ёхуд Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кира оладими?
Ҳар бир давлатда иқтисодий ўсиш суръатларига кўра, инфляциянинг ўз меъёрлари бўлиб, бу кўрсатгичдан сезиларли даражада ошиши миллий валютанинг қадрсизланишига олиб келади.
Биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир ЖУМАЕВ билан инфляция, иқтисодий ривожланиш ва инқирозлар ҳақида суҳбатлашдик.
– 2-6 фоизлик инфляция мамлакатнинг иқтисодий ўсишига таъсир қилмайди, дейишади. Илғор давлатларда 2 фоизлик инфляция одатий ҳол. Ривожланаётган, бозор иқтисодиёти шаклланаётган мамлакатлар учун 6 фоизлик инфляция ҳам норма ҳисобланади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, жорий йил июлида Ўзбекистонда инфляция 12,3 фоизни ташкил этган. Бу белгиланган меъёрдан юқори эмасми?
– Ҳозир бутун дунёда инфляция кучайиб бормоқда. Унинг юзага келиши сабаблари иккита. Биринчиси – монетар инфляция. Бунга пул массасининг керагидан ортиқ тўпланиши сабаб бўлади. Иккинчиси – номонетар инфляция. Унда бирламчи товарлар нархлари ошади, натижада ҳатто пул массаси бир маромда бўлса ҳам, барча товарлар қимматлашади. Масалан, энергетика ва ёқилғи-ёнилғи маҳсулотларини олайлик. Уларнинг нархи барча товарлар таннархига таъсир қилади. Дейлик, инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида бензиннинг қимматлашиши транспорт харажатлари, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва импорт товарлари баҳоси ошишига олиб келиши мумкин.
Бундан 12,3 фоизлик кўрсаткич дунё ҳамжамиятининг узвий қисми бўлган Ўзбекистонга жаҳон иқтисодиётининг таъсири оқибатидир, деган хулоса чиқариш мумкин. Аммо мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиш кўрсаткичларини сақлаб қолаётгани турли хавотирларни ортга суради.
Марказий банк маълумотига кўра, 2021 йилда озиқ-овқат, энергетика ва ёқилғи-ёнилғи нархларидаги ўсиш глобал инфляцион жараёнлар тезлашишига олиб келди. Дастлаб вақтинчалик деб эътироф этилган инфляцион жараёнлар йил охирида ноаниқликлар ва пандемик хатарлар фонида нархларга узоқроқ муддат давомида босим ўтказиши мумкинлиги кўзга ташланди.
Бултур асосий савдо ҳамкорларимиз валюталарида (Туркиядан ташқари) юқори даражадаги тебранишлар кузатилмаган бўлса-да, улардаги инфляцион жараёнлар кескин тус олди. Натижада сўмнинг алмашув курси девальвацияси 3,4 фоизни, яъни сўнгги уч йилликда энг паст кўрсаткични ташкил этди. Йил давомида мамлакатимизга экспортдан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг мос равишда 34 фоиздан ошиши ички валюта бозорида валюта таклифини қўллаб-қувватловчи омилга айланиб, бозордаги умумий таклиф ҳажми 1,6 баробар ортишига олиб келди.
Соҳа олимлари ва технократлар иккига бўлинди. Биринчи тоифадагилар инфляцияни пасайтириш учун фоиз ставкасидан фойдаланишни ёқлаб, марказий банклар фоиз ставкасини ошириши даркорлигини таъкидлашади. Иккинчи тоифадагилар айни ҳолатда фоиз ставкаси ёрдам бермайди, тузилмавий муаммоларни бартараф этиш зарур, деган фикрни илгари суришади. Уларнинг уқтиришича, фоиз ставкани ўзгартирмаслик, айрим ҳолларда ҳатто тушириш лозим, бу эса инвестицион муҳитни яхшилайди, пировардида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳам ошади.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси инфляция баъзан меъёр даражасидаги пул массаси мавжуд бўлганда ҳам рўй бериши мумкинлигини кўрсатмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатидаги салбий вазиятлар туфайли ҳозирги замон инфляцияси товарлар ва хизматлар баҳоларининг мунтазам ўсиши оқибатида пулнинг харид қобилияти пасайиши билан бир қаторда, ишлаб чиқаришдаги номутаносибликлар, пул муомаласи, молия ҳамда кредитга боғлиқ салбий ҳолатлар билан ҳам таснифланади.
