Хатларда ҳаёт акси

80

Ҳаёт – гўзал. Айни вақтда – мураккаб ҳам. Кимдир унинг оқ, кимдир қора томонларини кўради, кимдир эса… ҳеч ким илғамаган жиҳатларига назар ташлайди.
Лекин синчиклаб назар ташлаган борки, ютуқлар қаторида бис­ёр камчиликлар ҳам борлигини илғайди. Бу унга тинчлик бермайди, тезроқ барҳам топишини истайди. Ўйлаб туриб қоғозга туширади ва умид билан халқ минбари бўлган оммавий ахборот воситаларига йўллайди.
Таҳририятга келаётган хатларни ўқиб, кўнгилдан шундай ўйлар ўтади. Қуйида уларнинг айримлари билан танишасиз…

 

ТИЛИМИЗ БОЙ ВА ЧИРОЙЛИ, АММО…

Ҳар йили мамлакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана кенг нишонланади. Тил, унинг аҳамияти, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида матбуотда кўплаб чиқишлар қилинади. Муаммолар ҳам кўтарилади. Шу ўринда мени қийнаб келаётган бир мулоҳаза борки, бу кўпроқ давлат тилини амалиётда қўллаш, ёшларга таълим бериш, тил ва алифбо, умумий саводхонлик каби жараёнларда яққол кўзга ташланади.
Мадомики, ўзбек тили давлат тили экан, қонунлару номлардан тортиб реклама ва эълонларгача шу тилда олиб борилиши лозим. Лекин амалда-чи? Муассасалар, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари номлари аксари ҳолларда чет тилларда ёзилади. Реклама ва эълонлар борасида ҳам, афсуски, шундай. Тегишли мутасаддилар наҳотки бу ҳолатни кўрмаётган, билмаётган бўлишса?
Яна бир муаммо ёшларимизга давлат тилини ўқитиш билан боғлиқ. Қувонарли жиҳатлар кўп. Мамлакатимизда кейинги йилларда тил ва адабиётга, бадиий ижод йўналишига ихтисос­лашган мактаблар кўпайди. Шу йўналишларда олий ўқув юртлари фаолият юритмоқда. Лекин ўрта умумтаълим мактабларида аҳвол биз ўйлаганчалик эмас. Тўғри, мактабларда тил ўқитиш, унинг қоидаларини болаларга англатиш осон иш эмас. Аммо яна бир масала, мактабларда ўқувчиларнинг ёзиш услуби ва оғзаки нутқини шакллантиришга, ривожлантиришга алоҳида эътибор керак. Шу билан бирга, мактаб­ларда, олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиётидан ҳам ёзма, ҳам оғзаки тарзда давлат имтиҳонлари жорий қилиниши дарак.
Хорижий тилларга ихтисослашган махсус мактаблар ва Президент мактабларида чет тиллар мукаммал ўқитилмоқда. Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, бундай мактаблар ўқувчилари ҳам хорижий тилларни, ҳам бошқа фанларни яхши ўзлаштирмоқда. Бундан англашиладики, таълимда яхши услубларни қўллаб, ҳар қандай мураккаб тилни ҳам болаларимизга ўргатиш мумкин.
Хўш, у ҳолда нега ўзбек тилини, давлат тилини ўқувчиларимизга ўргатишда бошқа тилларни ўргатишдаги каби илғор усулларни қўлламаяпмиз. Ахир ҳар бир мамлакатда, халқда тил ўргатиш, энг аввало, миллат тилидан, давлат тилидан бошланиши бирламчи вазифа эмасми?
Тил миллатнинг руҳи, жони, шаъни, унинг борлиги ва бойлигини намоён қилувчи восита. Шундай экан, тилимизнинг қудратини, шаънини оширишимиз, унга эҳтиром билан муносабатда бўлишимиз керак. Уни янада ривожлантириш, юксалтириш учун интилишимиз зарур.
Сўнгги йилларда «Ishonch» газетаси долзарб мавзулардаги танқидий-таҳлилий чиқиш­лари билан халқимизнинг эътиборини қозониб келмоқда. Таҳририят мазкур мавзудаги мақолаларга ҳам газета саҳифаларидан кенг ўрин ажратса, бениҳоя миннатдор бўлар эдик.

