Бир танқидга тўрт муносабат, натижа эса…

71

«Ishonch» газетасининг 2022 йил 13 сентябрдаги сонида «Шаҳар четидаги мавзе ўгайми?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳри, Янгиҳаёт тумани, Спутник 16«А» мавзесидаги абгор ҳолат ҳақида сўз борган.
Таҳририятга мазкур мақола юзасидан бир эмас, тўртта муносабат хати келди.
Янгиҳаёт тумани ҳокимининг ўринбосари Д.Халисов имзоси билан келган биринчи хатда, жумладан, шундай­ ­дейилган:

«Хушнуд» маҳалласида бунёдкорлик, инфратузилмани яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, шунингдек, келгусида бир қанча ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган. Жумладан, мазкур маҳаллада 2023 йил учун режалаштирилган «Обод маҳалла» дастури доирасида 1620 ўринли умумий ўрта таълим мактаби ва 330 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, бугунги кунда 250 қатновли оилавий полик­линика ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биносининг қурилиш ишлари олиб борилмоқда, мазкур объектлар жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.
Инвестиция дастури доирасида 2023 йилда мусиқа мактабини қуриш режалаштирилган бўлиб, жорий йилда лойиҳаолди ва ­лойиҳалаш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, жорий йилнинг IV чораги якунига қадар маҳалланинг ички кўчаларида кластер усулида цемент-бетон қоп­ламали қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Бугунги кунга қадар маҳалладаги Истиқлол 25 йиллиги, Юксалиш ва Сойбўйи кўчаларида шундай ишлар олиб борилган.
Маҳалладаги 16 та янги қурилган уйга сифатли коммунал хизмат кўрсатиш учун аҳоли томонидан очиқ овоз бериш тартиби орқали бошқарув сервис компанияси бириктирилади».
Янгиҳаёт тумани Маҳалла ва нуронийларларни қўллаб-қувватлаш бўлимидан келган жавобнинг асосий мазмуни қуйидагича:
«…Маҳалла ҳудудини ободонлаштириш бўйи­­ча туман ҳокимлигининг 2022-2023-йиллардаги «Обод маҳалла» дастури доирасида режа асосида маҳалла ҳудудидаги ички йўлларнинг ён қисмлари (пиёда йўлакчалари) цемент-бетон қопламалари қуйилиб, уларнинг жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, жорий йил режасида маҳалла ҳудудида оилавий поликлиника қурилиши, мазкур оилавий поликлиникани йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган».
Мақоланинг жамоат транспорти етишмаслиги ҳақидаги муаммога ­«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ «…бугунги кунда автобуслар етарли бўлмаган»и билан изоҳлаб, «…янги автобуслар харид қилингач, муаммо бартараф этилади» дея ваъда берган ҳолда ечим кўрсатган.
Ўз навбатида мақолага «Янгиҳаёт-Махсустранс» ДУК ҳам муносабат йўллаган.
Бошқарма бошлиғи ­С.Уматов имзоси билан битилган муносабатда келтирилишича, «аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган ҳолатлар қатъий назоратга олинган ва тез фурсатларда ваколат доирасида барча зарур чоралар кўрилади».

Таҳририятдан: Очиғи, таҳририятга келган хатлардан аввалига хурсанд бўлдик. Негаки, матбуотга эътибор бўлса, шунчалик бўлади-да… Аммо хатларнинг мазмуни билан танишар эканмиз,«бу ваъдалар ҳам ваъдалигича қолиб кетмаса эди»
деган хаёлга бордик. Негаки, йил охирлаб боряпти. Ҳар ҳолда иссиқ
кунларда битмаган иш совуқ ва қировли паллада бажарилиши даргумондек туюлади, кишига. *Назаримизда, мутасаддилар шунчаки ҳисобот учун муносабат йўллаб қўйгандек… Хуллас, вақт кутиб турмайди. Янги йилга ҳам оз фурсат қолди. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.