Биз баъзи ёшларнинг муомаласи қўполлигидан, одоб-ахлоқ ва жамоатчилик орасида ўзини тутиш тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганидан шикоят қиламиз. Аммо кўпинча уларни тўғри йўлга солиш, қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳаммамиз ҳам бирдек бош қотирмаймиз. «Бу масала билан тегишли ташкилотлар шуғуллансин!» деб, масъулиятни ўзимиздан соқит қиламиз. Маҳалла фуқаролар йиғинлари эса биз назарда тутган ана шундай ташкилотлар сирасига киради. Хўш, улар бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда? Энг муҳими, ўз вазифаларини рисоладагидек бажариб, эл ишончини оқлаяптими?
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Жарариқ» маҳалласида 4641 киши истиқомат қилади. Уларнинг 1002 нафарини 14-30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Шу боис маҳаллада ёшлар билан ишлаш тизимли равишда олиб борилмоқда.
– Ҳудудимизда яшовчи йигит-қизларнинг 40 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган, – дейди маҳалла ёшлари етакчиси Ойбек Юсуфжонов. – Биз уларга жамиятда ўз ўринларини топиб олишларига кўмаклашяпмиз. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли бандлигини таъминлаш доирасида 28 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. Илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган 15 нафари тегишли ташкилот-корхоналар ва тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлигида турли касблар бўйича ўқув марказларига жалб этилди.
Ёшлар дунёқарашини шакллантириш, уларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асраш мақсадида маҳаллада ҳар ҳафта давра суҳбатлари уюштирилади. Жумладан, яқинда жаҳолатга қарши кураш мавзусига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унга, одатдагидек, обрў-эътиборли табаррук инсонлар, зиёлилар, тадбиркорлар ҳам таклиф қилинди.
Маҳаллада уюшмаган ёшлар иштирокида спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳам хайрли анъанага айланган. Шунингдек, «Заковат» клуби ишлаб турибди. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ёшлар орасида билиб-билмай ёки адашиб нотўғри йўлга кириб қолаётганлари, ҳатто ножўя қилмишларга қўл ураётганлари ҳам учраб туради. Чунончи, бултур вояга етмаган икки нафар ўсмир жиноят содир этди. Бу ҳолатлар маҳалла фаоллари ва жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Уларнинг асл сабаблари ва оқибатлари ўрганилди. Пировардида бу ёшлар моддий аҳволи бирмунча ночор оилалар аъзоси эканлиги назарда тутилиб, уларга нисбатан белгиланадиган жазони енгиллаштириш ҳақида судга мурожаатнома киритилди. Натижада айбдорларга уй қамоғи билан боғлиқ жазо тайинланиб, иккиси ҳам бир ярим йил давомида қатъий назорат остида бўлишди. Улар бундан тегишли сабоқ чиқариб олишди.
– Эндигина улғаяётган даврида хато қилган ёшларни «Анависи одобсиз, манависи жиноятчиликка мойил», деб ҳадеб камситавермаслик керак, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раъно Эгамбердиева. – Аксинча, ота-оналар ва маҳалла-кўй биргалашиб, уларни тўғри йўлга бошлашлари, хоҳиш-истаклари ва қизиқишларини эътиборга олиб, касб-ҳунарга йўналтиришлари лозим. Биз ҳам бояги ўсмирларга нисбатан шундай йўл тутдик. Аввало, иккиси билан дилдан суҳбатлашиб, оилавий шароитларини обдон ўргандик. Шу жараёнда бирининг замонавий технологияларга иштиёқи анча кучли эканлиги аён бўлди. Кўпчилик ўзаро келишиб, уни компьютерда қилинадиган ишларни бажаришда ёшлар етакчисига бир ярим йил мобайнида кўмаклашишга жалб этдик. Эндиликда эса у ахборот технологиялари йўналиши бўйича ўқув курсида бепул ўқимоқда.
Дарҳақиқат, «Бир болага етти қўшни ота-она» деган нақл бежиз айтилмаган. Биз унга риоя қилсак, яъни фарзандимизми, қариндош ёки бегонами, кимлигидан қатъи назар, ёшлар тарбияси учун ўзимизни масъул деб билсак ва шунга яраша иш тутсак, улар келажакда эл корига ярайдиган баркамол инсонлар бўлиб вояга етадилар. Бу эса юрт фаровонлиги ва Ватан равнақининг муҳим омилларидан бири саналади.
Раъно МАҲКАМОВА
«ISHONCH»