Шуҳрат МАМАСОДИҚОВ,
Пахтакор туманидаги 7-умумтаълим
мактаби директорининг маънавий-маърифий
ишлар бўйича ўринбосари

«МЕНИ КЕЧИРИНГ, МУАЛЛИМ»

Синф раҳбари олдига Абдулланинг онаси шанғиллаганча кириб келди. «Сен қандай ўқитувчисан? нега ўғлимни дарс тайёрламадинг, фанларни ўзлаштирмаяпсан, деб дарсдан сўнг олиб қоляпсан?» дея мактабни бошига кўтарди. Ўқитувчи ҳар қанча тушунтиришга ҳаракат қилмасин, фойдаси бўлмади.
Орадан йиллар ўтди. Мактабни битирган ўғил-қизлар бирин-кетин олий ўқув юртларини тамомлаб, турли идора ва ташкилотларда фаолият кўрсата бошлашди. Собиқ ўқувчилари уни йўқлаб келганида, ўз ютуқлари ҳақида сўзлаб берганида муаллима чин дилдан хурсанд бўларди. Муаммолари ҳақида гапиришса, ёрдам беришга астойдил интиларди. «Фалон идора деяпсанми, раҳбарини ўзим ўқитганман», дея орага тушиб, кўп масалаларни ҳал қиларди. Ота-оналар ҳам ундан мамнун эди. «Ўғлингиз Элмурод», «Қизингиз Гулруҳ» деб гапирсалар, муаллима ўзини ўн ёшга яшаргандек сезарди.
Шундай кунларнинг бирида Абдулланинг онаси муаллимани яна йўқлаб келди. Фақат бу сафар бақир-чақир қилмади, балки пиқ-пиқ йиғлаганча бош эгиб қолди.
– Абдулла менинг айтганимни қилмаяпти, уч-тўрт кунлаб уйга келмайди, – деди. – Менинг ва отасининг панд-насиҳатларини писанд қилмай қўйди. Илтимос, унга ўзингиз гапириб қўйсангиз. Ўшанда бекор дилингизни оғритган эканман. Сизнинг айтганингизни қилганимизда ўғлимиз тенгқурлари каби бирор касбнинг этагини тутган бўлармиди?..
Муаллима Абдуллани қандай йўлга солиш ҳақида бироз ўйга толди. У аслида ёмон бола эмасди. Ота-онаси ёлғиз фарзанд деб ҳаддан зиёд эркалатиб юборишди, «Ўқиб дунёни олармидинг, ана, ўқиганларнинг аҳволи!» деб ёшлик завқини суришга ундашди. Мана, оқибати.
«Ҳали ҳам кеч эмас, – ўйлади устоз. – Шу шогирдимнинг ҳаёти издан чиқса, ўзимни айбдор ҳис қиламан». Абдуллани уйига таклиф қилди. Соғлиғидан баҳона қилиб, рўзғор ишларида озгина қарашиб юборишини сўради. Шу баҳона унинг уқувини, қўлидан нималар келишини синовдан ўтказди. Ҳар келганида турли ривоятлар айтиб берди. Ҳаёт қийинчиликлари, ёшлик бир зумда ўтиб кетишини тушунтирди. Абдулла устозининг йўриғига юра бошлагач, шогирдларидан бирининг идорасига ишга жойлади.
Яқинда Абдулланинг онаси яна келди. Кўзида қувонч ёшлари.
– Неварали бўлдингиз, – деди у. – Бешик тўйига ўзингиз бош бўласиз энди.
Муаллима ўзида йўқ хурсанд. Ҳа, ўқитувчилик шунчаки дарс ўтиш эмас. У болаларни севиши, ҳаётга йўналтириши лозим. Шундагина устоз деган ном шараф гултожисига айланади. Муаллимни писанд қилмаганлар, фарзандининг ёнини олганлар эртага аттанг, деб қолишлари ҳеч гап эмаслигини эса ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Қурбонбика ЎРОЗМЕТОВА,
фахрий педагог
Урганч шаҳри

УЛАРНИ АСРАЙЛИК, АЗИЗЛАР!

