Мен ҳар сафар тил ҳақида сўз битаётганимда, онам, отам, Ватан ва яна болалигим, ўзим, ғурурим ҳақида ёзаётгандай бўламан.
Хўш, миллий тил нима ўзи? жаҳон саҳнида миллатнинг яшамоғи унга қай даражада боғлиқ?
Биз миллий ўзлик, миллий қадриятлар ва уларни асраб-авайлаш тўғрисида куйиниб гапирамиз. Аслида уларни аждодлардан авлодларга олиб ўтгувчи ҳам, уларнинг борлигини аён қилгувчи ҳам, мозийни келажак сари етаклагувчи ҳам тил эмасми?
Айтишларича, дунёда 9000 тага яқин тил бўлган. Бугунги манбаларнинг айримларида ҳозир 6000 та, баъзиларида 5600 та атрофида тил мавжудлиги қайд этилган. Бу рақамлар турличалигининг боиси – охирги пайтлар ҳар ойда иккита тил талаффуздан чиқиб кетаётганидир.
Тиллар йўқолишининг ўзига хос сабаблари бор. Биринчиси – мустамлакачилик, яъни бир босқинчи миллат иккинчисини забт этгач, унинг миллий ёзуви ва атамаларини, миллий анъаналарини йўқ қилиш усуллари билан қўл остидаги мамлакатга ўз тилини сингдириши. Иккинчиси – экологик миграция туфайли бир халқнинг бошқа ҳудудга кўчиб ўтиб, аста-секин ўша ерда яшовчи маҳаллий аҳоли тилида сўзлашишга ўтиши оқибатида ўз тилини унутиши. Учинчиси – маълум бир тилда сўзлашувчи халқнинг завол топиб, қирилиб кетиши.
Ўз ёзуви бўлмаган халқларнинг ҳам тили йўқолиши мумкин. Масалан, мутахассислар бугун турли тилда сўзлашадиган Африка халқларининг 80 фоизи ўз ёзувига эга эмаслигини таъкидлашади. Бундан ташқари, тил сақланиб қолиши учун камида бир миллион киши ўша тилда сўзлашиши керак. Ҳозир эса, 6000 та тилдан фақат 250 таси шунақа тил ҳисобланади. Улар орасида ўзбек тили ҳам бор! У давлат тили мақомини олган 200 та тил сирасига киради!
Россиялик лингвист олима М.Козлянина тилимизни ўргана туриб, унинг жуда нафис, мусиқа оҳангидек жозибали эканини айтибди. Бу гапдан хурсанд бўласиз, албатта! Борди-ю, тилимиз қўпол бўлганида-чи, уни севмай қўярмидик? Тилимиз жозибалими-қўполми, бойми-қашшоқми, бундан қатъи назар, биз шу тилда алла эшитганмиз, шу тилда илк сўзимизни айтганмиз. У ўз номи билан ОНА ТИЛимиз!
Энди тил бойлиги хусусида. Абдулла Қодирий «Ўзбек тили камбағал тил эмас, уни камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини тилимизга тўнкамасинлар», деган эди. Дарҳақиқат, тилимизга давлат тили мақоми берилгач, саксон мингдан ортиқ ўзбекча сўзларнинг беш жилдли изоҳли луғати тузилди. Шунингдек, олимлар буюк ёзувчи ва шоирларнинг сўз бойлигини сарҳисоб қилдилар. Пировардида Пушкин 21 минг 197 та, Шекспир 20 мингтага яқин сўз қўллагани, Алишер Навоийнинг сўз бойлиги 26 мингтадан ортиқ эканлигини аниқладилар.
Зеро, бу тилда ҳар қандай воқеани мукаммал баён этиш, ҳар қандай бадиий асарга сайқал бериш мумкин. Масалан, рус тилида «уят» маъносини англатувчи «стыд» сўзи бор. Тўғри, бу ўринда «позор» сўзини ҳам келтириш мумкин, аммо у кўпроқ «шарманда» маъносини билдиради. «Уят» сўзининг ўзбек тилидаги маънодошлари эса анча кўп: «ор», «номус», «ҳаё», «ибо», «шарм», «изза», «уялиш», «қимтиниш», «тортиниш» ва ҳоказолар. Бир қарашда, улар синонимларга ўхшайди, бироқ ҳар бири уялмоқнинг қайсидир даражасини англатади. Фикримизни ифодалашда қаердадир «тортиниш» сўзи мос тушса, қаердадир «қимтиниш» сўзи «ейди». Кўрдингизми, мана шу ерда ҳам «мос тушади» сўзи ўрнида «ейди» сўзи «еди». Мен бу билан бошқа тилларни камситмоқчи эмасман, балки ўзбек тили она тилим эканини, уни онамдай яхши кўришимни эслатмоқчиман.
Энди яқиндагина рўй берган бир воқеани айтиб берай: инглиз тилини билишини тасдиқловчи «патта»си бўлмагани учун кўплаб билимли ёшлар магистратурага ҳужжат топшира олишмади. Оқибатда ажратилган 7000 та ўрин бўш қолиб кетди. Мантиқан олганда, бу тўғрими? Ҳатто, собиқ Иттифоқ даврида ҳам «Рус тилини билмасанг, ўқишга киролмайсан», дейишмаган. Ўқишга киргандан сўнг дарслар рус тилида ўқитилиши бошқа масала. Чунки ўша вақтларда рус тили давлат тили сифатида белгиланганди.
Бизда-чи? Нега қайсидир соҳанинг яхши мутахассиси, билимдони ўз она тилида бийрон гапирса-да, хорижий тилни билмагани учун ўқишни давом эттира олмаслиги керак?
Мен болаларимизнинг тил ўрганишига зинҳор-базинҳор қарши эмасман. Майли, улар ўнлаб тилни ўрганишсин. Биз бундан фақат қувонамиз. Лекин «Хорижий тилни билмасанг, ўз она юртингда, ўз она тилингда сабоқ бериладиган олий ўқув юртига ўқишга кира олмайсан», дейиш салла ўрнига калла олишга ўхшамаяптими? Бошқача айтганда, мана шунинг ўзи ҳам она тилимизга ҳурматсизлик эмасми?
Бундан сал олдин чет элга ўқишга кетаётган, миллати ўзбек бўлган ёшларни суҳбатдан ўтказдик. Улар рус мактабида ўқиган, инглиз ёки француз тили курсларига қатнаган. Шу боис бу тилларни пухта ўрганишган. Бироқ, минг таассуфки, миллий тилимизни яхши билишмайди. Агар «Ўзбек тилига қачон давлат тили мақоми берилган?» деб сўрасангиз, айримлари «Ўзбекча гапиришга қийналаман, майлими, русчада ёки инглизчада жавоб берсам», дейишади ва бундан заррача уялишмайди. Ораларида ўзбекча сўзларни инглизча талаффуз қиладиганлари ҳам топилади.
Аслида она тилига нисбатан эътиборсизлик ва ҳурматсизлик миллий ғурур етишмаслигининг белгисидир. Миллий ғурури сўниқ миллатнинг келажаги бўлмайди. Модомики, шундай экан, бизни бугунги ёруғ кунларгача етаклаб келган, ўтмишимизни, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, аждодларимиз меросларини асрлар силсиласидан олиб ўтган, онамиз овозида қулоғимизга аллалар қуйган Она тилимизни қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Шаҳло АҲРОРОВА,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD), Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги
Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими



