Умр заволига айланган жанжал

61

Ҳа, шундоқ бўлди: самарқандлик автобус ҳайдовчилари ўртасида рўй берган даҳанаки жанг бир инсон умрига нуқта қўйди. Улардан бирининг айтишича, университет хиёбонида тўхтаб турган автобус ойначасини ҳамкасби синдириб ўтиб кетади. Бундан ғазаб отига минган «жабрдийда» уч бекатдан сўнг ўша автобусни қувиб етади ва унинг ойначасини ҳам синдириб, ўч олади. Сўнгра кўнгли хотиржам тортиб, автобусини жойидан жилдирмоқчи бўлади. Худди шу лаҳзада ҳамкасби эшикка тирмашганини кўради. Аммо у тормоз ўрнига газни босади. Ёнбош томонни кўрсатадиган ойнага осилиб олган иккинчи ҳайдовчи йўл-йўлакай асфальтга қулайди ва оғир тан жароҳати олгани туфайли воқеа жойида жон беради.

Мутасаддилар бу фалокатга дарҳол ижтимоий тармоқлар орқали изоҳ беришди. Ҳозир тергов жараёнлари давом этяпти. Аммо ушбу ҳодиса ягона эмаслиги, автобус ҳайдовчилари ўртасида тез-тез такрорланиб турадиган бундай бир-бирига қасдлашишларнинг туб сабаблари ҳануз очиқлангани йўқ.
Дарвоқе, уч-тўрт йилча муқаддам ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган чиптачи йигит автобус балонлари остида қолиб ҳалок бўлганди. Автобус ҳайдовчилари ўртасида ёқа йиртиш­ларга эса кунда-кунора гувоҳ бўлиш мумкин.
Келинг, энди Самарқанд автобусларидаги манзарани бир кўз ўнгимизга келтирайлик. Айтайлик, сиз одам лиқ тўла жамоат транспортида кетяпсиз. Ҳайдовчининг фикри-хаёли эса йўловчиларни манзилга эсон-омон етказишга эмас, балки йўналишдаги рақибининг йўлини пойлашга қаратилган. Қулоғида қулоқчин. Ўзи «Олдимда 64-, орқадан 66-келяпти», «Сен нега 5 минут кечикдинг, кўряпман. Ҳайдамайсанми, номард?!.» деб сўкиниш билан овора. Айримлари ўз транспортини бекатда турган бошқа автобуснинг тумшуғига тираб тўхтатади. Қарабсизки, ҳайдовчи-ю чиптачилар ўртасида «разбор» бошланади.
Яқинда ана шунақа «разбор»лардан бирига бутун мамлакат гувоҳ бўлди. Икки ҳайдовчи-ю, икки чиптачи бекатда роса солишди. Бундай вазиятда кимга қийин, бечора йўловчиларга! Улар ўриндиқнинг бир четига ғужанак бўлиб ўтирганча, манзилга етиб олишади. Э, кечирасиз, агар автобусда ўриндиқлар етарли бўлса, ўтирасиз, акс ҳолда, темир тутқичларни ушлаган кўйи тебраниб кетаверасиз. Бунақа ҳолатлар шаҳардаги 51- ва 52-йўналишли автобусларда кўп кузатилади. Чунки уларда ўриндиқлар сони камайтирилган. Бу кўпроқ йўловчи олишнинг ўзига хос усули бўлса керак.
Масаланинг эътибор қаратадиган яна бир жиҳати бор. Нега ҳайдовчилар бунчалик жаҳлдор, нега доим асабий? Ҳатто жонини гаровга қўйиб бўлса-да, рақиб ҳайдовчига ­арслондек ташланишининг боиси нимада?
Биз бу саволларимизга ­кўплаб ҳайдовчилардан деярли бир хил жавоб олдик. Баъзилари «Кунлик режани бажармасак, маош ололмаймиз. Оқибатда бола-чақамиз оч қолади», ­дейишди. Айримлари «Уч- тўрт сўм ортиқча пул топсак, ичимизни оғритмайди», деб очиғини айтишди.
Кўҳна Самарқандда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммо бугун пайдо бўлгани йўқ. Кейинги пайтларда йўловчиларни ташиш тўлиқ хусусий корхоналар тасарруфига ўтгани туфайли транспорт қатнови билан боғлиқ хурмача қилиқлар янада кўпаймоқда. Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш маданиятига риоя қилиш эмас, яккаш кўпроқ пул топиш талаби қўйилган бир вазиятда ҳайдовчилардан бош­­қа нимани ҳам кутиш мумкин?!.
Тўғри, шаҳар транспорт тизимидаги муаммоларни ижобий ҳал этиш режалари мавжуд. Аммо улар амалга ошиши учун ҳали анча «қовун пишиғи» борга ўхшайди. Масалан, мутасаддилар бир ой ичида 80 та автобус келтириб, аҳволни ўнглашга ваъда беришганига икки ҳафтадан ошди, лекин ҳозирча ўзгариш сезилмаяпти. Йўлкира тўловини электрон тизимга ўтказиш ҳақидаги ваъдалар эса анча йиллардан буён қуруқ ­гаплигича қолиб кетмоқда. Энг ажабланарлиси, барча имкониятларга эга «Самарқанд» бош автошоҳбекати ҳувиллаб ётган бўлса-да, Чўпонота массивида замонавий автошоҳбекат қуриш ҳақидаги гапни эшитиб, кулишингизни ҳам, куйишингизни ҳам билмайсиз.
Бутун дунё аҳли Самарқандга талпинаётган бир вазиятда биз бир режани тузиб, иккинчисини бузиб ўтираверамизми? Ҳайдовчилар маданияти амалда қачон юксалади?..
Биз бу саволларга мутасаддилардан аниқ ва асосли жавоб кутиб қоламиз.

Нурилла ШАМСИЕВ
«ISHONCH»