Ҳарбий хизматдалик пайтимда отам оламдан ўтди. Афсуски, падаримнинг хизматини қилиш, беморликларида суянчиқ бўлиш насиб этмади. Бу менга бир умрлик армон бўлиб қолди.
Ўйлаб қоламан. Ота-онамиз учун нима қиляпмиз? Улар бизни бир парча этлигимиздан тарбиялашди. Емай едириб, киймай кийдиришди. Аксарият хонадонларда момо-буваларимиз кун бўйи этак-этак невараларга «боғча опа» вазифасини бажариб, фарзандлари оғирини енгил қилишмоқда. Биз эса бунга кўникиб қолдик ва ҳатто уларни қийнаб қўяётганимизни сезмаяпмиз ҳам.
Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг туман ёнғин хавфсизлиги қисмида ишлайдиган укам Суюнбой полвоннинг қуйидаги ҳикояси ҳам, ўйлайманки, сизни бефарқ қолдирмайди:
– Бир куни қўнғироқ қилиб, уйда ёнғин чиққанини хабар беришди. Зудлик билан етиб бориб, оловни ўчирдик. Иш жараёнида уйнинг томидаги чумчуқ уясига кўзимиз тушди. У ерда она чумчуқ полапонларини қанотлари остига олганча жизғанак бўлиб куйиб ётарди. Ёнғин пайтида у ҳеч қаёққа учиб кетмай, болаларини шу тариқа ҳимоя қилган эди. Унинг полапонларига бўлган муҳаббати барчамизни ҳайратга солди. Оналар фарзандлари учун жонини ҳам, ҳузур-ҳаловатини ҳам фидо қилишини шу оддий чумчуқ ҳам бизга намоён қилган эди.
Укамнинг гапларидан юрагим зирқираб кетди. Ота-онамизнинг рўшнолик кўришга, кексалик гаштини суришга, муносиб ҳордиқ чиқаришга ҳақи бор. Уларни асрайлик, азизлар!

Тўрамурод АРЗИЕВ
Чироқчи тумани

«ҚЎЛ ҲАҚИДАН ҚИСИНМАЙМИЗ»

