«Шеърият ибтидо, шеърият охир…» Рауф Парфи шеъриятига чизгилар

152

Тузумлар, давлатлар, жамиятлар ўзгарса-да, 60-йиллар авлодининг асарлари ҳамон севиб ўқилмоқда, ўрганилмоқда. Ижод маҳсулига берилган энг катта баҳо, аслида, шу – асрлару авлодлар синовига бардош беришдир.

Рауф Парфи шеърияти ҳақида жуда кўп диссертациялар, тадқиқотлар, мақолалар ёзилди ва ёзилмоқда. Чунки шоир поэзияси нафақат ўзбек, балки туркий халқларнинг бадиий тафаккур оламида жуда улкан ҳодисадир. А.Мухтор, Н.Раҳимжонов, И.Ҳаққул, Х.Даврон, У.Азим, И.Ғани, Р.Раҳмат, К.Баҳриев, О.Тўлабоев каби ўнлаб шоир, журналист ва олимлар унинг ижодини турли ракурслардан туриб ўрганганлар. У ҳақда журналист ва ижодкор К.Баҳриев (Абдулкарим Баҳриддин) шундай ёзади: «Рауф Парфи шеъриятининг бош мавзуи – Инсон, Ватан, Туркистон, Туркий дунёнинг воҳидлиги. Шоир бир умр ўзининг жонбахш мавзуларига содиқ, эътиқодига собит умргузаронлик қилди. Мўмин банда эди – бевафоларга ҳам вафо қилди, фақат иймонини сотмади. У ХХ аср одамининг беҳад кескин фоже руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга қарор этган ва муродига етган жасоратли шоирдир».
Рауф Парфи учун шоирлик ТИРИКЧИЛИК ЭМАС, балки ТИРИКЛИКдир, Борлик ва Йўқлик, Аввал ва Охирдир!
Шеърият ибтидо, шеърият охир…
деб ёзади шоир сўнгги шеърларидан бирида.
Шеърга, Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балки яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошию ёр-биродарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унчалик ҳам кўп учрамайди. Шуларни ўйлаганда маърифатли ўқувчи хаёлига «лоп» этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ (маънолар оламида), ҳам девона Машраб келиши табиий. Кейин хаёл унда – Рауф Парфида тўхтайди. Бу бежиз эмас. Чунки замондош шоир ҳам худди салаф шоир каби дунёга кўнглини бермай яшаб ўтган камсонли ижодкорлар сирасига киради.
Рауф Парфи самимий шоир эди. Шахсий ҳаётининг эътиборли жиҳатларини, ўзигагина эмас, ўзгага ҳам қизиқарли бўлиши мумкин бўлган пичоққа илингулик неки қирраси бор, – агарки, улар аввало, шоир қалбидан ўтган, уни ларзага солган эса, – ҳамма-ҳаммасини сўзга ишониб топширгувчи эди:
Мени таъқиб қилар шоир деган ном,
Чиқмаган шеъримга садақа олдим.
Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,
Неки ундан ўтди, Худога солдим…
Мана, энди Рауф Парфи уни яқиндан таниган кишиларга ҳам янада таниш, янада тушунарли туюлган бўлса, ажаб эмас. Чунки шоирни бутун умр Илҳом, Сўз, Шеър, Ҳақпарастлик, Гўзаллик… таъқиб этди ва уни ўз ҳолига қўймади: шахсий ҳаётини, кундалик турмушини, бир эркак, бир ота, бир инсон сифатидаги фароғатини маҳв этди. Лекин шоир – бу дунёдаги энг ҳассос, энг тез яраланувчи қалб эгаси бўлган санъаткор – ўзи йўқотган неъматларга ҳамиша эҳтиёж сезиб яшади ва уларни ўзгалардан қидириб чирпинди. Бунга муқобил равишда шоирни Сўз таъқиб қилишдан чарчамади. Натижада Рауф Парфининг шахсий ҳаётида топиш билан топилганни тинимсиз йўқотиш алмашиб келаверди:
Сўз мени таъқиб қилар
Чирқиратиб ўйиб кўксимни…
Шоир кўксини чирқиратиб ўйган сўз баъзида унинг бошини силайди, руҳини иситади ҳам:
Сўзнинг гулханида руҳим исинди…
Яхшилик ва ёмонлик, вафо ва жафо, ёруғлик ва қоронғилик… Рауф Парфи ҳаётида навбатма навбат келиб турганидек, Сўзнинг завқи ва жабри ҳам тахминан шунга яқин бўлган: у гоҳ ҳеч тузалмайдиган ярага айланиб, шоирга чексиз азоб берган:
Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар,
Ундан-да сўрайман, Шеърият надир?!
