Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳалла-
ларимизнинг маданиятига айланиши лозим.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Авваллари ҳар бир ҳовлида фарзанд ва невара-эвараларга ота-боболаридан эсдалик сифатида қолган дов-дарахтлар бўларди. Оила аъзолари «Раҳматли отам ёки бобом эккан!» деб уларни асраб-авайлашарди, кези келганда, дўппида сув келтириб суғоришарди. Бу авлодлардан авлодларга мерос бўлиб келаётган хайрли анъана эди.
Бундан ташқари, қадимда ҳам, яқин ўтмишда ҳам ҳар 3-4 ҳовлининг бирида азим тутлар қад ростлаб турар, мевалари тилла рангда тусланиб, пишиб ётарди. Улар уйга яқин экилгани сабабли ўша жойдаги сувни буғлатиб, иморатлар захлашининг олдини оларди.
Бошқа бир урф-одатга кўра, оилада ўғил фарзанд туғилса, ҳовлининг бир чеккасига 20 туп терак кўчати ўтқазилган. Яхши ниятда экилган бу дарахтлар йигит вояга етганда унга атаб уй қуришда асқатган.
Энг муҳими, дарахтлар ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаи ҳисобланади. Илмий маълумотларга кўра, бир гектар майдондаги боғ бир кеча-кундузда 220-275 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратади. Бу ўртача 500 кишини кун бўйи кислород билан таъминлашга етади. Бошқача айтганда, икки жуфт дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради. Битта дарахт умри давомида 1000 килограммга яқин, баъзан ундан ҳам кўпроқ карбонат ангидрид газини ютади.
Дарахт ва буталар ҳаводаги чанг миқдорини ҳамда касаллик қўзғатувчи бактерияларни камайтириб, шаҳарларда шовқинни ҳам пасайтиради. Яшилликка бурканган ҳудудларда кислород алмашинуви ва ҳавони тозалаш имкони вужудга келади. Дарахтлар жазирама ёзда микроиқлим шаклланишига ва ҳавони салқинлаштиришга хизмат қилади. Баргларини тўкиб юборганига қарамай, қишда ҳам ҳавони чангдан ҳимоялашда давом этади.
Тан олиш керак, кейинги пайтларда биз ана шу яшил дўстларимиз пойига болта уриб, аксариятига қирон келтирдик. Ҳар қандай каттаю кичик қурилишни дарахткушлик билан бошлашга одатландик. Яхшиямки, бироз кечроқ бўлса-да, Дубай эмас, Швейцария бунёд этишимиз кераклигини англаб етдик. Пировардида, кўчат экишдай савобли иш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу йил 2 февралда бўлган видеоселектор йиғилишида Президентимиз «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмаслигини, беш йил мобайнида 1 миллиард туп дарахт кўчати экиш режалаштирилганини таъкидлади. Шунингдек, халқаро ва республика аҳамиятига эга йўллар четида 1,5 миллионта дарахтдан иборат иҳотазорлар барпо қилинишини эслатди.
11 октябрь куни ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишда эса лойиҳа доирасида йил охиригача 75 миллион туп, келаси йил баҳор ойларида яна 125 миллион туп мевали ва манзарали кўчат экилиши зарурлиги, бултурги тажрибага асосан, 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича долзарб 40 кунлик эълон қилиниши, аҳоли хонадонлари ҳамда далалар четига кўпроқ мевали дарахтлар ва сабзавот экишни фаол тарғиб этиш кераклиги таъкидланди.
Дарвоқе, шу пайтгача биз асосан манзарали дарахтлар ўстиришга зўр бердик. Устига-устак, ландшафт дизайни дея тўрт туп чиройли бутани экиб, атрофини аллақандай ажнабий гуллар билан безашга одатландик. Эҳтимол, бу ҳам керакдир, лекин у бизнинг иссиқ иқлим шароитимизда тангадай соя беролмаслиги аниқ. Шундай экан, нега кўп асрлик анъанага амал қилмаймиз? Нега йўл бўйларига ва томорқаларимизга қайрағоч, садақайрағоч, чинор, тол, мажнунтол, терак, тут, жийда, чилонжийда ва ёнғоқ экмаймиз?
