Арзон ва қулай, аммо…

90

Ҳозирги даврда атроф-муҳитнинг ифлосланиши умумбашарий муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳатто биз эътибор бермаган оддий нарсалар ҳам экологияга ўта жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, деярли барчамиз кунда-кунора оилавий ташвишлар билан бозорга, дўкон ёки дорихонага борамиз. Шу жараёнда харид қилган маҳсулотларимизни сотувчилар целлофан пакетларга солиб беришади. Уйимизга ёки ишхонамизга етиб келгач, уларни кўпинча ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўямиз, яроқсизларини бошқа чиқиндиларга қўшиб ташлаб юборамиз.

Орамизда кўча бўйлаб бораётганида нималарнидир еб-­ичиб, шиша ва пластмасса идишларни ёки қоғоз ва полиэтилен пакетларини дуч келган жойга улоқтириб кетадиганлар ҳам кўп. Табиийки, бу нарсалар йўлларга ва ариқлар ичига тушиб ёхуд дарахт­лар шохига илиниб қолиб, хунук манзарани ҳосил қилади, одамларнинг эмин-эркин юришига ҳам маълум даражада халақит беради.
Энг ёмони, полиэтилен маҳсулотлар нефть ва газ хомашёсидан тайёрлангани туфайли карбонат ангидрид гази кўпайиб, глобал исиш тезлашади. Қолаверса, унга солинган турли-туман озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмига салбий таъсир кўрсатади.
Шу зайл целлофан пакетлар анча йиллардан буён атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига жиддий хавф туғдириб келмоқда. Уларнинг зарари тўғрисида кўп айтилмоқда, кўп ёзилмоқда. Шунга қарамай, ҳозир дунё бўйича йилига 1 триллион дона целлофан пакет ишлаб чиқарилмоқда ва ҳар дақиқада 1 миллион­таси чиқинди сифатида ташлаб юборилмоқда. Уларнинг атиги юздан бир фоизи қайта ишланмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, целлофан пакет чириши учун 450-500 йиллик вақт керак бўлади. Бу бутун дунё аҳлини ташвишга соляпти. Турли давлатларда целлофан пакетлар ишлаб чиқаришни тақиқлаш ёки нархини қимматлаштиришга, уларнинг ўрнига қоғоз пакетлардан фойдаланишга ушбу муаммонинг ечими сифатида қараляпти. Чунончи, Озарбайжонда биологик тоза пакетлар ишлаб чиқариляпти. Унинг емирилиш жараёни нисбатан анча тез амалга ошади. Натижада инсон соғлиғи ва экологияга ортиқча путур етказмайди.
АҚШда целлофан пакетлар нархи аввалгига нисбатан қиммат­роқ – 5 цент қилиб белгилангач, уларни ишлатиш 60 фоизга камайган. Юртимизнинг айрим жойларида ҳам целлофан пакетларга пул тўлаш жорий этилгани мазкур муаммони, бир оз бўлса-да, камайтира бошлади. Аммо аксарият туман-шаҳарларда улар ҳануз текинга берилмоқда.
Кекса авлодга яхши аёнки, бир неча йиллар бурун қўл юкларимизни олиб юриш учун ҳар хил сумка ёки қоғоз пакетлардан, табиий матолардан тикилган халта, ипдан тўқилган тўрхалталардан фойдаланардик. Уларнинг деярли барчасини такрор-такрор ишлатиш мумкин эди. Ҳозир ҳам айрим савдо шохобчаларида қоғоз пакетларни кўрамиз, бироқ уларнинг нархи целлофан пакетларникидан тўрт баравар қиммат, аниқроғи, 1200 сўм. Биз пойтахтлик бир неча харидор билан шу хусусда суҳбатлашганимизда, аксарияти арзонлиги учун целлофан пакетдан фойдаланишини, айримлари унинг зарарли жиҳатларини билмаслигини айтди.
Бу йил ёзда ҳаво кескин равишда исиб кетгани, бир неча бор чанг бўронлари кузатилганидан ҳаммамиз азият чекдик. Биз бундан тўғри сабоқ чиқариб олишимиз, атроф-муҳитга зарар етказаётган ҳар қандай нохуш ҳолатларни бартараф этиш чораларни кўришимиз керак. Менимча, бу ўринда биологик тоза пакетлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Ёки бошқа мисол. АҚШдаги баъзи йирик супермаркетларда ғаройиб аппарат мавжуд. Турли ичимликларнинг бўш идиш­лари унинг ичига киритилса, бир зумда пулини ҳисоблаб, чек қайтаради. Унда қайд этилган маблағни ўша дўкондан маҳсулот харид қилишга сарфлаш мумкин.
Биз ҳам шу усулларни қўлласак, шак-шубҳасиз, табиатнинг ва инсон соғлиғининг кушандасига айланган целлофан идишлар балосидан қутуламиз. Уйимизда йиғилиб қолган пакетларни ва шунга ўхшаш бошқа идишларни кўчага ёки чиқиндихонага улоқтирмай, савдо мажмуаларига топшириб тозалатсак, оз бўлса-да, маблағимизни тежаган, энг муҳими, экологик мусаффоликни таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшган бўламиз.

Диёра РАВШАНОВА
«ISHONCH»