Лаззатга ғарқ ботиб, кунга қарайман,
Ҳеч тузалмас Яра, у Сўздир ахир…
Эҳтимол, яқин йигирма-ўттиз йил берисида ҳеч қайси шоир сўзга бунчалар аҳамият бермагандир, ҳаёти мазмунини, тириклиги маънисини Илоҳий каломга боғлаб, уни шунчалар илҳақлик билан кутмагандир, ниҳоятида ўзини унга – Сўзга лойиқ топмай, адоқсиз қийноқлар исканжасида адолар бўлмагандир:
Улар Ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?..
Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб.
Итдек изғидим мен. Мен энди кетай.
Деворга бошимни уриб бўзладим,
Аллоҳга сиғиниб, бўзлаб сўзладим…
Сўзга, ёрга, майга, санъатга, ҳақпарастликка… мана шу янглиғ мубталолик бора-бора кишини дунёнинг икир-чикирларидан, ҳеч қачон тугамайдиган-битмайдиган ғийбату фитналаридан, оғриқларидан, озорли юмушларидан, борингки, дунёнинг ўзидан ҳам совутиб олади. Кўнгил ва Дунё ўртасига ўтиб бўлмас девор тиклайди, кечиб бўлмас чоҳ қазийди. Дарҳақиқат, ёр васлига зор ошиқнинг бутун фикру ёди ёр дийдорида бўлиши баробарида, бундан бошқа ҳамма нарсалар унинг учун ҳаромдир. Не ажабки, Рауф Парфи деб аталмиш шоир сиймосида юқорида саналганларнинг барчаси жамулжам бўлган каби туюлади: у ҳам сўзга – санъатга, ҳам май ва ёрга, ҳам Оллоҳга ошиқ эди. Эҳтимол, айнан шу сабабдан ҳам нозик қалбли шоирнинг юрагига қўл билан ушлаш мумкин бўлган дунёнинг ялтироқ матоҳини барпо қилиш ғарази сиғмагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам донғи дунёга кетган машҳур шоир бўлишига қарамай, ўз шахсий ҳаёти, кундалик турмуши устида жиддийроқ бош қотиришга ҳам ҳоли келмагандир… Ахир, биргина ёрга ё санъатга ошиқликнинг нима эканини маъно аҳли озми-кўпми билади, лекин буларнинг ҳаммаси бир жойга – бир инсон қалбига тўплансалар, бунинг нима ва қандай куч эканини тасаввур этишнинг ўзи мушкул. Ватан ишқи, ҳақиқат ташналиги, ёр савдоси, санъат ва сўзга муҳаббат… буларнинг барчаси Рауф Парфи бир умр ўз шеърларида тараннум этиб келган ўзак ва муқаддас мавзуларким, шоир феномени моҳиятини ҳам айни шу манзиллардан қидирмоқ жоиз. Эҳтимол, мавзуларнинг ҳаммаси шоирнинг биргина Оллоҳга бўлган муҳаббати – ягона ишқининг турли-туман тажаллисидир.
Рауф Парфи шеъриятини такрор-такрор ўқиб, шунга амин бўлиш мумкинки, шоир ҳуда-беҳуда нарсалар тўғрисида иложи борича ёзмасликка ҳаракат қилган. У шундай мавзуларни қаламга олганки, чуқурроқ мушоҳада этилса, аксарияти одамнинг инсонлик тарафига дахлдор бўлиб, руҳоний маърифатни уйғотишга қаратилгандир. Шунда бирдан «лоп» этиб бир фикр хаёлингизни чулғаб олади: атрофингизни куну тун ўраб турган ва ҳамиша мулоқотда бўлиб юрганингиз одамлар ҳали фақат одамлар экан ҳамда бунга сизнинг ўзингиз ҳам дохил экансиз. Шоир эса одамларнинг одамлигича (индивидлигича!) қолиб кетишини истамайди. Уларнинг инсон (шахс!) даражасига ўсиб чиқишини, инсон бўлишини жуда катта куч билан хоҳлайди, шунга эҳтиёж туяди. Шунинг учун ҳам очиқ кўзлар билан ухлаб юрган одамларга ўз шеър­ларидан камон ясаб, ўқ-найза отади, токи уйғониш ҳодисаси содир бўлсин, одам Инсонга айлансин!