Юмуш билан пойтахтга боргандим. Қайтишда бир онахон билан йўлдош бўлдик. Суҳбат йўлнинг танобини тортади-да. Ўғлини Тошкентга, докторларга кўрсатишга олиб келган экан. Юрагида шовқини (шуми) бор эмиш.
– Хасталикни аниқлаш мақсадида шифокорлар ўғлимни аппаратларга солишганида бир марта юз минг сўм тўлов қилдик, – дея тилга кирди ҳамроҳим. – Аҳволимизни ҳисобга олиб, қолган текширувларга пул тўлатишмади. Барака топишсин! Ўғлимга қараган барака топкурнинг чўнтагига «қўл ҳақи» деб рози-ризолик билан арзимас пул солиб қўйгандим, «Бундай қилманг, хизматим учун давлат катта маош тўлайди» деб қайтариб берди.
Бироқ онахон вилоят шифокорларидан нолигандай бўлди. Уйда бир ҳафта ўғлининг ҳарорати 39-40 даражадан тушмабди. Қўрққанидан Гулистонга олиб келибди. Она-бола бир неча шифохонага борибди. 7 яшар ўғлини ҳар аппаратга солганида пул тўлатишибди. Оиладан орттириб олиб келган 2 миллион пулидан 1 ярим миллионини харажат қилибди.
– Бунга ҳам рози эдик. Бироқ шифокорларнинг чўнтагимизга бир нарса солиб қўйинг, дея кўзларини лўқ қилиб туришлари ҳаммасидан ошиб тушди. Бемор соғайса, ҳар қандай ўзбек «қўл ҳақи» беришдан қисинмайди, – дейди онахон. – Лекин ўғлимга аниқ ташхис қўя олмай охири Тошкентга йўлланма беришди.
– Тегишли жойларга мурожаат қилмадингизми? – дея гап олмоқчи бўламан.
– Менинг югуриб юришга вақтим борми? Қолаверса, тамагирлик қилганини исботлаш керак. Олмадим, деб тураверади-да!
Коррупция ҳолатлари сабабидан қармоққа тушаётган порахўрлар ҳақида телевидение ва ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарлар беихтиёр хаёлдан ўтади. Лекин негадир коррупцияга қарши курашадиган ташкилотлар уларни ушлаб, эл олдида шарманда қилаётган бўлишса-да, порахўрлик камаймаяпти. Орамизда Аллоҳдан ҳам, қонунлардан ҳам қўрқмайдиган нафс бандалари пайдо бўлмоқда. Улар нега пора олишдан қўрқишмаяпти? Ё қонунларимиз таъсирчанлиги етарли даражада эмасми? Берилаётган жазо жиноятга яраша бўлмаяптими? Саволлар кўп, жавоб эса… Қолаверса, миллатдошларимизнинг бу борада бепарволиги ҳам порахўрлик илдизига сув қуяётгандек.
Онахон мақолада исм-шарифини ёзишимизни истамади. Тошкентлик шифокорлар дори-дармон ёзиб берибди. Ўғли соғайиб қолганидан бениҳоя хурсанд…

Муҳаммадали АҲМЕДОВ

 

ҚЎШИМЧА ҚАТНОВ ТАШКИЛ ЭТИЛСА…

Самарқанд шаҳри аҳли бир миллионлик нуфус давони сари дадил илгарилаб бормоқда. Кўҳна ва навқирон кентга келаётган сайёҳлар сони ҳам ўтган йилга қараганда, бир неча баробарга ошди. Бу ­масканга интилувчилар салмоғи кун сайин ўсмоқда.
Таассуфки, шаҳар жамоат транспортидаги ҳолат бугунги кун талабларидан ортда қолаяпти. Автобуслардаги ур-йиқит етмаганидек, баъзи йўналишлардаги бошбошдоқликдан эсинг оғади. Соҳа мутасаддиларининг тан олишларича, шаҳардаги 60 та йўловчи ташиш йўналишининг 21 таси ўз сарф-харажатларини қопламагани учун ёпилган. Бу ҳолатнинг ўзиёқ фуқароларнинг жамоат транспорти масаласида катта муаммоларга дуч келаётганлигидан далолатдир.
Тўғриси, айрим йўналишларда эрталаб ва кечки пайтлардагина автобус кутаётган тумонат одамга дуч келиш мумкин. Баъзи йўналишдаги автобуслар бўм-бўш, одам кутаётган бўлади. Ана шундай пайтларда фуқаролар гавжум йўналишларга қўшимча транспортлар қатновини ташкил этиш нега мумкин эмас. Шаҳарда автобус бекатларида транспорт воситаларининг қатнов жадвали бўлса-да, унга риоя қиладиганлар кам. Соат 20:00 дан сўнг автобуснинг қораси кўринмай қолади . Назаримда, шаҳардаги жамоат транспорти ҳаракати обдон ўйлаб мувофиқлаштирилиши керак.

Шароф АЪЗАМОВ
Самарқанд шаҳри

ТАҲРИРИЯТДАН
Азиз муштарийлар! Газета бу – минбар. Сиз ўзингизни таъсирлантирган эзгу ишларни кўпчилик билан баҳам кўрмоқчимисиз, шу билан бирга, бугунги ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган баъзи муаммоларга ечим ахтаряпсизми, ҳеч иккиланмай газетамизга юборишингиз мумкин. Таҳририят газета саҳифаларидан уларга жой ажратишга ҳамиша тайёр!