Ағдарилган чумоли ва хотинбоз хўроз баъзи теледастурларга ўхшатма

156

Ассалому алайкум! Эфирда бахтсиз ҳодисалар шарҳи билан «Ошқовоқ» информацион дастури. Студияда бошловчилар Майна ЧАЙНАЕВА ҳамда Тўтибой ЛЎТТИБОЕВ.
Дастуримизни дастлаб ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган фожиадан бошлаймиз. Махсус мухбиримиз воқеа жойидан хабар қилади.

МУХБИР: Қишга ғамлаш учун бир дона буғдойни орқасига қараб тортиб кетаётган Чумоли куни кеча соат тахминан 10 лар атрофида тўйимли тушликдан сўнг маза қилиб сигарет чекаётган Айиқнинг орқасига келиб урилган ва мувозанатини йўқотиб ағдарилиб кетган. Шундай катта тўқнашувни Айиқ мутлақо сезмагани боис интервью беришдан бош тортди ва лўнда қилиб «Кўзига қараб юрса ўладими?» деди. Зарб натижасида Чумолининг орқа ўнг оёғи жароҳатланган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Аммо бу ерда баъзи саволлар пайдо бўлади. Хўш, ўрмондаги нуфузли идоранинг бошлиғи бўлмиш Айиқ тушлик таомни ўз пулига олганми ёки бирор шўринг қурғурни қон қақшатганми? Бизнингча, бу саволга жавоб топиш учун хизмат текшируви ўтказиш керак. Яна бир гап. Чумолига биринчи ёрдам кўрсатган шифокор Қўнғизнинг айтишича, унинг жароҳати ўтган йиллардан қолган бўлишиям мумкин. Чунки бунақа ағдарилишлар унинг ҳаётида жуда кўп бўлган. Шунинг учун жониворлардан катталар атрофида орқаси билан юрмасликларини сўраб қоламиз.
Олашақшақ ЎПКАЕВ, Тошбақа ТЎНКАЕВ, «Ошқовоқ» дастури учун махсус.
БОШЛОВЧИ: Дастуримизни яна бир фожеа тафсилоти билан давом эттирамиз. «Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши» дейдилар. Ҳозир шу ҳақда.
МУХБИР: Бугун эрталаб хотинбоз Хўроз ўз жуфти ҳалоли 50 та жўжанинг онаси бўлмиш Макиёнойни ҳақорат қилгани ҳақида шов-шувли хабар тарқалди. Биз зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ўрганишга киришдик. Бизнинг келганимиздан хабардор бўлган мутасаддилар шу заҳоти бирин-кетин атрофда пайдо бўлишди. Қош-кўзларини бўяб, сузилиб турган Оласигирнинг айтишича, Макиёной Хўрознинг қирқинчи хотини экан. У кейинги пайт­ларда эрига мунтазам равишда хиёнат қилиб, уяли телефонда қўшниси Бабақбой билан «сирлашиб» тураркан. Хўроз уларни «шакаргуфторлик» қилаётганда, ётоқда ушлаб олиб, ҳақоратлаган ва қирқ биринчи хотининикига кетиб қолган. Ҳозирда бу воқеа бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хўрознинг талаби билан жўжаларнинг оталигини аниқлаш бўйича ДНК текшируви ҳам тайинланган. Жанжалнинг қандай якун топгани ҳақида кейинги дастурларимизда хабар қиламиз.
Қурбақа ҚУРИЛЛАЕВ, Чигиртка ЧУРИЛЛАЕВ, махсус «Ошқовоқ» дастури учун.
БОШЛОВЧИ: Дастуримизни шу ерда якунлаймиз. Чунки сизни олдинда «Қўшнисига ўхшаган болалар» номли 5000 қисмдан иборат сериал кутиб турибди. Дарвоқе, ушбу сериал бошланганида туғилган болалар бугун оила қуряпти. Саломат бўлинг!
Дастурни ёзиб олувчи:
Ёр МУҲАММАД