Ютқазган эмас, воз кечган инсон енгилади

81

Бу йил Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида бухоролик Нафосат Давлатова ҳам бор. Унинг бундай нуфузли мукофотга сазовор бўлиш йўлидаги интилишларига гувоҳ бўлганлар қимирлаган киши қир ошишига яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

Нафосат қишлоқдаги мактабни аъло баҳоларга битиргач, Вобкент туманидаги саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида таҳсил ола бошлади. Ўша кезлар «Юрт келажаги», «Йил сардори» танловларининг туман босқичи ғолиби бўлди, кейинчалик «Баркамол авлод» болалар марказининг «Бадиий нафосат билимдони» кўрик-танловида «Ёш журналист ва нотиқ» йўналиши бўйича республика босқичида 1-ўринни эгаллади. Ҳозиргача унинг «Умрим баҳори», «Ватан мадҳи», «Менинг бахтим» номли шеърий тўпламлари чоп этилди, йигирмадан зиёд илмий мақоласи хорижий газеталарда босилиб, ижтимоий тармоқларда ёритилди.
– Мактабимиз анча олисда жойлашганди. Дарсдан чарчаб келгач, апил-тапил овқатланиб, ҳамма болалар қатори яйловда мол боқишга ошиқардим, – дейди Нафосат. – Шеър ёзишга қизиққаним боис табиат қўйнида илҳомим жўшарди. Адабиётга иштиёқманд икки опам билан гурунглар ҳам менга завқ бағишларди. Ота-онам қизиқишимни пайқаб, ҳар куни икки соат вақтим йўлда ўтса-да, «Баркамол авлод» марказига қатнашимга рози бўлишди. Шу тариқа ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатдан астойдил қўллаб-қувватландим. Бир йил «Журналистика ва нотиқлик» тўгарагига қатнаб, ушбу касб этикасини ва сухандонлик сир-асрорларини анча-мунча ўрганиб олдим. Вилоят телевидениесида амалиёт ўташим эса журналистикага кириб келишимга туртки бўлди. Аслида олий ўқув юртига ўқишга кириш мақсадида репетиторга қатнаётган чоғим она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлишга аҳд қилгандим. Лекин устозим Роҳила Отаева «Сенинг журналистикага иқтидоринг бор, балки шу касбни эгаллашга ҳаракат қиларсан…» деди. Мен устозимнинг йўриғига юрдим. Ота-онам эса аввалига Тошкентга келишимга қаршилик қилишди «Қиз боласан, кўз олдимизда ўқиганинг маъқул», деб туриб олишди. Кейинчалик устозимнинг менга ишончи уларда ҳам ишонч уйғотди шекилли, пойтахтда ўқишимга рози бўлишди. Шу тариқа Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига шартнома асосида ўқишга кирдим.
Ўша кезлари янги университетнинг ётоқхонаси йўқ эди. Отаси билан икки кун машина ичида тунагани Нафосатнинг эсидан ҳеч чиқмайди. Ниҳоят, университет яқинидан бир квартира топилди. Унинг эгаси кекса онахон бўлиб, 4 нафар талаба қиз яшар экан. Энди уларнинг сафига Нафосат ҳам қўшилди. Отаси бироз хотиржам тортиб, қишлоққа қайтди. Нафосат у билан хайрлашар экан, бўғзига нимадир тиқилгандек бўлди ва шу лаҳзаларда ўзи мустақил ҳаёт остонасида турганини ҳис этди.
Ота-боболаримиз «Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан», деб жуда тўғри айтишган экан. Буни Нафосат ижара уйда яшаш-у шартнома асосида ўқиш асноси чуқур ­англаб етди. Устози Роҳила Отаеванинг ишончи ҳамда келгусида эришажак ютуқларидан ота-онасининг қувониши уни ҳамиша дадилликка ундарди. Инчунин, гоҳида моддий қийинчиликлардан, гоҳида соғинч азобларидан изтироб чекса-да, ҳаммасига чидади. Эзгу мақсади йўлида кўп тўсиқларга дуч келса-да, ҳеч қачон ортга чекинмади. Ўқишдан ва изланишдан, олган билимларини ­мустаҳкамлашдан чарчамади. Шунинг баробарида ишлашга аҳд қилди. Аввалига университетда етакчи вазифасини бажарди, кейинчалик Халқаро пресс-клубда фаолият юрита ­бошлади.
Бемалол айтиш мумкинки, 2021 йил Нафосат учун омадли келди. Жумладан, январь ойида давлатимиз раҳбари билан учрашувда юнусободлик фаол ёшлар номидан сўзга чиқди ва медиа саводхонлик академиясини очиш бўйича топшириқ олди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, кўпчиликнинг ёрдами билан Самарқандда ўша академия иш бошлади.
Албатта, серғайрат ва тиниб-тинчимас Нафосат Давлатованинг меҳнатлари ва эришаётган ютуқлари муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Масалан, у Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди. Жорий йилнинг 5 мартида эса Зулфия номидаги давлат мукофотига лойиқ кўрилди. Президентимиз унга ушбу медални топширар экан, «Нафосатни бутун ­республика танийди. Сенга омад! «Зулфия» мукофоти сен учун охирги марра бўлиб қолмасин, мен сенга ишонман!» деди.
Албатта, бу ёш қизга билдирилган юксак ишончдир. Айни чоғда, унинг зиммасига катта масъулият юклаши ҳам табиийдир. Шунинг учун ҳам Нафосат келажакда амалга ошириши зарур бўлган хайрли ишлар режасини тузиб олган. Ўз саъй-ҳаракатлари ва муваффақиятлари билан чекка ­қишлоқлардаги қизларга инсон астойдил интилса, ҳамма нарсага эришиши мумкинлигини намоён этиб келмоқда. Барча ёшларни эзгу аҳду паймонида собит туришга, ҳеч қачон ортга қайтмасликка ундамоқда. Зеро, унинг шиори ҳам қатъий: «Инсон ютқазганида эмас, воз кечганида енгилган ҳисобланади».
Насиб этса, Нафосат Давлатова етук журналист бўлиб етишади ва ­кўплаб шогирдларга устозлик қилишдек ­бахтга ҳам муяссар бўлади.

Азиза ИБРОҲИМОВА,
ЎзЖОКУ талабаси