Устоз адиб Шукруллони эслаб…
Ҳар гал жавонимдаги китоблар ёнига яқинлашганимда, бу кўнгил жавоҳирлари то бу ерга етиб келгунича сўз эгалари қанчадан-қанча машаққатлар тортганини ҳис этаман. Улар орасида, айниқса, «Кафансиз кўмилганлар», «Тирик руҳлар», «Жавоҳирлар сандиғи» асарлари мени муаззам хотираларга ошно этади. Ва ҳар гал бу асарларни қўлга олганимда замонга тик боққан Қодирийни, чақмоқдек чақнаб ўтган Усмон Носирни, йигитлик умрини юрт келажаги учун қурбон қилган Убайдулло Хўжаевни кўраман. Улардаги битиклар орқали хўрликлару ҳақоратлардан мусибат чеккан беруҳ нигоҳлар оҳини, оналарнинг юракларга тошдек ботгувчи фарёдларини тинглаш, тирик етим қолган болаларнинг кўз ёшларини илғаш мумкин. Зеро, ўша қора кунлар доғи ҳали унча-мунча қалблардан аримаган. Аслида қалби уйғоқларга жодиси бор замон кўргиликларини эшитишнинг ўзи дахшат, кўрганни-ку қўяверинг.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ўз асарлари билан халқимиз қалбидан муқим ўрин олган, ўтган асрнинг долғали кунлари азобини хўб ва кўп тортган Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло Юсуповнинг ҳар бир асари ўқувчилар учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди.
Устоз билан умрининг сўнгги йилларида кўп бор учрашдик, беназир суҳбатларидан баҳраманд бўлдик. У киши, гарчи юз билан юзлашган бўлса-да, қачон борсам, столи усти китоб-журналларга тўла бўлар, доим мутолаа билан шуғулланар, энг қизиғи, бу манбаларнинг барчасини кўзойнаксиз ўқирди. Биз билан эса эмин-эркин суҳбатлашарди.
Ўша гурунглар ҳалиям қулоқларим остида янграйди. Ҳар гал эслаганимда, ўша файзли хонадон, адибнинг Мунаввархон ая билан бирга ўтган бахтли онлари, рус ва қардош халқларнинг забардаст ижодкорлари билан учрашувлари муҳрланган фотосуратлар кўз ўнгимда гавдаланади. Тирик тарих ҳисобланган ёзувчимиз менга оташқалб шоир Устоз Носир шеърларини ўқиб, Расул Ҳамзатов, Римма Казакова, Чингиз Айтматов, Азиз Несин, Ўлжас Сулаймон билан боғлиқ гўзал хотираларини сўзлаб берар, ўзи ҳақида эса, «Менми?.. Мен ҳалиям ўқувчиман!» дерди камтарона оҳангда.
Чиндан ҳам, ҳақ гапни ҳамма вақт айта олган, виждони, халқи олдида юзи ёруғ, бетакрор асарлари билан не-не қалбларни забт этган Шукруллонинг ўз асарлари орқали ҳали бизга айтар гаплари кўп, насиҳатлари мўл эди.
Қуйида у киши билан бўлган ва ёзиб олинган суҳбатлардан бирини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим. Марҳамат, ўқинг:
«Шеърларим, достону романларим менинг таржимаи ҳолимдир. Ҳужжатларда ёзилишича, 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайховандтоҳур даҳасига қарашли Олмазор маҳалласининг Эски Ўрда кўчасида туғилганман.
Отам ҳам, онам ҳам диний ва дунёвий билимлардан бохабар бўлишган. Отам Юсуфхўжа қори эмчи бўлганлар. Йиллар ўтиб, қамалишимга отамнинг ана шу «диндор»лиги ҳам сабаб қилиб кўрсатилган.
Онам Зайнабхон отинойи бўлганлар. Қуръонни ўқиганлар, Фузулий, Навоий асарларини яхши кўрганлар. Маҳалла болаларига сабоқ берганлар. Бошқа отинойилар «алиф, бе, те» деб ёдлатиб ўргатишса, ойим ҳарфларнинг ёзилишини ҳам ўргатардилар. «Болаларимиз саводли бўлишлари керак», дердилар доим.