Мутахассисларнинг аниқлашларича, ариқ бўйига экилган тол сувни тозалайди. Тутнинг ҳам сояси, ҳам меваси фойдали. Жийда ва чилонжийда қон босими ҳамда ошқоқозон-ичак касалликларига даво бўлади. Мажнунтол кўрки ва таровати билан кишига илҳом бағишлайди.
Тарихдан аёнки, мадрасалардаги таълим ёдлатиш усулида олиб борилган. Бу жараёнда талабалар таомига алоҳида эътибор қаратилган. Хотирасини мустаҳкамлаш учун уларга хандон писта, ёнғоқ, бодом ва майиз берилган. Натижада жуда кўпчилиги «Қуръон» ва муборак ҳадисларни ёддан билишган.
Юқори даромад келтиргани сабабли Эрон, Туркия ва Сурияда писта дарахтини «яшил олтин» ёки «олтин дарахт» деб аташади. У маҳаллий аҳоли турмуш фаровонлигининг асосий манбаи бўлиб келмоқда.
Бизнинг заминимизда хандон писта, бодом сингари сувсизликка чидамли, лалми ерлар ва адирларда ҳам парваришлаш мумкин бўлган дарахтларни экиш ички бозорда уларнинг меваларига бўлган талабни қондириб, импорт миқдорини камайтиришга хизмат қилади. Бу борада хандон писта етиштириш бўйича миришкор боғбонларимизнинг тажрибалари етарли. Фақат уларни оммалаштириб, писта ва бодом боғлари яратиш лозим. Шунингдек, катта йўллар бўйига ёнғоқ экилса, соясидан ҳам, мевасидан ҳам баҳраманд бўламиз.
Бир вақтлар Андижон шаҳрига Хитойдан қимматбаҳо лола дарахти кўчатлари келтирилиб ўтқазилди. Бироқ бирор тупи ҳам кўкармади. Аслида, вилоятда ер танқислигини ҳисобга олиб, ўрикнинг «Субҳоний», тутнинг «Марвартак», олхўрининг «Кўксултон», шафтолининг «Олёри», «Луччак», узумнинг «Қора кишмиш», «Сариқ кишмиш» каби навларини экиш фойдадан холи бўлмайди. Уларни ҳўл мева сифатида истеъмол қилиш ёки экологик тоза, инсон саломатлиги учун фойдали дармондориларга бой қоқи ва майизга айлантириш мумкин. Бинобарин, шунда қишин-ёзин дастурхонимиз тўкинлиги таъминланади.
Агар «яшил мамлакат» номини олган Германияда бўлсангиз, азим ва кўркам дарахтларга кўзингиз тушади. Лекин уларни парваришлашга ҳар доим ҳам маҳаллий ҳокимиятнинг маблағи ва кучи етавермайди. Шу боис бу мамлакатнинг деярли ҳар бир шаҳрида «Яшил кўнгиллилар» жамияти фаолият юритади. Улар ўз ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга ҳисса қўшадилар. Кёльн шаҳрида эса кўчат экишга ҳомийлик қилмоқчи бўлган фуқаро 600 евро миқдорида бадал тўлайди. Эвазига рўйхатда кўрсатилган кўчага у хоҳлаган кўчат ўтқазилади ва исм-шарифи битилган эслатма ўрнатилади. Анъанага биноан, никоҳдан ўтаётган ёшлар махсус ажратилган ўрмон ҳудудларига бориб, кўчатлар қадашади.
Бизда эса манзарали ва мевали дарахтлар баъзан пала-партиш равишда, масалан, бир-бирига жуда яқин қилиб экилмоқда. Бу улар яхши ўсмаслигига, касалланишига, ҳатто, бир-икки йилдан сўнг қуриб қолишига ҳам сабабчи бўлмоқда. Қолаверса, зич ҳолда ўсадиган дарахтларнинг кислород чиқариш хусусияти сусаяди. Буни ёддан чиқармаслик, мевали дарахтларни ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб экиш мақсадга мувофиқдир. Айтайлик, Андижон вилоятининг Асака, Марҳамат, Булоқбоши туманларида токларни, Пахтаобод, Қўрғонтепа, Хўжаобод туманларида экспортбоп гилос дарахтларини парваришлаш яхши самара беради.
Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»
