Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови ўтказилган эди.
Танловнинг республика босқичида 45 нафар ўқувчи иштирок этиб, 1-ўринга 1 нафар, 2- ва 3-ўринга 2 нафардан – жами 5 нафар иқтидорли ўқувчи лойиқ деб топилганди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси ва Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 18 ноябрдаги қўшма қарорига мувофиқ, ғолибликни қўлга киритган республика босқичи иштирокчилари (1-, 2-, 3-ўрин) 2022-2023 ёки 2023-2024 ўқув йилида республикадаги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, тўлов-шартнома асосида (табақалаштирилган тўлов-контракт бундан мустасно) талабаликка қабул қилинган тақдирда, кўрсатган натижаларига қараб, 4, 3 ва 2 йиллик шартнома маблағлари тўлаб берилиши белгиланган эди. Шунингдек, грант асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда ҳам белгиланган маблағлар танлов ғолибига берилиши кўзда тутилганди.
Мана, бу йилги ўқув йилида 5 нафар ғолибнинг уч нафари умумтаълим мактабидаги ўқишини тамомлаб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Уларга яқинда мукофот пуллари тақдим этилди. (Яна икки нафар иштирокчи айни пайтда умумтаълим мактабининг 11-синфида таҳсил олмоқда. Уларга ваъда қилинган маблағ келгуси йилда топширилади).
Хусусан, танловнинг 2-ўрин соҳибаси Гулферуз Сарибаева Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Филология ва тилларни ўқитиш йўналишига тўлов-контракт асосида қабул қилинган бўлиб, унга 3 йиллик тўлов-контракт маблағлари (стипендияли жами 39 919 500 сўм) тўлаб берилди. 3-ўрин соҳибаси Марварид Рустамова Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Филология ва тилларни ўқитиш йўналишига давлат гранти асосида қабул қилингани боис, унга таълим олаётган йўналишининг 2 йиллик шартнома тўловига тенг (стипендияли жами 26 613 000 сўм) маблағ берилди. 3-ўрин соҳибаси Жасмина Тўраева Чирчиқ давлат педагогика институтининг Махсус педагогика: тифлопедагогика йўналишига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилингани учун таълим олаётган йўналишининг 2 йиллик тўлов-шартнома маблағи (стипендияли жами 25 254 340 сўм) миқдоридаги мукофот пули ота-онаси ва яқинлари даврасида топширилди.
Мукофотланган ёшлар мукофотларни қабул қилиб олар экан, яна бир бора катта хурсандчиликдан мамнуният туйишди. Яқинлари, айниқса, ота-оналарининг қувончини айтмайсизми? Биз уларнинг дил сўзларини ёзиб олдик.
– Қизим танловда ғолиб бўлган куни хурсандчилигимдан кўзларим ёшланганди, – дейди Гулферуз Сарибаеванинг отаси Боранбай Сарсенбаев. – Ўзим оддий ишчиман, шунга қарамасдан, икки ўғлимни ҳам олий маълумотли қилдим. Гулферуз кенжатойим, унинг яхши ўқиши учун оиламизда ҳамма шароитни яратиб беришга ҳаракат қиляпман. Ортиқча маблағим бўлганда китоб олиб келардим, онасига ҳам қизимизни уй ишларига кўмиб қўймасдан, унинг ўқимишли қиз бўлиши учун ҳаракат қилишимиз лозимлигини уқтирардим. Чунки унда ўқиш иштиёқи кучли эди. Мана, яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тўлов шартнома пули тўлаб берилди. Бундан бениҳоя севиндим. Барча оталарга ҳам фарзандининг ортидан суюниб юриш насиб этишини тилайман.
– Мукофотни қабул қилар эканман, Ҳазорасп туманидаги 2-мактабда ўқитган устозларим – Ойгул Бобожонова, Ҳотам Бобожонов ва Барногул Ражабовалар кўз ўнгимдан ўтди, – дейди Марварид Рустамова. – Улар ўз ишининг фидойилари бўлмаганида, менинг шеърларим-у кичик ҳикояларимга эътиборсиз бўлганларида, бугун шу манзилгача етиб келмаган бўлардим. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ва маслаҳатларига амал қилиб, грант асосида ўқишга кирдим. Эндиликда мазкур мукофот пулини қўшимча тилларни ўрганишга, керакли адабиётларни сотиб олишга сарфламоқчиман. Биз ёшларга шундай шароитлар яратиб бераётгани учун, аввало, Президентимизга, қолаверса, Касаба уюшмалари Федерациясига чуқур миннатдорлик билдираман.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»