Дунёнинг энг тараққий этган иқтисодиётига назар ташласак, 2020 йилда инфляция даражаси 2 фоиздан ошмаган, 2022 йил июнь-июль ойларида эса мос равишда 9,1 ва 8,5 фоизни ташкил этган. АҚШда инфляция кучайишига асосан Россия – Украина можаросини сабаб қилиб кўрсатишса-да, бу мамлакат иқтисодиётида пандемия таъсирини юмшатиш ва иқтисодиётда ялпи талабни тиклаш мақсадида фискал кенгайиш кучайгани ҳамда Федерал захира тизими томонидан катта миқдорда пул эмиссия бўлганини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
– Юртимизда инфляция даражасини пасайтириш, шу тариқа макроиқтисодий барқарорликка эришиш ва қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?
– Аввало, 2023 йилда инфляция кўрсаткичи 5 фоиз бўлишини таъминлаш бўйича муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Унда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун иқтисодиётни тартибга солишнинг бозор механизмлари ва инструментларини қўллашни кенгайтириш, шунингдек, пул-кредит сиёсати самарадорлигини тубдан ошириш вазифалари белгилаб берилди.
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15-16 фоиз атрофида шаклланмоқда. Жорий инфляция даражасининг ўсиши асосан дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари, энергия ресурслари ва хомашёлар нархи ошиб бориши таъсирида юзага келяпти. Жумладан, жорий йилнинг июль ойида диёримизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши 16,3 фоизга тенглашиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлди. 2018 йил бошида 19,8 фоиз бўлган инфляция даражаси ўтган йил якунида 10 фоизгача пасайди. Шу даврда корхоналар томонидан амалга оширилган инвестициялар ҳажми қарийб икки баробарга ошиб, 37,9 трлн. сўмдан 71,3 трлн. сўмга етди.
Келгусида инфляцияни пасайтириш ва мамлакатда қулай инвестициявий муҳитни таъминлашга қаратилган мувозанатлашган пул-кредит сиёсатини юритиш Марказий банкнинг асосий мақсадларидан биридир.
– Давлатнинг иқтисодий салоҳияти ЯИМ ҳажми билан ўлчанади. Бултур бизда у 734,6 трлн. сўмни, АҚШ валютасида 69,23 млрд. долларни ташкил этди. Жон бошига тақсимлаганда, 1983 долларгача кўтарилди. Бу ўсиш мамлакатда кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилганини ва кўпроқ хизматлар кўрсатилганини англатади. Ўз навбатида, давлат бюджетига солиқ тушумларини кўпайтиради. Ушбу омил мамлакат иқтисодиётида қандай намоён бўлди? Тўғрироғи, ЯИМ ҳажми кўпайса-да, товар ва хизматлар нархи ошишда давом этмоқда. Буни қандай тушунса бўлади?
– Эътибор берган бўлсангиз, мамлакатимиз иқтисодиётида ўсиш кузатиляпти. Жумладан, ЯИМ 2017 йилда 5,3 фоизга, 2018 йилда 5,1 фоизга, 2019 йилда 5,5 фоизга, 2020 йилда 1,6 фоизга, 2021 йилда 7,4 фоизга ошди. Бу йил эса иқтисодий ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиб, ЯИМ ҳажми қарийб 840 трлн. сўмга етиши кутилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки прогнозлари 2021 йил учун 4-5 фоиз атрофида эди, лекин Осиё тараққиёт банки ноябрь ойи ниҳоясида прогнозларини янгилади.
ЯИМ ўсиши натижасида маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарилиши кўпайди, янги иш ўринлари очилиб, кўпроқ маош бериш имкониятлари кенгайди, малакали кадрларга эҳтиёж кучайди. Лекин иқтисодиёт ўсиши баробарида нарх-наволар ошиши ҳам кузатилса, буни ижобий ҳолат деб бўлмайди. Шундай эса-да, ЯИМнинг ўсиши ишсизлик кўпайишидан, аҳоли даромадлари пасайишидан афзалроқ ҳисобланади.
Жорий йилнинг январь-июнь ойлари ҳолатига кўра, республикамиз аҳолисининг умумий даромадлари ўтган йилгига нисбатан 22,5 фоизга ўсиб, 282,6 трлн. сўмга етди. Шундан 70,3 фоизи бирламчи, 29,7 фоизи трансферт (хорижий валюта)лардан олинган даромадлардир. 2021 йилнинг мос даврига солиштирганда, аҳолининг умумий даромадлари таркибидаги бирламчи даромадлар ҳиссаси 74,6 фоиздан 70,3 фоизга камайган бўлса, трансфертлардан олинган даромадлар ҳиссаси 25,4 фоиздан 29,7 фоизгача ўсди.