Инсонлик фитрати уйғонгунча то
Ич, ҳақнинг қонини юҳо жомида.
Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий нур,
Абад қолиб кетмас ваҳшат домида!
Аллоҳ одамни одам қилиб яратиб, унинг фитратига инсонлик уруғини сепди ва шу ерда ишни якунлади. Бундан буёғи эса, аввало, ота- онага, жамиятга ва ниҳоят, одамнинг ўзига ҳавола этилди. Ота-она, жамият ва одамнинг саъй-ҳаракатлари билан одам Инсонга айланиши мумкин. Буни ғарбда илмий истилоҳ билан индивид ва шахс деб аташади. Ҳар қандай одам индивид, лекин ҳар қандай индивид шахс эмас, дейди улар.
Демак, одамийзод ҳали ўз орзусига эришгани йўқ. Ҳали унинг онг­­ли, улғайган ҳаёти энди-энди бошланиб келаётир. Буни тушуниб етиш ва ҳар бир одам (индивид) Буюк Уйғонишга, аввало, ўзини ўзи уйғотиб, кейин ўзгаларнинг уйғонишига ёрдам бериб ўз ҳиссасини қўшмоғи жудаям муҳим. Р.Парфининг устози буюк Чўлпон айтганидек, ўзгаларни уйғотиш уйғонганларнинг вазифасидир. Зеро, шоирнинг ўзи барчага юзланиб умид билан мурожаат қилади:
Қачон уйғонадир халоскор Даҳо?
Бир жаҳон қуёшга чулғаниб келур!..
Бундай халаскор Даҳо ҳар бир мурғак гўдак бағрида ухлаб ётган бўлиши мумкин. Даҳо ҳақидаги орзу бир уруғдирким, башар аҳли шу уруғнинг ўсиб чиқиши учун ақл, кўнгил ва ҳаёт тарзи иқлимини муносиб этмоғи лозим. Зотан, миллатнинг, инсониятнинг уйғоқлиги барчанинг уйғонишидан бошланади.
Рауф Парфидек шоирлар ижоди – ҳали тўлиқ забт этилмаган чўққи. Унинг ўқувчилари анчадан буён асосан фақат зиёли қатлам – адабиётга у ёки бу даражада алоқаси бўлган хос кишилардир. Кўпчиликнинг Р.Парфи шеъриятини тушуниб қабул қилиши учун унинг ана шу оз сонли зиёли босиб ўтган машаққатли йўлни босиб ўтиши шарт бўлади. Шундагина Р.Парфи ҳам кўпчилик ўқиб уқиши мумкин бўлган шоирга айланар. Шу ўринда унинг Ватан ҳақидаги «Мил каби тортарман сени кўзимга» деган мисрасини таҳлилга тортиб кўрамиз.
Ватан, шубҳасиз, муқаддас тушунча. Ким бўлишидан қатъи назар, бир киши манфаати йўлида Ватанни ҳар кўйга солиш гуноҳи азим бўлганидек, Ватанни ниқоб қилиб олиб, бир инсон ҳақ-ҳуқуқларини паймол этиш ҳам шундай номақбул иш. Яъни Ватаннинг муқаддаслиги унда яшовчилар билан, хусусан, унга бўлган чексиз муҳаббат туфайли Ватанни кўзларига мил каби тортиб яшашга-да тайёр рауф парфилар билан қоим.
Мил каби тортарман сени кўзимга.
Кўзга мил тортиш – жазо усулларида бири. Уни ҳеч ким ўз кўзига тортмаган, балки жазоланувчига мажбуран мил тортилган. Шоир эса ихтиёрий равишда уни ўз кўзларига тортмоқчи, демак, шу йўсинда ўзига ўзи жазо бермоқчи. Хўш, нега? Чунки у «Она тилнинг Она сўзига занжирбанд». Бундай занжирсиз бандлик, одатда, кўнгил орқали бўлади. Кўнгил орқали боғланиш эса муҳаббат саналади. Чин муҳаббат эгаси учун ишқ йўлидаги изтироб – роҳат. Мажнунни Каъбага келтиришиб, ишқдан фориғ эт дея Худога ёлбор, дейишганда у бунинг тескарисини айтиб илтижо қилади.
Демонки мени тарабга хос эт,
Ёки ғами ишқдан халос эт!
Дерманки, манга бу ўтни ҳар дам
Афзун қилу қилма заррае кам.
