Биз йўналишни ўзгартиришимиз, 2030 йилгача натижаларга эришишимиз ва буни ҳозирдан бошлашимиз керак», деди БМТ Бош котиби ўринбосари.
Иккинчи қўмита йиғилишида сўзга чиққан Чикаго университети профессори, иқтисодиёт фанлари бўйича 2019 йилги Нобель мукофоти совриндори Майкл Кремер инновациялар глобал муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериши мумкинлигини, лекин бунинг учун уларни ривожлантиришга шарт-шароит яратиш кераклигини қайд этди. Олимнинг айтишича, пандемиянинг глобал зарари 36 триллион долларга баҳоланмоқда. Бугун келажакдаги пандемия хавфи ёки у билан боғлиқ зарарни камайтиришга имкон яратадиган инновацияларга сармояни кўпайтириш зарур.
Яна бир фикр шундай бўлмоқдаки, ривожланган мамлакатларнинг пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар дунёни глобал таназзулга ҳамда узоқ давом этадиган турғунликка олиб келиши мумкин. Бу эса 2008 йилдаги молиявий инқироз ва 2020 йилдаги COVID-19 пандемиясидан кўра кўпроқ зиён етказади. БМТнинг Савдо-сотиқ ва ривожланиш бўйича конференцияси (UNCTAD) йиллик ҳисоботи муаллифлари айнан шундай хулосага келишди. Улар 2022 йилда глобал иқтисодий ўсиш 2,5 фоиз, 2023 йилда эса 2,2 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда. Натижада келгуси йил охиригача реал ялпи ички маҳсулот пандемиядан олдинги даражадан паст бўлади ва жами дефицит 17 триллион доллардан ошади. Бу глобал даромаднинг қарийб 20 фоизи деганидир.
Умуман, глобал молиявий инқироз билан солиштирганда, CОVID-19 дан кейинги тикланиш жараёнида инфляция кўпроқ бўлди. Ривожланган мамлакатларда бу асосан товарлар нархининг кўтарилиши, айниқса, энергия ва таъминот занжиридаги муаммоларда кўзга ташланган бўлса, ривожланаётган давлатларда миллий валютанинг қадрсизланиши ва импорт нархининг ошиши билан ҳаётий ифодасини топди.
Хўш, Ўзбекистон билан боғлиқ иқтисодий прогнозлар қандай? Албатта, бу ҳаммамиз учун қизиқ ва муҳим. Айтиш жоизки, Жаҳон банки 2022 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 5,3, 2023 йилда эса 4,9 фоиз бўлишини тахмин қилмоқда.
Товар экспорти тушумларининг ошиши ва давлат инвестицияларининг секин сарфланиши бюджет тақчиллигини 2021 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6,2 фоизидан 2022 йилда 4,4 фоизгача камайтиради. Шу билан бирга, тақчиллик 2022 йилга мўлжалланган 3 фоизлик бюджетдан юқори бўлади. Сабаби, давлатнинг ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмани ривожлантиришга харажатлари кўпаяди.
2023 йилга мўлжалланган фискал консолидация кечиктирилиши кутилмоқда. Чунки озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва Украинадаги уруш оқибатларини юмшатиш муносабати билан мақсадли ижтимоий ҳимоя кучайтирилмоқда. Қолаверса, иқтисодиётнинг юксалиши ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларининг кенгайиши натижасида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 2023 йилда 14,5, 2024 йилда 12,2 фоизга пасайиши таъкидланмоқда.
Ҳукумат ўзининг қарз олиш лимитларига риоя қилишни давом эттириши кутилмоқда. Шундай қилиб, 2024 йил охиригача давлат қарзи ва умумий ташқи қарз ЯИМнинг мос равишда 32 ва 55 фоизигача босқичма-босқич пасаяди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Олий Мажлис Сенатининг 29-ялпи мажлисида сенаторлар «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқиб, маъқуллаганди. Бунда кўрсаткичнинг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиз этиб белгиланиши кўзда тутилган. Давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин. Уни самарали бошқариш учун эса уч йиллик стратегия ишлаб чиқилади.
Жаҳон банки хулосаларига оид яна бир аҳамиятли жиҳати, минтақавий прогнозларнинг ноаниқлигига қарамай, 2022 йилнинг биринчи ярмида халқаро пул ўтказмалари, экспорт ва инвестициялар ҳисобига ЯИМ 5,4 фоизга ўсди. Иккинчи чоракда реал иш ҳақи ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6 фоиздан кўпроққа ошди. Шу билан бирга, қурилиш ва қишлоқ хўжалигидаги барқарор ўсиш қисман саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсишнинг секинлашувини қоплади. Инвестициялар ва экспорт ҳажмида ортиш кузатилди.
Бундай ижобий рақамларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Энг муҳими, иқтисодий сиёсатда халқаро рисклар ва юзага келиши мумкин бўлган хатарлар доимий ўрганилиб, тегишли чоралар кўриляпти. Асосий мақсад, глобал миқёсдаги иқтисодий силкинишларнинг аҳоли даромадлари ва фаровонлигига салбий таъсирини камайтиришдир. Яъни бош омил – инсон манфаатларини таъминлаш.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз билан боғлиқ эълон қилинаётган прогнозлар бугунги олиб борилаётган сиёсат, танланган йўл нақадар тўғри ва ишончли эканининг халқаро миқёсдаги яна бир тасдиғи бўлиб хизмат қилмоқда.
Шавкат ОРТИҚОВ,
журналист