Энди бевосита саволингизга қайтайлик. 2022 йилнинг биринчи ярмида жаҳон иқтисодиётида ва ички иқтисодиётда кузатилган ҳолат эътиборга олинса, макроиқтисодий ривожланишнинг ҳеч бир сценарийсида кутилмаган воқеалар (жаҳон сиёсатидаги давлатлараро низоли жараёнлар) ўз-ўзидан ички ва ташқи бозор нархларига таъсир қилади. Қолаверса, бугунги геосиёсий вазият туфайли вужудга келган кескин шок ва ноаниқликлар ҳам ўз асоратини қолдиради. Бинобарин, Ўзбекистон иқтисодиётига салбий ташқи шоклар таъсир кўрсатмоқда.
Мавжуд вазият тақозоси билан йил охирига қадар «нисбатан қатъий» пул-кредит шароитлари сақлаб қолинади. Бундан мақсад миллий валютадаги активларнинг нисбий устунлигини таъминлаб бориш ва монетар омилларнинг нархларга таъсири минимал даражада бўлишига эришишдир.
– Сўнгги йилларда миллий иқтисодиётимизни изчил ривожлантириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Чунончи, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида шу даврда ЯИМни аҳоли жон бошига 1,6 баробарга ошириш, 2030 йилга бориб эса, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларига етказиш ҳамда даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар сафидан ўрин олишга замин яратиш белгиланган. Бунинг учун бизда имкониятлар етарлими?
– Ушбу йўналишдаги эзгу мақсадларга эришиш йўлида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва йиллик инфляция даражасини 2023 йилгача босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтириш, давлат бюджети тақчиллигини қисқартириш ва 2023 йилдан ялпи ички маҳсулотга нисбатан унинг 3 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлаш, ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизини «Фуқаролар бюджети» дастури доирасида аҳоли таклифларига биноан энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфлашни ташкиллаштириш, давлат қарзини бошқаришда йилига янги жалб қилинган ташқи қарз миқдори 4,5 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетмаслигига эришиш керак.
Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган даражага чиқиш учун Ўзбекистоннинг имкониятлари катта. Ҳозир улардан самарали фойдаланиш режалари тузилмоқда. Мамлакатимиз оқилона ташқи сиёсат олиб бораётгани сабабли халқаро майдонда ҳам ўз нуфузига эга. Минтақадаги давлатлар билан яқин қўшничилик алоқалари мустаҳкамланиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши юртимиз салоҳиятини янада кучайтиради. Икки давлат ҳудудини кесиб ўтиб, йирик сув ҳавзаларига чиқиш эса туризм ва логистик хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда ўта муҳим саналади. Мазкур соҳалардаги ютуқлар экспортни ҳар қачонгидан ривожлантириб, бандлик масаласини ҳал этиш имкониятларини кенгайтиради. Бу мақсадлар амалга ошиши учун минтақада тинчлик ҳукмрон бўлиши керак. Ўзбекистон унинг биринчи шарти сифатида инфратузилма объектларини ривожлантиришга, хусусан, транспорт коридорини кенгайтиришга алоҳида урғу бермоқда. Негаки, тинчлик барқарор жойда ривожланиш бўлади.
Бундан ташқари, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш халқимизнинг турмуш даражаси ошишида ҳамда миллий иқтисодиётимиз равнақ топишида муҳим аҳамият касб этади. Масалан, пахта ва мисни қайта ишлаш натижасида 40-50 баравар кўпроқ фойда кўриш мумкин.
Мамлакатимиздаги энг катта ислоҳотлардан бири таълим соҳасида ўтказилмоқда. Бу – бежиз эмас. Илғор давлатлар тажрибасига назар ташласак, таълимнинг тўлиқ циклига киритилган инвестиция, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг таълим-тарбиясига сарфланган сармоя келгусида 15-17 ҳисса кўп наф келтириши аён бўлади.
Биз юқорида тилга олинган имкониятлардан тўғри фойдалансак, уларни янада ривожлантириш учун оқилона сиёсат юритсак, Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида белгиланган муддатларда даромади ўртачадан юқори давлатлар сирасига кириши мумкин.
«ISHONCH» мухбири
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
суҳбатлашди