Чек, айнима ишқ тўтиёсин,
Ур қалбима ишқ кимиёсин…
Атрофдагилар – Мажнуннинг ҳақиқий ҳолидан ғофиллар ва уни тушунишга қодир бўлмаганлар учун йигитнинг ўз жонига азоб, балки ҳатто ҳалокат тилаши телбалик аломати бўлиб туюлади. Лекин Мажнун учун эса…
Мил каби тортармен сени кўзимга.
Мажнун ана шу илоҳий лаҳзаларда Лайли ишқини нафақат кўзига, балки жонига жон деб тортган ва бундан мислсиз ором олган эди.
Рауф Парфи учун ёр эмас, балки Ватан ана шу даражадаги – Мажнун учун Лайли мақомидаги муқаддас борлиқ. Ахир, бу нарса ўзининг реал асосига эга: шоирнинг ёши, ёш билан боғлиқ эҳтиёжининг исми Мажнунникидан фарқ қилади. Бироқ кўнгилнинг арзигулик оламга ўзини қурбон этиш – унинг бағрига сингиш эҳтиёжи бир хил. Ҳадаф Мажнунда ёр бўлса, Рауф Парфида – Ватан. (Буларнинг алалоқибатда Аллоҳга бориб боғланиши – алоҳида мавзу).
Мил тортилган одамнинг кўзига энди дунёдан, дунёвийликдан ҳеч нарса сиғмайди. Чунки уларни мил тўлдирган. Рауф Парфи кўзига мил тортмоқчи эмас, балки мил каби Ватанни тортмоқчи. Демак, у кўзларини Ватан билан тўлиқ бўлишини истайди. Демак, шоир кўнглига тушиб, унинг эҳтиёжи билан яшаш имконига эга бўлмоқда. Кўз кўнгил ойнаси экан, кўринадики, кўзда акс этган оламнинг асли кўнгилда мавжуд.
Хулоса шуки, Р.Парфининг бу мисраси ҳаёт ҳақиқатига, унинг яшовчан, эзгу мазмунига тўла мос келади. Қолаверса, ҳаёт ҳақиқати билан мувозий (параллел) равишда бадиий ҳақиқат ҳам борки, уни тан олмаслик, тушуниб ардоқламаслик, ниҳоят, ҳимоя этмаслик санъату адабиётни маҳв этади.
Ҳар қандай ибтидо интиҳони, ҳар қандай туғилиш ўлимни тақозо қилади. Одамзод буни яхши билади, билгани боис ҳам улар орасидан тийрак ақлга, ўткир қалб кўзига эга бўлганлари Бошланиш ва Якунланиш оралиғини муносиб босиб ўтишга интилади. Мазкур интилиш эса Инсон зиммасига қатор Вазифаларни юклайди. Рауф Парфи ўз чекига тушган Вазифани бутун масъулиятию шарафи билан идрок этган том маънодаги Жасоратли Шоир эди. Ҳайбаракаллачилик авж олган, адабиёт-санъат олқиш ва мақтовлар майдонига айлантирилган бир пайтда Рауф Парфи Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон каби ­шоирлар билан бир сафда туриб, 60 – йилларда шеъриятга Улкан Мунгни олиб кирди, санъат орқали одамларга овоз чиқариб йиғлаш, қайғу ва дардни ошкора яшаб ўтиш имконини қайтариб берди. Ва энг муҳими, Чўлпон жуда гўзал пардаларда бошлаб берган ХХ аср ўзбек шеъриятини Рауф Парфи сафдошлари билан бирга юксак санъат нуқтаи назаридан энг баланд чўққиларга олиб чиқди.
Рауф Парфи бир шоир сифатида ўз зиммасига Тарих юклаган, Кишилик жамияти юклаган, Бурч ва Виждон юклаган, Ижтимоий сиёсий маданий Вазият юклаган, Миллий ғурур юклаган, борингки, бутун Инсоният тақдири учун қайғуриш Ҳисси юклаган улкан Вазифани шараф билан адо эта олди. Шунинг учун ҳам умр шами сўниш олдидан яна сўз билан сингради: «Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…» .
Бу курашлар майдонини, оғриқлар, азоблар бағри – бебақо дунёни ташлаб қочиш эмас эди, асло! Балки, бу – ўз қисмати чегараларини вақтида нозик илғаган фаросатли улуғ Инсоннинг ўзга ўлчамли оламга жасорат билан талпиниши эди.

Улуғбек ҲАМДАМ,
филология фанлари доктори,
профессор