Бизнинг шажарамиз илмли бўлган. Эшитгандирсиз, холамнинг ўғли Убайдулла Хўжаев миллат номини ҳаётидан азиз қўйган инсон бўлган. Она ҳақида сўзлаш эса ҳамиша мароқли. Ўзгача меҳр-мурувват тўла нигоҳларни эслаш юрагингда болаликнинг ажиб онларини уйғотади. Бу бош нималарни кўрмади, дейсиз.
Адабиётга қизиқишимда ўша паллада гуркираб майдонга чиққан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратларнинг таъсири бўлган, албатта. 1936-1937-йилларда педагогика билим юрти талабаси эдим. Усмон Носир ўша даврнинг энг севикли шоири саналарди. «Юрак», «Меҳрим» каби китоблари ўқувчилар қўлидан, таъриф-тавсифи тиллардан тушмасди. Кейин у бирдан халқ душмани бўлиб қамалди, деган гап тарқалди. Комсомоллар йиғилишида уни лаънатлаб, кимнинг қўлида китоблари бўлса, ёқиб ташлашни таъкидлашди… Замон жуда таҳликали эди. Вақтида биз шоирнинг шеърларини севиб ёдлаганимиз учун ҳам жавоб берганмиз.
Кейин даврнинг силсиласи бизгаям етиб келди. Қамоққа тушганимда ўттизга ҳам кирмагандим. Иккита болам бор, хотиним яна ҳомиладор эди. Бу йўлда мен билан ёнма-ён туриб, қийинчилигимга бардош берган аёлни эсламай ўтсам бўлмас. Мунаввархон жуда сабрли ва ақлли аёл эди. 1951 йилнинг январь ойида уйни махсус кишилар тинтув қилиб, мени олиб кетишгач, суд 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 5 йил деганда айбсиз айбдор бўлиб, «жазони ўтаб» қайтдим.
Ўша кезлар кўрмаган хўрликларим қолмади. Юртдан олисда, инсон зотига, шаънига зид қилмишлар, туҳмат ва ҳақоратлар, алдов ва зўравонликларни кўриб, хаёлимда ғужғон ўйнаган «Мен ноҳақ қамалганимни ортимдагилар, халқим, яқинларим билишармикан, менга ишонишармикан, аёлим шунча йил кутармикин?» деган азобли ўйлар, беадоқ саволлар исканжасида яшадим.
Қамоқдаги хўрликлар бир томон, шум хаёллар бир томон бўлиб юрганимда Мунаввархондан хат олдим. У «Шукрулло ака, ноумид бўлманг, йигирма беш йил ўтади-кетади. Чиққанингизда бор-йўғи эллик тўртда бўласиз. Болаларимиз энди атак-чечак қилаётибди. Қамоқдан чиққанингизда уларнинг уйланадиган, турмушга чиқадиган вақти бўлади. Келишингиз биланоқ тўйлар қиламиз», деб ёзибди денг. Буни қаранг, аёлнинг жасоратини кўринг. Бу қадар ҳаётсеварлик, матонатли, бардошли бўлиш ҳазилакам гапми, қизим.
Мен ноҳақ қамалиб, қанча уқубатлар кўрган бўлсам, аёлимга ҳам гоҳ «халқ душманининг хотини», Ёзувчилар союзидан нажот кутганида, «Йўқол, биз ҳеч қандай Шукруллони танимаймиз!» деган ҳақоратларга чидаш осон бўлмаган. Уч болани очлик, қаҳатчиликдан эсон-омон олиб чиқиш, фарзандларимни мен билан учраштириш учун олиб келганда терговчиларнинг дашномларига чидаш…
Ниҳоят, қамоқдан қайтдим. Бир ўғил ва икки қизни вояга етказдик. Ўғлим Абдуғафур химик, қизларимдан Хуршида шифокор, Умида электрон машиналар инженери бўлди. Учаласи ҳам ўз соҳаси бўйича фан номзоди ҳозир.
Ўтган умримга назар солиб, инсон матонати ҳақида ўйлайман. Синовларда мардона бўлиш, ҳамиша тўғри гапни айтиш ҳаммасидан муҳими аслида».
Наргиза АСАДОВА,
журналист



